1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Буюк муҳаддис имом Термизий раҳимаҳуллоҳ зиёратида...

17:00 / 07.08.2022 2322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юртимиз аввалдан илм-фаннинг кўплаб соҳаларида дунёга устозлик қилган уламолар, фузалолар замини бўлган. Уларнинг илмий мерослари бутун дунё бўйлаб қўлма-қўл бўлиб кетган, кўплаб дорулфунунларда дарслик сифатида ўқитилган. Мазкур уламоларимиз шариат илмлари бўлмиш Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, сийрат ва тасаввув каби соҳаларда пешқадам бўлган бўлсалар, бундан ташқари математика, алгоритм, ҳандаса каби аниқ фанларда, физика, кимё, жуғрофия, фалакиёт, биология, ботаника, зоология, тарих каби фанларда ва шу билан бирга тиббиёт соҳасида жаҳонда етакчи бўлганлар.

Ҳадис илмида пешқадам бўлган, мовароуннаҳр заминининг дунёга танилишига сабабчи бўлган Имом ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ана шундай алломалардан ҳисобланадилар. У киши ҳижрий 209 (милодий 824) йилда Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида таваллуд топиб, шу ернинг ўзига дафн этилганлар.

Имом Термизий 20 ёшда Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий каби олимлардан таълим оладилар. 25 ёшларида Ироқнинг Басра шаҳрига, сўнг Ҳижозга бориб таълимни давом эттирадилар. У киши Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий, Али ибн Ҳужр Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Қутайба ибн Саид Сақафий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, Термизга ҳижрий 250 (милодий 864) йилда қайтиб келадилар.

Имом Бухорий билан ҳижрий 250 йили Нишопурда учрашиб, ҳадис ва унга тааллуқли илмларни ўрганиб, у зот қўлларида камол топадилар. Имом Бухорий Термизийга қарата: «Сен мендан фойда олганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойда олдим» деган эдилар.

Имом Термизийнинг шогирдларидан бири Абу Аҳмад Ҳоким ўз устози ҳақида: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этганларидан кейин Хуросонда илм, ҳифз, зуҳд ва тақво бобида Абу Ийсо Термизийдек бирор киши топилмас эди» деган.

Ҳижрий учинчи аср ҳадис илмларида буюк юксалиш даври бўлган бир пайтда Имом Термизий Ислом оламида олти энг машҳур ҳадис тўпламларидан бири «Ал-жомеъус саҳиҳ» китобини таълиф этганлар. Бу китоб кўпроқ «Сунани Термизий» номли билан машҳур. Имомнинг бундан бошқа қуйидаги асарлари ҳам шуҳрат қозонган. Жумладан, «Аш-шамоилул Муҳаммадия», «Китобуз зуҳд», «Китобут тарих», «Асмоус саҳоба», «Ал-асмо вал куно», «Ал-илал» кабилар.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ вафотларидан икки йил олдин кўзлари ожиз бўлиб қолади ва ҳижрий 279 (милодий 892) йили Термизда вафот этадилар.

Бугунги кунда у зотнинг қабрлари Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган бўлиб, юртимизда мўътабар қадамжолардан бири ҳисобланади. Мақола муаллифлари Аллоҳнинг фазли билан буюк муҳаддиснинг қабрларини зиёратида бўлдилар. Қуръон тиловат қилиб, унинг савобини алломанинг пок руҳларига бағишладилар.


 Қадамжога борар эканмиз, атрофнинг озодалиги, йўлнинг икки четида қийғос очилиб турган гуллар, биноларнинг шу бугунги кунгача сақланиб қолгани, ходимларнинг очиқ чеҳралиги бизни мамнун этди.

Буюкларни зиёрат қилар эканмиз, шуни англадикки, бугун биз шундай улуғ зотларга муносиб ворис, издош бўла оляпмизми, деган савол шу юртда яшаётган ҳар бир мусулмонни ўйлантириши керак. Хориж мамлакатларига сафарга, ҳаж ва умрага ибодатга борганимизда Бухорий, Термизийларнинг юртидан келдим деб кўкрак керамиз. Ваҳоланки, улар асарларида ривоят қилиб келтирган минглаб ҳадисларнинг ақалли биттасини ёддан билмаймиз. Аслида, чинакам ворислик уларнинг қолдирган илмий меросларидан бохабар бўлиш, уларни ўқиб-ўрганиб ҳаётга татбиқ этиш ва буюкларнинг қилган ишларини давом эттириш эмасми?!

Келинг азизлар, «Саҳиҳул Бухорий», «Сунани Термизий» каби ўта ишончли ҳадис тўпламларини ўқиб, ўрганиб, уларга амал қилиб, зурриётларимизни ҳам улуғларга ўхшаган илмли, маърифатли ҳамда ихлос ва тақволи, ўзидан яхшилик из қолдирадиган инсон этиб тарбиялайлик.

Аллоҳ таоло Имом Термизийни Ўз раҳматига олсин ва бизларни ҳам у зотнинг даражаларига етказсин.

Фойдаланилган манба:

Siyrat.uz

Нозимжон Ҳошимжон ва Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоннинг ҳаёти турфа хил воқеалардан иборат бўлади. Баъзан яхши ҳодисалар ила хурсанд бўламиз. Баъзида эса мусибатлардан дилимиз вайрон бўлади. Гоҳо душманлар давоми...

6286 05:00 / 02.03.2017
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон алАнсорий оталаридан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик давоми...

3871 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига давоми...

4147 05:00 / 04.03.2017
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

5978 05:00 / 03.03.2017