1444 йил 29 сафар | 2022 йил 25 сентябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Кадр ортидаги хизмат

17:00 / 20 август 4343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир кичик қишлоқда кекса тикувчи яшар эди. У жуда чиройли либослар тикар ва қиммат нархда сотар эди. Бир куни ҳамқишлоқларидан бўлган фақир киши тикувчининг олдига келиб: «Сиз бу ҳунарингиз ортидан кўп пул топасиз. Нега қишлоқдаги фақирларга ёрдам бермайсиз? Анави қассобни қаранг, пули кўп бўлмаса ҳам ҳар куни фақирларга текинга гўшт беради», деди.

Тикувчи индамай табассум қилди-да, фақирнинг сўзларига эътибор бермади. Фақир киши тикувчининг олдидан кайфияти бузилган ҳолда чиқиб: «Тикувчи бой, лекин бахил», деган гап тарқатди. Одамлар тикувчига турли маломат тошларини отдилар. Орадан бироз вақт ўтиб, тикувчи касал бўлиб қолди. Ҳамқишлоқларидан ҳеч ким уни кўргани келмади, натижада у ёлғиз ҳолда вафот этди.

Бир неча кунлар ўтгач, қишлоқ аҳли қассобнинг фақирларга текинга гўшт тарқатмай қўйганини пайқаб қолдилар. Ундан бунинг сабабини сўрашганда қассоб: «Фақирларга гўшт бериб туришим учун кекса тикувчи менга ҳар ой пул бериб турар эди. У вафот этгач, пул келиши ҳам тўхтади», деб жавоб берди.

Хулоса

Баъзида айрим одамлар сиз ҳақингизда ёмон гумонда бўлишади. Бошқалар эса сизни пок инсон деб ўйлашади. Уларнинг ёмон гумони сизга зарар бермаганидек, буларнинг яхши гумони сизга фойда бермайди. Муҳими, сизнинг қандай эканлингизни Аллоҳ таоло билиб турибди ва ўзингиз ҳам оз-моз ҳис қилиб турибсиз. Шунинг учун ҳаётдаги асосий мақсадингиз, фикру зикрингиз Аллоҳ таолони рози қилиш бўлсин. Ҳеч кимга ташқи кўринишига қараб ҳукм чиқарманг. Унинг ҳаётида сизга маълум бўлмаган ишлар бўлиши мумкин. Агар сиз ўша махфий ишларни ҳам билганингизда, у одам ҳақида фикрингиз ўзгарган бўлар эди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир», деб марҳамат қилган. (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда. Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам:

«Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» – дейиляпти.

Аллоҳ таоло бошқа оятда:

إِن تُبْدُواْ الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِن تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاء فَهُوَ خَيْرٌ لُّكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنكُم مِّن سَيِّئَاتِكُمْ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», дея марҳамат қилган (Бақара сураси, 271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» – дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни, садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини орттиради.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс туйғуларини йўқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин экани кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучлидир.

Фойдаланилган манбалар:

«Тафсири Ҳилол»

«Ҳар куни сизни қизиқтирадиган маълумот» саҳифаси

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Унинг турмуш ўртоғи 2016 йил вафот этгач, она фарзандларининг тарбияси устида қаттиқ меҳнат қилишга аҳд қилди. Ўша кезларда энг кенжа фарзанди атиги икки ойлик эди.7 давоми...

1131 09:00 / 20.10.2021
Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сонсаноқсиздир. Биз буларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз.1. Ҳаё иймон давоми...

1119 16:00 / 27.06.2021
Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп.Усмон давоми...

3635 12:00 / 22.02.2021
Ёмғир сайёрамиз иқлими, обҳавосининг ажралмас кўринишидир. Ёмғир ёғар экан, биз бу борада ҳеч нарса қила олмаймиз, унинг тугашини фақат сабр билан кутишимиз давоми...

2465 12:00 / 14 март
Аудиолар

88066 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

16916 14:35 / 11.08.2021
Топ рейтинг www.uz Openstat