1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Рисолат ва диёнатлар тарихидаги беназир эълон

17:00 / 05.09.2022 2033 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», дейди (Анбиё сураси, 107-оят).

Бу ўзига хос тенги йўқ эълон ўзига хос мангу китобда – Аллоҳ таоло унинг барча замон ва маконларда тиловат қилинишини ирода қилган Китобда келмишдир. Унинг ўқувчилари миллиард-миллиарддир. У Зот бу ҳақда: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва албатта Биз уни муҳофаза қилурмиз», демишдир (Ҳижр сураси, 9-оят).

Албатта, бу эълоннинг кенглиги ва замон ҳамда макон жиҳатидан кўламининг катталиги унга фавқулодда аҳамият касб эттиради. Ҳар бир онгли инсон унинг олдидан эътиборсиз ўтиб кета олмайди. Унинг замонга боғлиқ кўлами рисолаи Муҳаммадиядан кейинги барча замонлар ва тарихий босқичларни ўз ичига олади. Унинг маконга боғлиқ кўлами эса бутун дунёни ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Биз сени Арабистон яриморолига раҳмат қилиб юбордик» дегани йўқ. Ёки шарққа, ғарбга ёхуд бирор қитъага, масалан, Осиёга дегани йўқ. Балки У Зот: «Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик», деди.

Ҳақиқатда, ушбу эълоннинг кенглиги, шомиллиги, улуғворлиги, олиймақомлиги, бардавомлиги ва абадийлиги – буларнинг ҳаммаси дунё тарихчилари, файласуфлари, доҳийлари ва оқилларининг унинг қаршисида ҳайрону лол қолишларини тақозо қилади. Балки инсоннинг фикри батамом ҳайрону лол бўлиб, бу масалага бир муддат бутун диққатини жамлаб, ушбу эълоннинг ҳақлиги, ушбу воқеликнинг тўғрилиги ҳақида тўхталмоғи лозим, чунки биз динлар ва фирқалар тарихида, цивилизациялар ва фалсафалар тарихида, ислоҳий ҳаракатлар ва инқилобий уринишлар тарихида, балки бутун олам тарихида ҳамда бутун бошли инсоният кутубхонасида ушбу барча борлиқни, барча башарият авлодларини, барча тарихий босқичларни қамраб олган эълонни учратмаймиз. Ҳаттоки бизгача етиб келган ўтган анбиёлар таълимотларининг хулосаси, уларнинг сийратлари ва ҳолларининг мағизи ҳам бу эълонга ўхшаш нарсани мутлақо кўрмаган.

Яҳудийлик қадимги ва машҳур диёнатдир. У Аллоҳга Бану Исроилнинг робби, илоҳи сифатида қарайди. Яҳудийларнинг Қадимги Аҳд саҳифалари ва диний китоблари Аллоҳни оламларнинг Робби, бутун борлиқнинг Робби деб зикр қилишдан холидир. Шунинг учун ҳам уларнинг Мусо, Ҳорун, Довуд ва Сулаймон каби анбиёларидан бирор набийнинг сийратидан бунга ўхшаш эълонни ахтариш беҳуда ва вақтни зое қилишдан бошқа нарса эмас.

Бу диёнат ўзининг ҳеч бир босқичида ҳеч бир инсон авлодига ирқчиликсиз раҳмат ва тенглик рисоласи бўлган эмас. Бу диёнатга ҳеч қачон Бану Исроилдан бошқалар чақирилмаган ҳам.

Ўзининг бағрикенглиги, даъватга ҳирси ва инсониятга меҳри билан машҳур бўлган насронийлик эса Янги Аҳдда (Инжилларда) Масиҳнинг тилидан айтишича, Бану Исроилнинг адашган қўйларининг ҳузурига келган экан (Матто Инжили, 15:24)

У зот Бану Исроилга насаб ёки қариндошлик алоқаси ила боғланмайдиган баъзи беморларни кўрганида узр айтиб «Мен болаларнинг нонини итларга берадиган киши эмасман», деган эканлар (Матто Инжили, 15:26).

Шарқий ва осиёвий диёнатлар эса юқорида зикр қилинганлардан фарқ қилмайди. Балки улар олдинги диёнатлардан насаб ва сулолани муқаддаслаштиришда ҳамда одамларни турли табақаларга золимона тақсимлашда ўзиб кетадилар. Улар бу масалада юмшоқлик ёки муросани билмайдилар.

Ҳинд жамиятида паст табақадагилар барча ҳурмат, шараф, тенглик ва энг оддий инсоний ҳуқуқлардан ҳам маҳрум эдилар. Улар учун илм олиш, таълим бериш ва руҳий юксакликларни орзу қилиш мумкин эмас.

«Веда»ни ўрганиш, қурбонлик қилиш, олиҳалар ва бутларга назр қилиш фақатгина браҳманларга хос бўлган. «Веда» китобларига караш ва уларни ўрганиш кшатрий ва вайш тоифаларининг ҳаққидир.

«Манушастр»да айтилишича, паст табақадагилар фақат бир мақсад учун – юқорида зикр этилган уч табақага хизмат қилиш учунгина яратилганлар, холос.

Қадимги Ҳинд аҳли Ҳимолай тоғлари ортидаги дунёни билмас эдилар. Уларнинг хорижий олам билан, бошқа халқлар билан алоқалари йўқ эди. Уларнинг бу нарсага рағбатлари ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам уларнинг ичидан бирор набий, валий ёки ислоҳотчидан мазкур эълонга ўхшаш нарсани кутиш беҳуда ва вақтни зое қилишдан иборатдир.

Дарҳақиқат, Роббул оламийн – оламларнинг Робби деган ақийдага эга бўлмаган диёнатдан оламларга раҳмат бўладиган пайғамбарни излашнинг ўзи ақлга сиғмайдиган ишдир.

«Ислом тарихи» биринчи китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
МУСУЛМОН ИСПАНИЯСИДАГИ ИШЛАР АҲВОЛИ. Ватанида одамларни қиличдан ўтказиб, ўзларига йўл очган аббосийлар қисқа муддатда давлат тепасида мустаҳкам ўрнашиб давоми...

7567 05:00 / 24.02.2017
Шунча қилинган жидду жаҳдлардан сўнг ҳам Иброҳим алайҳиссаломга у зотнинг жуфти ҳалоллари Сора онамиз ва акалари Ҳороннинг ўғли Лутдан бошқа ҳеч ким иймон давоми...

4516 16:20 / 03.02.2019
ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси милодий 610 йил, августОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

2940 10:30 / 26.11.2019
Ислом дини жорий этила бошлаган дастshyлабки пайтда яҳудийлар Ясриб Мадина шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фадак ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилишар давоми...

2656 15:00 / 05.01.2021
Аудиолар

213382 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132601 14:35 / 11.08.2021