1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса...

14:00 / 29.06.2022 2835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машҳур бўлишга интилиш, доимо диққат марказида бўлишга хоҳиш шаҳватдан ҳисобланади.

Инсон бунга ўзи билмаган ҳолда ҳам интилади. Бу йўлда у кибр, риёкорлик ва ёлғончилик қилади. Шуҳратпарастлик сабабли жуда кўп разил ишларни амалга оширади.

Ёрқинжон қорининг ҳаёт йўли эса бунинг тескари эканини исботлади. Олдинга интилмаса ҳам ва ҳокисор бўлса ҳам, одам машҳур бўлиши ва кишини одамлар севиши мумкин эканини кўрсатиб кетди. Бундай шуҳрат ва севимли бўлишнинг сабаби қуйидагича:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин!» дея нидо қилади. Кейин Жаброил ҳам уни яхши кўради ва осмон аҳли ичида: «Албатта, Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» деб нидо қилади. Кейин осмон аҳли ҳам уни яхши кўради. Сўнгра унга нисбатан ерда мақбуллик (яъни, розилик ва муҳаббат) ўрнатилади».

Имом Бухорий ривояти.

Аллоҳ таолонинг яхши кўрадиган кишилари кўп. Ҳадиси шарифларда айтилишича, Аллоҳ таоло жумладан, қуйидагиларни яхши кўради ва юқоридаги ҳадиси шарифнинг ердаги татбиқи амалга ошади:

Аллоҳ таоло барча ишда мулойимликни яхши кўради.

Аллоҳ таоло Унга тазарруъ қилинишини яхши кўради.

Аллоҳ таоло очиқ юзли, хушчақчақ кишини яхши кўради.

Аллоҳ таоло тавба қилувчи йигитни яхши кўради.

Аллоҳ таоло дунёга нисбатан совуққон, беъэтибор мўминни яхши кўради.

Аллоҳ таоло бандасининг акса уришини яхши кўради.

Аллоҳ таоло фарзандлар ўртасида адолат қилинишини яхши кўради.

Аллоҳ таоло ҳамдни яхши кўради.

Аллоҳ таоло тоқни яхши кўради.

Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради.

Аллоҳ таоло тақводор, ўзига тўқ ва ўзини ислоҳ қилишга машғул бўладиган бандани яхши кўради.

Аллоҳ таоло ҳаё ва тўсилишни яхши кўради.

Аллоҳ таоло савдо-сотиқнинг саховатпешалик билан бўлганини ҳамда бағрикенглик ва енгиллик асосида қилинган ҳукмни яхши кўради.

Аллоҳ таоло барча маҳзун қалбни яхши кўради.

Аллоҳ таоло ишларнинг олийсини, фазилатлисини, қадрлисини яхши кўради.

Аллоҳ таоло ҳунармандни яхши кўради.

Аллоҳ таоло яхшиликни, покликни яхши кўради.

Аллоҳ таоло ўз неъматларининг бандасида кўриниб туришини яхши кўради.

Аллоҳ таоло яхшилар, тақводорлар ва яширин инсонларни яхши кўради.

Аллоҳ таоло иффатли камбағал мўмин бандасини яхши кўради.

Аллоҳ таоло қийналганга ёрдам берилишини яхши кўради.

Аллоҳ таоло кечиримли бандасини яхши кўради.

Аллоҳ таоло олийжаноб ва саховатли бўлганни яхши кўради.

Аллоҳ таоло ҳаёли, иффатли, ҳалим мўминни яхши кўради.

Аллоҳ таоло фитнага дучор бўлиб, кейин тавба қиладиган мўминни бандани яхши кўради.

Демак, юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган кишиларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Ана шундай севимли кишилардан ва осмону заминда зикр қилинадиган маҳбуб бандалардан бўлишимиз учун мазкур сифатларга ёки айримларига самимий эга бўлишимиз керак.

Мубашшир Аҳмад домла

Муаллиф
Мубашшир Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинПайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салавоту дурудлар бўлсин . ,. .Абу давоми...

4418 12:16 / 30.04.2018
, , , , , , Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиЭй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Одамларнинг қаттиқ давоми...

10017 22:48 / 24.04.2017
Ҳозир карантин сабаб Ҳаж, Умра зиёратларига фақат Саудия Арабистони фуқаролари учун рухсат берилган. Аллоҳ таоло насиб этиб, йўл очилса, Ҳаж, Умрага борганимизда, давоми...

7141 14:00 / 23.07.2021
Филиппин бургути. Дунёдаги энг йирик бургутлардан бири. Филиппин ўрмонларида учрайди. Бундай бургутлар ҳозирда йўқолиб кетиш арафасида. Шунинг учун уни овлаш давоми...

2978 19:00 / 04.12.2021