1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Тушимда Расулуллоҳ алайҳиссаломга таржимонлик қилибман...

17:00 / 29.08.2022 2214 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Бир талабанинг сўзлаганлари)

Оиламизда, эсимни танибманки, китоб ўқилади. Ҳамма адабиётга меҳр қўйган. Янги, фойдали китоб нашрдан чиқса, албатта сотиб оламиз, қўлма-қўл қилиб ўқиб чиқамиз. Ўзаро муҳокама қиламиз, қизиқарли жойларини айтиб берамиз. Шукрким, оила аъзоларим, ота-онам Аллоҳнинг фарзларини самимият билан, ҳузурла адо этишади. Шуларнинг таъсири, ота-онамнинг тарбияси остида ёшлигимданоқ араб тилига қизиқдим. Бир неча йил давомида араб тилини нодавлат таълим муассасасида, сўнгра эса хос устозлардан ўргандим. Кучли қизиқишим сабаб, хорижлик араб меҳмонларга, сайёҳларга таржимонлик, гидлик қилдим.

Мақсадим, ўзим муҳаббат қўйган Ислом тили, Қуръон тилини яхши ўзлаштириш. Араб тилини сарф, наҳв каби қоидалари билан маълум даражада ўзлаштирганимдан сўнг, бошланғич диний илмларни ўргана бошладим. Тажвидни устоз билан ўргангач, Қуръони Каримнинг кичик, маълум сураларини ёдлай бошладим. Шу билан бирга араб тилига грамматикасига оид илмларни ҳам давом эттирдим.

Шу вақтдан бошлаб қайси шаръий, диний илмларни чуқурроқ ўргансам экан, қайси фанлар бўйича мутахассис бўлсам экан, дея ўйлай бошладим. Ақида илмига оид китоб ўқисам, ақида бўйича мутахассис бўлгим келарди, фиқҳ илмидан ўқисам фиқҳдан, ҳадисдан ўқисам ҳадисдан, тарих ёки бошқа қайси фанни ўқисам, ўша фандан мутахассис бўлишни хоҳлаб қолардим.

Лекин, барчасини бирданига жамлаб ўрганиш анча мушкул эканини, бу учун узоқ вақт ва давомий суратда ҳамда сабр ва ирода билан устозлар қўл остида ўрганиш лозимлигини билардим. Ушбу диний илмлардан бирини танлагим келарди-ю, бир тўхтамга кела олмай юрардим. Аллоҳим тўғри йўл кўрсатишини сўраб кўп дуолар қилдим, истихоралар қилдим. Лекин бирон-бир ишора бўлмади. Ўқишда давом этавердим, истихоралар бир замон унутилди.

Бир куни дарс қилиб, ишлаб ўтирсам, бир танишим қўнғироқ қилиб учрашмоқчи экани ва зарур иши борлигини айтиб қолди. Одатда бу танишимнинг менда зарур иши бўлмасди. Сабабини сўрасам, хотиржам оҳангда, «иншаалоҳ, яхши гап. Хавотир олма» деди.

Кечқурун у ёнимга келди ва ҳикоясини бошлади. Танишим тўлиб-тошиб, кучли ҳаяжон билан сўзларди: «Интернет сайтлари орқали уламоларимиз томонидан ўтиладиган сийрат дарсларини эшитиб юраман. Анчадан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилларини ўрганишга жуда қизиқаман. Кеча туш кўрибман. Тушимда, уйимизнинг эшиги тақиллади, бориб очсам...

Ишонасанми, не кўз билан кўрайки, эшик олдида...

Саййидимиз, ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турардилар...

Ҳамроҳлари эса ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳумлар эди... Ҳайратдан, қувончдан қотиб қолдим... Тилим бирон сўзга айланмасди.... Бир пайт улар менга қараб сўзлай бошлашди...

Лекин не ҳасратки, уларни гапларига умуман тушунмасдим, нималар дейишаётганини англамасдим... Ўзимдан жуда хафа бўлиб кетдим...

Шунда негадир сен эсимга тушиб қолдинг. Араб тилини анча-мунча билишинг ёдимга келди. Чақиргандим, дарров қаердандир етиб келдинг ва Расулуллоҳ ҳамда у зотнинг икки буюк саҳобалари билан ўртамизда таржимонлик қила бошладинг. Уларнинг ҳар бир сўзларини таржима қилиб, тушунтириб бериб турдинг. Узоқ суҳбатлашдик, сўнгра уйғониб кетдим. Шуларни сенга айтгани келдим ука», деди менга.

Тўғриси, танишимнинг ҳис-ҳаяжон билан берилиб айтган ҳикоясидан гангиб қолдим. Сўзлари мени ларзага солди. Ё Аллоҳ, Ё Карим... Бу қандай ишора экан?!!! Тушда бўлсада, Расулуллоҳга таржимон бўлиш, сўзларини эшитиб таржима қилиб, тушунтириб бериш... Ахир бу саодатку, ахир бу фазл, марҳаматку... Мен ким бўлибманки, ул зоти шарифга таржимонлик қилсам... Кўзимдан ёшлар қуйиларди...

Шунда, анча вақт олдин Аллоҳга қилган дуоларим, сўраган хайр ва истихораларим эсимга тушди. Иншааллоҳ, бу менга бир ишора деб ўйладим. Аллоҳ тавфиқ берса, Қуръон илмлар, ҳадиси шариф илмларини пухта эгаллайман, ўрганаман. Унинг Каломи, Расулининг ҳадисларини инсонларга тушунтириб шарҳлаб етказиб бераман. Ҳаётга татбиқ қилишларига, уларга амал қилиб яшашларига ёрдам бераман ҳамда уларга ўрнак бўлишга жидду жаҳд қиламан, дея узоқ дуолар қилдим.

Буларни сўзлаб беришдан мақсадим асло мақтаниш, мағрурланиш эмас. Англаганим шу бўлдики, сўровга ижобат бўлавермаса ёки кечикса, бу унинг жавоби йўқлигидан эмас, шунчаки ҳали ижобат вақти келмаганидан экан. Биз фақат табиатимизга кўра шошиб кетарканмиз холос. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ барчамизни Ўзининг ҳидоятида бардавом қилсин, икки дунёимизга фойдали илмларни эгаллашга тавфиқ берсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади…».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

 

Салоҳиддин Абдураззоқовнинг сўзларини

Бобур Аҳмад қоғозга туширди.

29.08.2022.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анасдан ривоят қилинади.Бир яҳудий аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини олиб келди. Ул зот ўшандан едилар. Ҳалиги аёл тутиб келтирилди. давоми...

4498 05:00 / 06.03.2017
Бутун дунё мусулмон уламолар кенгашининг ёш болаларни шол бўлишига қарши эмлаш ҳақидаги баённомаси.Аллоҳга ҳамд, унинг росули, оиласи ҳамда саҳобаларига давоми...

4049 05:00 / 01.03.2017
Билинг Бошқаларнинг ёрдамидан фойдаланиш чиндан ҳам диний ва дунёвий мақсадлардандир. Бу фақат одамларга аралашиш орқали ҳосил бўлади. Аралашишнинг фойдалари давоми...

4873 05:00 / 03.03.2017
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқадиган бўлсалар, .Бисмиллаҳи, таваккалту алаллоҳи, Аллоҳумма, иннаа давоми...

57279 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

211034 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130294 14:35 / 11.08.2021