1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Рисолаи Муҳаммадиядаги раҳматнинг сон ва сифат жиҳатидан қиймати

16:26 / 22.10.2022 1677 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир нарсани тақдирлаш ва уни ўзига муносиб жойга қўйишнинг икки хил ўлчови бўлади.

Биринчиси – сон жиҳатидан ўлчов.

Иккинчиси – сифат жиҳатидан ўлчов.

Ушбу Қуръоний эълон мазкур икки ўлчовнинг икки томонини ҳам ўз ичига олган. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ва улуғ шахсиятлари, олиймақом ва бардавом таълимотлари инсониятга янгича ҳаёт ва фаолият бахш этди.

Бу нарсалар инсониятнинг дарду аламларидан шифо топишига, муаммоларининг ҳал бўлишига, ғам-ғуссаларининг тугашига ва қақраб ётган майдонига раҳмат, барака, бахт, саодат, хайрот ва нажот ёмғирининг ёғишига бевосита сабаб бўлди. Ушбу бебаҳо Муҳаммадий атолар ўзининг кенглиги, кўплиги, ҳажми, сони, манфаати, фойдаси, жавҳари ва сифати жиҳатидан беназирдир.

«Раҳмат» сўзи кундалик ҳаётимизда кўп ишлатиладиган сўздир. Инсонга наф ва роҳат етказадиган ҳар бир нарсага раҳмат деса бўлади. Раҳматнинг турлари, навлари, даражалари ва мартабаларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Биримиз иссиқ кунда чанқаган биродаримизга сув тутамиз. Мусофир ва ғарибга йўл кўрсатамиз. Ёзнинг иссиқ кунида уни елпиб қўямиз. Она боласига меҳр кўрсатади. Ота фарзандига тарбия беради, илм ўргатади ва ҳаёт учун зарур нарсалар билан таъминлайди. Мударрис ўз шогирдларига дарс беради ва уларга ўзидаги илмларни тақдим этади. Очга таом бериш, меҳмонни зиёфат қилиш, яланғочга кийим бериш ҳам шунга ўхшашдир. Буларнинг барчаси умумий раҳматнинг кўринишларидан бир кўриниш, унинг алвон рангларидан бир рангдир. Бу бизнинг тақдирлашимизга, ҳурматимизга ва ташаккуримизга лойиқдир.

Аммо раҳматнинг энг улкан кўринишларидан бири бизлардан бирортамизнинг ўз биродарини ўлим чангалидан қутқариб қолишидир. Бир бегуноҳ мурғак гўдакнинг жони чиқай деб турганини кўрмоқдамиз. У ўзининг охирги нафасини олмоқда. Онаси унинг ёнида йиғлаб турибди. Унинг назарида дунё қоронғи. Жигаргўшаси, маҳбуби ва меҳрдийдасидан умиди узилган. Ота бўлса ўзини қўярга жой топа олмай типирчилайди. Бирор дам солувчи, далда берувчи топа олмай хуноб.

Шунда, худди осмондан фаришта тушгандек, ҳозиқ табиб пайдо бўлади ва: «Шошманг! Ташвишланишга ўрин йўқ, ноумид бўлманг!» дейди. Гўдакнинг оғзига табиб бир неча қатра дори томизиши билан у кўзини очиб, ҳаракатга тушади. Тасаввур қилинг-а, бу табибни Аллоҳ ушбу гўдакни қутқариш учун, уни ҳаётга қайтариш учун юборган раҳмат фариштаси деса бўлмайдими?

Мана шу жойда аввал санаб ўтган раҳматларимизнинг барчаси чиппакка чиқади ва ушбу раҳматнинг ажойиб кўриниши олдида эриб кетади. Албатта, у фақат гўдаккагина эмас, балки унинг бутун оиласига раҳматдир.

Ҳассасига суяниб кетаётган кўзи ожиз кишининг чуқур ўранинг лабига ёки жар ёқасига бориб қолганини кўрамиз. Унинг келгуси қадами ўлим томон босиладиган қадам бўлиши мумкин. Шунда Аллоҳнинг бандаларидан бири тезлик билан бориб, уни чуқурга қулашдан сақлаб қолади. Уни раҳмат фариштаси десак бўлмайдими?

Мана бу гўзал, ёш йигитни қаранг. Ота-онасининг кўз қорачиғи, фақир оиланинг боқувчиси тезоқар дарёга чўкмоқда. Сувдан чиқишга ҳаракат қилмоқда. Аммо иложи йўқ. Бир одам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, сувга сакради-да, уни нажот соҳилига олиб чиқди. Ҳалиги йигитнинг отаси ёки акалари уни бошларига кўтариб, меҳр ила қучоқларига босадилар. Умр бўйи унинг ўз оилаларига қилган яхшилигини унутмайдилар. Айтинг-чи, раҳматнинг аввалги кўринишлари ушбу улуғ ва қимматли раҳматга тенг кела оладими?

«Ислом тарихи» биринчи китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одам болалари орасидаги тенгликнинг бузулишига сабаб бўладиган нарсалардан бири, баъзи кишиларни ўз насаблари, отабоболари, онамомоларининг ўтмиши ила давоми...

7826 05:00 / 11.03.2017
Хоразм қозиси, муҳаддиси, ҳофиз Абдуллоҳ ибн Убай Хоразмий.Илм талабида юрт кезганлар.Аҳмад ибн Юнус Ярбувъий, Саъид ибн Мансур, Сулаймон ибн Абдурраҳмон, Исҳоқ давоми...

2258 16:10 / 02.04.2019
ИСЛОМНИНГ ҲИНДИСТОНГА КИРИБ КЕЛИШИ. Бу мамлакатга Исломнинг ёйилиш тарихи тўғрисида III бобда сўз юритилган эди. Синдлик рожа Даҳир VII аср охирида арабларнинг давоми...

4749 05:00 / 24.02.2017
Аммо ҳамма мусулмонлар ҳам ҳимоя остида эмас эдилар. Айниқса заифҳол мусулмонлар ўта ҳимоясиз эдилар. Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган давоми...

4712 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021