1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Маошига қизиқмаган ходим

14:00 / 23.11.2022 1592 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир фақир киши бор эди. У бировнинг қўлида ходим бўлиб ишлар, ўз ишида ихлосли, ишларини пухта, комил қилиб бажаришга уринарди. Шу билан бир қаторда онаси, аёли ва фарзандларининг нафақасини ҳам қилар эди. Бир куни ишга келмай қолди. Раҳбар ўзича: «Маошига бир динор қўшиб берсам ана шунда ишга келса керак. Ҳа, у маошимни оширсинлар деб атайин ишга келмаган, чунки унга эҳтиёжим борлигини билади-да», деб ўйлади. Эртаси куни ходим ишга келганда раҳбари унинг маошига бир динор қўшиб берди. Ишчи ҳеч нарса демади, раҳбаридан қўшимча пулнинг сабабини сўрамади ҳам. Орадан бир муддат вақт ўтиб ишчи яна ишга келмади. Бу сафар раҳбар қаттиқ ғазабланди ва ўзига-ўзи «Қўшиб берган бир диноримни камайтираман» деди-да чиндан ҳам шундай қилди. Бу сафар ҳам ишчи гапирмади, ҳатто маоши нега камайтирилгани ҳақида сўрамади ҳам. Раҳбар ходимининг ўзини тутишидан ажабланиб: «Ойлигингни ошириб берсам нега бу ҳақда сўрамадинг, камайтирганимда қизиқиб ҳам кўрмадинг», деб сўради.
Ходим раҳбарга вазиятни шундай баён қилди: «Биринчи маротаба ишга келмаганимда, Аллоҳ таоло фарзанд неъматини ато қилган эди. Шундан кейин сиз бир динор қўшиб бердингиз. Ўшанда мен: «Бу фарзандимнинг ризқи, ўзи билан бирга келди» дегандим. Иккинчи бор ишга келмаганимда онам вафот этдилар. Сиз ўшанда маошимдан бир динор камайтирдингиз. Мен: «Ўша бир динор онамнинг ризқи эди. У вафот этганда бу ҳам тўхтади» деб ўйладим».
Ходим маошининг кўтарилиши ёки камайишига нега қизиқмаганини англагандирсиз. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига, ризқига қаноат қилиб, унга рози бўладиган қалблар қандай ҳам гўзал. Ҳа, қаноат ва ризо энг улкан неъматлардандир.
Азизлар, қаноат деб аталган фазилатни ўзлаштирайлик. Подшоҳлардек яшамасак ҳам, қаноатимиз борлиги учун ризқ масаласида хавотирга тушмаймиз. Сиз дунё подшоҳларига бир назар солинг, кафандан бошқа яна бирор нарса олиб кетганини кўрдингизми? Шундай фақирлар борки, қаноати сабабли унча-мунча пулдордан бой ҳисобланади, шундай бойлар борки, таъмагирлиги сабабли унча-мунча пули оздан камбағалроқ ҳисобланади. Биз барчамиз тақдирга иймон келтирганмиз. Шундай экан, Аллоҳнинг қазойи қадарига рози бўлсак, У зотга бутун борлиғимиз билан ишониб, раҳмату мағфиратидан умидвор бўлиб яшасак, ризқ, эртанги кундан хавотирланмай яшаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло берган ризқга рози бўлиш Аллоҳнинг ҳузурига олиб борадиган энг катта эшиклардан, обидларнинг истироҳат майдони ва дунёдаги бўстондир. Аллоҳ таоло барчамизга қаноат, берилган ризққа рози бўлиш, дунёга муҳаббат қўймаслик неъматларини ато қилсин.


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 
Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Покистонлик шоир ва ёзувчи Мирзо Адиб .Мисбоҳ, деган китобида қуйидагиларни ёзади1960йиллари Деҳлига ишлагани бордим. Кунлардан бирида автобусдан тушиб, давоми...

3421 09:11 / 24 февраль
Бир давлатнинг раҳбарларидан бири асосий магистрал йўл ўртасига катта харсанг тошни ташлаб қўйди. Унинг ёнида кўз қулоқ бўлиб туриш ҳамда одамларнинг давоми...

2864 10:00 / 25 апрель
Инсон истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг асосий қисми ndash 65 фоизини мева ва сабзавот, шунингдек, ҳар хил дондундан тайёрланган нон ва бўтқалардан иборат бўлиши, 13 давоми...

3306 11:51 / 18 февраль
Ислом жиҳодига чақирувчилардан бири бундай деганди .Шариат ҳукмларини татбиқ этмаслик, умматнинг устига ёғаётган балоларнинг бош сабабчисидир. Мана шу давоми...

1785 15:00 / 01.12.2021