1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунларининг рўзасини тутиш

11:30 / 06.08.2022 2144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.

Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг ҳузурига бориб:

«Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер», дедим.

«Қачон Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди у.

Мен:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай қилиб тутар эдиларми?» дедим.

«Ҳа», деди у».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Бу ривоятда Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни тутилиши ҳақида сўз кетмоқда. Нима учун бундай эканлиги ҳақида сўз юритишдан олдин бу масалага оид бошқа ҳадисларни ҳам кўриб чиқсак, яхши бўлар, деган умиддамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.

Одамлар:

«Эй Аллоҳниниг Расули, яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлайдилар», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар.

Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро куни рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида баъзи хабардор саҳобийлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудий ва насороларнинг Ашуро кунини улуғлашларини эслатдилар. Чунки саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий ва насороларникига ўхшаган ишни қилмасликларини, доимо уларникидан бошқача, Ислом умматига хос иш қилишларини яхши билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаи киромларни бошқа дийн эгаларига ўхшашдан, уларга эргашишдан қайтариб келар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг Ашуро куни рўзаси ҳақидаги хабарларини бағрикенглик билан қабул қилиб олдилар. Уни ҳисобга олдилар ва янаги йили яҳудий ва насороларга ўхшаб, Муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунининг эмас, балки уларга хилоф қилиб, тўққизинчи кунининг рўзасини ҳам тутишларини айтдилар. Аммо ўзлари келгуси йилнинг Ашуро куни келмасидан Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар.

Лекин гаплари ўз кучида қолди. Барча мўмин-мусулмонлар у зотнинг айтганларини қилиб, Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишга одатландилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар».

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Бу амр аввалги ҳадисда зикр қилинган ҳодисалардан олдин бўлган.

Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.

Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.

Биринчи ривоятда келганидек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганлари, яъни, тўққизинчи кунни, сўнг ўнинчи кунни тутасан, деганлари бўлади. Зотан, Ашуро сўзининг луғавий маъноси «ўнинчи кун» эканлигини аввал ҳам айтиб ўтдик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зайтуна университети жаҳондаги ҳозирга қадар фаолият кўрсатаётган энг қадимги ўқув даргоҳларидан биридир. Ушбу илм даргоҳи ҳам Мисрнинг Ал Азҳар, Марокашнинг давоми...

1238 15:00 / 30.12.2021
II бобФақиҳ Абу Лайс раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар .Баъзи инсонлар илмни китобат қилишни макруҳ санашади. Аммо илм аҳлининг кўпчилиги мубоҳ дейишган. Макруҳ деган давоми...

2720 16:10 / 13.03.2019
Мана шу аканинг зиёратидан сўнг, каминада ҳам .тасуф,га қизиқиш ортиб, бу ҳақда вақтли матбуотдан маълумотларни излаш кал одамнинг бошидан тук қидиришдек давоми...

1053 14:30 / 27.12.2021
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учта қизлари, яъни Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсумлар оталаридан аввал дорилбақога риҳлат қилишган. Руқайя ва Умму давоми...

1021 12:03 / 01.11.2020