1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сотувдаги янги маҳсулотлар

Ҳадис ва Ҳаёт-20 Анбиёлар қиссаси

05:00 / 02.02.2015 3111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳадис ва Ҳаёт-20 Анбиёлар қиссаси

Аммо афсуслар бўлсинким, вақт ўтиб Қуръон ва Суннатдан узоқлашиш оқибатида бошқа соҳалар қатори бу соҳада ҳам тўғри йўлдан четлашлар содир бўлди. Пайғамбар қиссаларига ноаниқ, баъзида нотўғри маълумотлар аралашди. Ҳаттоки, баъзи тафсир китобларимизга ҳам Бани Исроил ва бошқалар пайғамбар алайҳиссаломлар ҳақларида тўқиган ёлғонлар аралашиб кетди. Ушбу соҳа бўйича кўплаб китоблар ёзилган бўлишига қарамай, мутахассис уламоларнинг таъкидлашларича, уларнинг ичида мақсадга мувофиқ бўлгани оз бўлиб қолди.

Ўз бандаларига раҳим айлаб уларга доимий равишда анбиё ва расуллар юбориб, уларни тўғри йўлга бошлаб турган Аллоҳга, Ўзига муносиб ҳамду санолар бўлсин.
Аллоҳнинг таълимотларини аввал ўзларида татбиқ қилиб, сўнгра ўз умматларига омонат ила етказган набий ва расулларга Аллоҳ таолонинг энг пок саловоту саломлари бўлсин.
Пайғамбарларнинг афзали ва хотами, бандаларнинг шафийъи ва сарвари Муҳаммад мустафога Роббил оламийн томонидан мукаммал ва батамом саловоту дурудлар бўлсин.
Анбиё ва расулларнинг ибратли ҳаётлари ва ўрнакли қиссаларини ўрганиб, баҳс қилиб, сўнгра кишиларга ўргатиб кетган барча уламоларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Азиз китобхон! Сиз муҳтарам пайғамбар алайҳим саломлар Аллоҳнинг Ўз бандалари ичидан танлаб олган мустафо-сараланган ва уларга Ўз таълимотларини ваҳий орқали юбориб, умматларига етказишни топширган маъсум ва аброр бандалари эканлигини яхши биласиз. Шу билан бирга ҳар бир набий ва расулнинг ҳаёти, босиб ўтган йўли, қилган ишлари ҳамма учун ибрат ва ўрнак эканлигини ҳам яхши биласиз.
Шунинг учун ҳам барча халқлар қадимдан пайғамбарларнинг ҳаётлари ва уларнинг қиссаларини ўрганишга алоҳида эътибор бериб келганлар. Аммо уларнинг бу борадаги уринишларига баъзида турли ноаниқликлар, баъзида эса, минг афсуслар бўлсинким, нотўғри маълумотлар ва бўҳтонлар ҳам аралашиб кетган. Кишиларнинг ўзларига қолган ишлар доимо шундоқ бўлади. Инсониятнинг табиати бузилган пайтда бунга ўхшаш ишларни ҳам бузиб юборади. Ўтган умматлар ҳам ўзларининг табиатлари бузилиб, илоҳий таълимотлардан узоқлашган пайтларида ҳатто самовий китобларни ҳам бузишгача бориб етганлар. Бунга аҳли Таврот билан аҳли Инжиллар ёрқин мисол. Улар бу икки илоҳий китобни таҳриф қилганлар, бинобарин, уларга ўзларидан турли нарсаларни қўшиб юборганлар. Жумладан, Аллоҳнинг пайғамбарлари қиссаларига ҳам бўлмағур нарсаларни қўшиб юборганлар.
Уларнинг бу хатокорликлари оқибатида энг соф ва пок ҳаётий йўлнинг соҳиблари бўлмиш пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликларига футур етган ва уларга ўзларига мутлақо муносиб бўлмаган нарсалар нисбат берилган.
Аллоҳнинг абадий мўъжизаси Қуръони Карим келиб бу хатоларни барчасини тузатди. Пайғамбар алайҳиссаломларни ҳамма бўҳтон ва тўҳматлардан поклади. Уларни ўзларига яраша тақдирлади. Шу билан бирга пайғамбарни ўз ўринларидан золимона равишда кўтариб, уларга мос бўлмаган нисбат бериш, баъзида илоҳлик даъвосини қилишлардан ҳам поклади.
Аллоҳнинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида анбиё ва расуллар ҳақидаги ояти карималарни шарҳладилар ва ўзларидан қўшимча баёнотлар киритдилар.
Шундоқ қилиб Қуръони Карим ва Суннати набавия пайғамбар алайҳиссаломларнинг қиссаларининг энг ишончли ва соф манбаларига айланиб қолди. Бу икки пок манба ўтган аҳли китобларнинг бу борадаги хатоларини ҳам тузатди. Бу икки пок манба орқали аввалги самовий китобларга ғаразгўйлар томонидан киритилган бузилишларни ҳам тузатиш имкони вужудга келди.
Аммо афсуслар бўлсинким, вақт ўтиб Қуръон ва Суннатдан узоқлашиш оқибатида бошқа соҳалар қатори бу соҳада ҳам тўғри йўлдан четлашлар содир бўлди. Пайғамбар қиссаларига ноаниқ, баъзида нотўғри маълумотлар аралашди. Ҳаттоки, баъзи тафсир китобларимизга ҳам Бани Исроил ва бошқалар пайғамбар алайҳиссаломлар ҳақларида тўқиган ёлғонлар аралашиб кетди. Ушбу соҳа бўйича кўплаб китоблар ёзилган бўлишига қарамай, мутахассис уламоларнинг таъкидлашларича, уларнинг ичида мақсадга мувофиқ бўлгани оз бўлиб қолди.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, забардаст уламоларимиз бу соҳада ҳам жонбозлик кўрсатдилар. Улар пайғамбарлар ҳаётига тегишли маълумотларни тозалаб улардан нолойиқ ва нотўғри маълумотларни аниқладилар. Кейинроқ баъзилари бу борада Қуръон ва Суннат асосида алоҳида китоблар ҳам ёздилар.
Бизнинг юртларимиз ва тилларимизда турли сабабларга кўра пайғамбарлар қиссаларига оид маълумотлар жуда ҳам оз, бори ҳам «дийдиё» синфига оидлардандир. Ҳаттоки, ривоят, қисса каби асли илмий бўлган истилоҳлар, афсона, асли йўқ каби маъноларда ишлатиладиган бўлиб қолган.
Шунинг учун ҳам падари бузуркворимиз бизларга кичиклик вақтимизда туркий китобларини, айниқса, пайғамбарлар қиссаларини ўқишга изн бермас эдилар. Биз бу соҳадаги дастлабки маълумотларни ул кишининг ўзларидан олганмиз.
Уйимизда бўладиган илмий мажлисларда қиблагоҳимиз пайғамбар алайҳиссаломларнинг, айниқса, Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларини қайта-қайта айтиб берар эдилар. Кейинроқ билсак у кишининг айтадиган қиссалари Қуръони Карим асосида экан.
Мир-араб мадрасасида тафсир илмидан олган илк сабоқларимиз «Сураи Юсуф» тафсири бўлган. Сўзма-сўз, катта эътибор ила ўзлаштирилган бу дарслар кейинчалар бир умр эслаб юрадиган муҳим ҳодисалар қаторидан ўрин олди.
Пайғамбар алайҳиссаломлар қиссалари ҳақидаги изланиш ва ўрганишлар хорижий Ислом ўқув юртида таҳсил олиш даврида ўз изига тушди.
Аввал турли тафсирлар, кейин эса бу соҳа бўйича махсус китоблар ўрганилди.
Бу ўқиб ўрганишлар айниқса «Тафсири Ҳилол»ни ёзиш пайтида ўз фойдасини кўрсатди. Шу билан бирга тафсир ёзиш жараёни пайғамбар алайҳиссаломларнинг қиссаларини фақат ўқиб-ўрганиш эмас, уларни уқиб-яшаш жараёни ҳам бўлди. Аммо бу мавзуъга ҳамма жойда ҳам керакли эътибор йўқлиги мулоҳаза ҳам қилинди.
Аслини олганда эса пайғамбарларнинг қиссалари халқлар тарбиясида ўзига хос муҳим ўрни бор нарсадир. Ана шу эътибордан камина ходимингиз «Тафсири Ҳилол»нинг дастлабки содда жузларини ёзиш жараёнида оятларда зикрлари келган пайғамбар алайҳиссаломларнинг қиссаларини қисқа равишда баён қилишга ўтган эдим. Бу ишнинг аҳамиятини зиёлиларимиз дарҳол англаб етдилар. Ўзбек энсклопедияси бошлиқлари бир неча бор, қайта-қайта мурожаат қилиб пайғамбар қиссаларини мўъжазгина бўлса ҳам, бир китоб қилиб беришни сўрадилар. Ходимингиз ул азизларга иш кўплиги ва вақт йўқлиги туфайли узр айтди.
«Ҳадис ва Ҳаёт» китобини ёзиш жараёнида «Нубувват ва рисолат китоби»га етганда асл матн бўлмиш «Тожул жомеъ лил усул фии аҳадийсир расул» китоби соҳиблари хотимада «Баъзи анбиёлар фазийлатлари ҳақида» сарлавҳаси остида Иброҳим, Мусо, Ийсо, Юнус, Закариё ва Айюб алайҳиссаломлар ҳақида қисқача маълумотлар кетирганларини кўрдим.
Албатта, бу етарли эмас эди. Шунинг учун оз деганда Қуръони Каримда зикрлари келган пайғамбар алайҳиссаломлар ҳақида маълумот бўлиши керак деган қарорга келинди. Бунинг учун етарли манбалар ҳам топилди.
Қуръони Карим ва Суннати Набавия асосида мазкур манбалардан фойдаланган ҳолда, уларнинг илғор тажрибаларини ўзлаштира бориб, ўз халқимизга оид хусусиятлардан келиб чиқиб, Аллло таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу борада бутун бошли бир китоб қилишга киришилди. Бу масъулиятли ва камторона ишимизда Алийму Хабир бўлган Зотнинг Ўзи мададкор бўлсин.
Бу соҳадаги бошқа китоблардан фарқли ўлароқ анбиё алайҳиссаломларнинг қиссалар Қуръони карим услуби ва иборалари ила бўлишига иложи борича ҳаракат қилинди.
Муҳтарам китобхон! Сиз жанобингизга ўзинигиз ўқийдиган келажак сатрларнинг аҳамияти ҳақида алоҳида таъкидлашнинг зарурати йўқ. Чунки бу сатрларда Аллоҳ таолонинг бандаларининг зубдаси бўлмиш, илоҳий ҳидоят юлдузлари бўлмиш, ер юзида қадимдан иймон йўлидаги машаққатли курашнинг етакчилари бўлмиш маъсум зотлар-анбиёуллоҳлар қиссалари баён этилиши маълум. Сиз азизлардан қиладиган ражоимиз ушбу ўқилажак нарсалардан тўғри ибрат олиш ва уларни бошқаларга ҳам етказишдир.
Ушбу сатрларни ўқиш давомида бирор яхшилик ва мафаат топсангиз Аллоҳ таолодан, камчилик ва нуқсон топсангиз камина ходимингиздан деб билгайсиз.

    Сизга камоли эҳтиром ила
    Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
quotОлтин силсилаquot китобининг 2жузи сотувга чиқдиБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ. Алҳамдулиллаҳ, .Олтин силсила, мажмуасининг иккинчи жузи ҳам китобхонларимизга давоми...

2997 05:00 / 02.02.2015
quotТафсири Ҳилолquot китобиШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб олти жилдлик .Тафсири Ҳилол, Москва шахридаги Ҳилолrdquo Нашриёт уйи давоми...

11459 05:00 / 02.02.2015
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг .Бахтиёр оила, деб номланган китоблари.Ушбу китоб Ислом динининг оилавий муносабатларга оид аҳкомларининг кенг давоми...

2232 10:40 / 20.06.2019
quotЗикр аҳлидан сўрангquot 116сони.Зикр аҳлидан сўранг, ойномасининг навбатдаги 116сони босмадан чиқди. Одатдагидек, ушбу китобчада Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давоми...

3218 05:00 / 02.02.2015
Аудиолар

120078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41743 14:35 / 11.08.2021