1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Икромжон қори

15:42 / 09.11.2022 977 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Икромжон қори 1912 йил Наманган шаҳри Чуқур кўча даҳаси собиқ Авлиё домла маҳалласи (ҳозирги «Жийдакапа» кўчаси)да савдогар хонадонида дунёга келди. Бобоси мулла Аҳмаджон қори шариат аҳкомларини маҳкам тутган ибодатли ва парҳезкор кишилардан бўлган.

Қиблагоҳи Охунжон ота ва волидаи муҳтарамаси Оширбиби (1880-1962) ойимлар фарзандлари Исҳоқжон (1909-1943), Икромжон (1912-1998) ва Муҳаммаджон (1936-1994)ларни ўқимишли, одоб-ахлоқли қилиб вояга етказдилар. Илмга, Қуръонга муҳаббат қўйган Икромжон дастлабки диний таълимни оила муҳитида бобосидан ўргана бошлади. Кейинчалик, акаси Исҳоқжон билан «Хўжа Амин» мадрасасида таълим олишни давом эттирди. Ушбу даргоҳни тамомлагач, икковлон замонасининг забардаст олими Ҳасанхон (1904-1993) тўрадан таълим олиб ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишдилар.

Икромжон қори илм олиш билан бир қаторда касб-кор қилдилар. Аввалига «Сумалак» гузари мавзесидан ер сотиб олиб, ҳовли-жой қурдилар. Сўнгра уста новвойга шогирд тушиб, ўз касбининг моҳири бўлдилар.

Одилжон ака оталари Икромжон қоридан эшитганларини шундай хотирлайдилар: «Адашмасам, 1927-28 йиллари бўлса керак, Рамазон ойида акам Исҳоқжон раҳматли билан илк маротаба масжид хонақоҳида таровеҳ намозида, Қуръон хатмига имомликка ўтгандик. Хатмонанинг сўнги куни эса масжидда, тонггача тасбеҳу таҳлил ва амри маъруф бўлди. Ўша куни саҳарлик таоми тортилгач, бир пайт мажлис аҳли томонидан бизга тиловат қилиб бериш таклифи тушди. «Ар-Роҳман» сурасидан маълум бир оятигача акам ўқиди, келган жойидан эса мен давом эттирдим, «Фабиаййи аалааааи Роббикумаа туказзибаан» оятига келганида икковлон жўр бўлиб, баралла овоз билан қироат қилиб, сурани охиригача ўқидик. Тиловат сўнгида жамоат томонидан соҳиби меҳмон ва хизмат қилганлар, ҳамда элу юрт ҳаққига дуо қилинди. Сўнгида: «Қориларимизнинг ота-онасини Аллоҳ раҳматига олсин», дея дуо қилдилар. Бундан таажжубланиб, хатмонага келган падари бузрукворимдан: Отажон эшитдингизми нима дейишганини? Ахир, ҳаётсизку?», — дедим. Охунжон дадам кўзида ёш билан: «Болажоним! Тириклик чоғимда мўминлар томонидан «Аллоҳ раҳматига олсин» деган дуони эшитиб олдим. Шунинг ўзи ҳам катта бахт деганларини кўп бора эслаб, айтиб берардилар отам раҳматли».

Шу орада иккинчи жаҳон уруши бошланиб, жуда кўплаб юртдошларимиз, диндошларимиз фронтга жўнатилди. Дарҳақиқат, урушда мардонавор курашган ўзбеклар Украина, Белоруссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, марказий ва жанубий-шарқий Европадаги жангларда фаол қатнашиб, хатто Берлингача бордилар.[1]

Икромжон қори ҳам 1941-йил январь ойида урушга кетдилар. Қори домла жангоҳларда ҳам тоат-ибодатга мустаҳкам бўлиб, доимо ҳамёнларида кичик Мусҳафни олиб юриб, такрор қилар, Яратгандан эса ўз юртларига эсон-омон қайтишни сўраб дуо қилар эканлар. Шу тариқа 1944 йили қори домла юра олмайдиган даражада ногирон бўлиб, уруш тамғаси билан юртга қайтдилар. Бироқ, жисмларининг бир неча ерида портловчи модда парчалари (осколкалар) жой олганди. Қолаверса, ўнг оёқ болдирдан ва тизза бўғинларидан оғир жароҳат олган эдилар. Икром қори узоқ йил урушдан қолган асоратлардан дард чекдилар. Ниҳоят, истиқлол йилларига яқин Аллоҳнинг марҳамати билан Намангандаги шифохонада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг қори домла бир мунча соғайиб, жароҳатлардан халос бўлдилар.

«Икромжон қори узоқ йиллар «Сумалак» гузари мавзесидаги маҳаллий масжидда имом бўлиб фаолият кўрсатдилар. Мустабид тузуми даврида диний илм бериш қийин бўлган пайтларда ҳам қори домла зиё тарқатишдан тўхтамай, қўни-қўшни-ю ёру биродарларига Қуръони Каримдан таълим бериб, ёшларни иймон-эътиқодли, одоб-аҳлоқли бўлишида камарбаста бўлдилар. Шунингдек, маҳалламиз аҳлининг яхши-ёмон кунларида ёнида туриб маслаҳатгўй бўлдилар», дея эслашади маҳалла нуронийлари».

Ҳазрат Икромжон қори домланинг набиралари Фозилхон: «Бобом раҳматли Қуръон ва Суннатни маҳкам тутган, камтар, самимий ва ҳалим киши бўлганлар. Доимо бошларида салла, эгниларида узун яхтак ва чакмон, оёқларида эса маҳси-кавуш бўларди», дея эслайди.

Ҳазрат Икромжон қори домла ҳар куни Қуръондан маълум жузни ўқиб, такрорлаб, сўнгра ёстиққа бош қўяр эканлар. Асосан олти кунлик хатмона қилган эканлар. Масалан: шанба куни бошлаган Қуръон хатмини, пайшанба кунигача тугаллаганлар. Яъни, «Фами»[2] қоидасига амал қилганлар. Бундан ташқари, «Далоилул хойрот» асарини мутолаа қилиб, кунлик саловат айтишни ҳам қолдирмаганлар. Ушбу вирдларни у зот то вафотларигача тарк этмадилар. Ҳозирги кунда қори домла фойдаланган Қуръони Карим, «Далоил ул-хойрот», «Мухтасар ул-виқоя», «Кофия» каби бошқа нодир китоблар авлодлари хонадонида асраб авайлаб келинмоқда.

Икромжон қори Охунжон ота ўғиллари 1998 йили бу ёруғ оламни тарк этдилар. У кишининг кетар чоғидаги охирги сўзлари уйнинг деразаси томонга қараб, жон олувчи фаришталарга келинглар, келинглар дея айтган гаплари, шаҳодат калималари ва Аллоҳ, Аллоҳ деган лафзлари бўлди. У зоти шарифни шаҳарнинг эски, катта қабристони «Мавлавий» мозорига дафн қилинди.

Ҳазрат қори домла Мулла Муҳаммад Ғозийнинг қизлари Фотимахон (1920-2020) ойим билан турмуш қуриб, Ҳакимжон (1942-2020), Одилжон (1955), Ҳафизахон (1953), Латифахон (1960) исмли фарзандларни вояга етказдилар. Бугунги кунда ҳазрат қори домланинг фарзандлари, набира-абиралари аҳли илм, аҳли Қуръонлар бўлиб юртимиз, динимиз ривожига беназир ҳисса қўшиб келишмоқда. Аллоҳ ўтганларимизни раҳматига олсин. Омин!

Ушбу маълумотларни Икромжон қори ўғиллари (марҳум) Ҳакимжон, Одилжон ҳожи акалар билан суҳбат чоғида ёзиб олинган.

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] Ҳ. Зиёев. Иккинчи жаҳон уруши. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси.№25. 2003 йил.

[2] فمي بشوق

Шанба Фотиҳа сураси.

Якшанба Моида сураси.

Душанба Юнус сураси.

Сешанба Бани Исроил сураси.

Чоршанба Шуъаро сураси.

Пайшанба Ва-Саооффаати сураси.

Жума Қоф Сурасидан Ан-Нос сурасигача.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али Абдуллоҳ ибн Мусо Байҳақий алХусравжирдий 384 сана Шаъбон ойида тавваллуд топдилар. Ҳофиз, Шофеъий мазҳабининг фақиҳи, ҳар хил илмларнинг давоми...

3971 21:59 / 27.04.2017
...Аллоҳ таъоло илм аҳлидан ҳеч нарсани яширмасдан, одамларга гапириб беришлари хусусида аҳду паймон олган. Шунинг учун ҳар бир саҳиҳ, Аллоҳдан қўрқадиган тақводор давоми...

3837 21:56 / 27.04.2017
Иброҳим махдум Мулла Иброҳим махдум 1898 йили Наманганнинг сўлим гўшаларидан бири Шўркент қишлоғида дунёга келдилар. Падари бузрукворлари мулла Мухаммад Солиҳ давоми...

1649 14:00 / 14.07.2022
Тўлиқ исми шарифи ndash Нуриддин Алий ибн Султон Муҳаммад алҲаровий алМаккий алҳанафий, алҚори номи билан танилган.Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи қироат давоми...

4414 22:00 / 27.04.2017
Аудиолар

120393 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7045 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42020 14:35 / 11.08.2021