Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (187-дарс). Илоҳий китобларга иймон

19:00 / 27.06.2022 2684 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Ушбу ақийдасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг маъноси, ўша китобларнинг Аллоҳнинг каломидан иборат эканига ишонмоқдир.
Бунга Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида далиллар кўп.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مِن رَّبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لاَ نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّن رُّسُلِهِ وَقَالُواْ سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ
 

«Пайғамбар унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди, мўминлар ҳам. Барча, Аллоҳга ва унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирди», деган (Бақара сураси, 285-оят).
Биз Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига китоблар туширганига умумий иймон келтирамиз. У китобларнинг ҳақиқий сони ва исмларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баъзи илоҳий китобларнинг номини айтган.

I. Иброҳим ва Мусо алайҳимассаломнинг саҳифалари.
Иброҳим ва Мусо алайҳимассаломга туширилган ваҳийлар тўплами «саҳифалар» дейилган, уламоларимизнинг айтишларича, улар маълум варақлар бўлиб, китоб даражасига етмаган.
Аллоҳ таоло Аълаа сурасида хабар бериб:

إِنَّ هَذَا لَفِي الصُّحُفِ الْأُولَىصُحُفِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى

«Албатта, бу аввалги саҳифаларда бордир. Иброҳим ва Мусо саҳифаларидадир», деган (18-19-оятлар).

Яъни Қуръондан аввал туширилган илоҳий китобларда ҳам мазкур маъно  мавжуд.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан, шундай дейилади:
«...Эй Аллоҳнинг Расули, Сизга Аллоҳ Иброҳим ва Мусонинг саҳифаларидаги нарсадан ҳам бирор нарса туширдими?» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Зарр, «...Инна ҳаза лафис суҳуфил уула, суҳуфи Иброҳийма ва Муса»ни ўқи», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳимнинг саҳифаларида нима бўлган?» дедим.
«Барчаси зарбулмасал бўлган... Оқил киши замонини таниган бўлмоғи, тилини тиймоғи шарт. Кимки каломини амалидан ҳисобласа, каломи оз бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Мусонинг саҳифаларида нималар бўлган?» деб сўрадим.
«Ҳаммаси ибрат бўлган, қазои қадарга ишониб туриб, ғазабланган одамдан, охиратда ҳисоб-китоб бўлишини билиб туриб, амал қилмаган одамдан ажабланаман», дедилар».
Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Иброҳим ва Мусо алайҳимуссаломга саҳифалар нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.

II. Забур.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забурни нозил қилган. «Забур»нинг луғавий маъноси – «мактуб», яъни «ёзилган» деганидир.

وَلَقَدْ كَتَبْنَا فِي الزَّبُورِ مِن بَعْدِ الذِّكْرِ أَنَّ الْأَرْضَ يَرِثُهَا عِبَادِيَ الصَّالِحُونَ
 

«Батаҳқиқ, Зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» (Анбиё сураси, 105-оят).
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан кўзланган мақсад ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари: «Зикр»дан мурод Тавротдир, шунга кўра, оятнинг маъноси: «Батаҳқиқ, Биз Тавротдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» бўлади», дейдилар.
Бошқалари эса: «Зикрдан мурод Лавҳул Маҳфуздир, бинобарин, «Аввал ўша маънони Лавҳул Маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик», деган маъно чиқади», деганлар.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:

إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَى نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِن بَعْدِهِ وَأَوْحَيْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإْسْحَقَ وَيَعْقُوبَ وَالأَسْبَاطِ وَعِيسَى وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُورًا
 

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек, ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси 163-оят).
«Аллоҳ таолодан Забур берилиб, пайғамбар бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди», дейдилар тарихчилар. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, кўнгилни юмшатадиган ва зикр қилинадиган нарсалар бўлган.
Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. Яхши овозлар у зотнинг овозларига ўхшатилиши ҳамма халқлар одатига айланган. Довуд алайҳиссалом Забурни тиловат қилганларида, осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан. Ҳозирда аҳли Забур қолмаган.
Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забур номли китобни нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.
III. Таврот.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тавротни нозил қилган. «Таврот» сўзи иброний тилида «таълим» ёки «шариат» маъносини англатади.
Аллоҳ таоло Моида сурасида:

إِنَّا أَنزَلْنَا التَّوْرَاةَ فِيهَا هُدًى وَنُورٌ يَحْكُمُ بِهَا النَّبِيُّونَ الَّذِينَ أَسْلَمُواْ لِلَّذِينَ هَادُواْ وَالرَّبَّانِيُّونَ وَالأَحْبَارُ بِمَا اسْتُحْفِظُواْ مِن كِتَابِ اللّهِ وَكَانُواْ عَلَيْهِ شُهَدَاء فَلاَ تَخْشَوُاْ النَّاسَ وَاخْشَوْنِ وَلاَ تَشْتَرُواْ بِآيَاتِي ثَمَنًا قَلِيلاً وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللّهُ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ
 

«Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор», деган (44-оят).
Тавротни ҳам илоҳий китоб сифатида Аллоҳ таоло нозил қилган. Унда одамларга ҳидоят ва икки дунё саодати йўлини кўрсатувчи нур бор. Унга амал қилувчилар ақийда, ибодат бобидаги ҳидоят ва йўл-йўриқларни ўша Тавротдан оладилар. Шу билан бирга, Таврот фақат ахлоқ-одоб ва баъзи диний маросимларнинг мажмуаси эмас. Унда кишилар ҳаётини бошқариб турувчи таълимотлар, ҳукмлар бор.
Аммо ушбу оятда зикр қилинган Таврот йўқолган. Унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди.
Ҳозирда яҳудийларнинг қўлида бор нарса «Эски аҳд» деб номланади. У эса тўқсон тўққизта сифрдан иборат. У уч қисмга: «Таврот», «Анбиё» ва «Китоблар»га бўлинади.
«Таврот» Мусо алайҳиссаломнинг беш китобидир. Улар: «Таквийн», «Хуруж», «Ловюун», «Адад» ва «Тасния»лар.
«Анбиё» икки қисмга бўлинади: «Аввалгилар» ва «Охиргилар».
«Китоблар»: «Мазомийр», «Амсол», «Айюб» ва бошқалардан иборат.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида яҳудийлар томонидан илоҳий калом бузилганлиги ҳақидаги хабарини бериб қўйган:

أَفَتَطْمَعُونَ أَن يُؤْمِنُواْ لَكُمْ وَقَدْ كَانَ فَرِيقٌ مِّنْهُمْ يَسْمَعُونَ كَلاَمَ اللّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُ مِن بَعْدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
 

«Сиз сабабли иймон келтиришларини тама қиласизларми? Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитар, сўнгра, уни англаганларидан кейин билиб туриб, ўзгартирар эдилар» (75-оят).
Бу ояти каримада мусулмонларга қилинаётган хитоб ўша пайтда баъзи ихлосли мўминларнинг, яҳудийлар иймонга келиб қолсалар керак, деган орзуда бўлганларини кўрсатади. Албатта, уларнинг бундай тама қилишларига асос бор эди. Улар билан Мадинада бирга яшаб келаётган яҳудийлар, илоҳий китобга эга халқ сифатида, яқинда охирзамон Пайғамбари чиқиши, улар ул Пайғамбарга биринчи бўлиб иймон келтиришлари ҳақида тинмай гапирар эдилар. Арабларнинг кўплари яҳудийлардан васфини эшитган Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан иймонга келдилар. Энди эса яҳудийларнинг ўзлари ҳам иймонга келишини тама қилишаётган эди. Аллоҳ таоло оятнинг аввалида уларнинг мазкур ҳолатларини васф этиб:
«Сиз сабабли иймон келтиришларини тама қиласизларми?» демоқда.
Яъни «Эй мусулмонлар, сизлар, яҳудийларнинг иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлишларидан умидвор бўляпсизларми?»
Агар ҳақиқатан ҳам сизларда шундай умидворлик бўлса, билиб қўйингки, иш сиз ўйлагандек эмас, ҳол бошқача.
«Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитар, сўнгра, уни англаганларидан кейин билиб туриб, ўзгартирар эдилар».
Бундай одамларнинг иймон келтиришларига умид қилиб бўлмайди. Чунки иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдодни талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.
Таврот бузилганлигини бошқа дин вакиллари ҳам, ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлаган.
Машҳур француз табиби Морис Букай ўзининг дунёга донғи кетган китоби «Таврот, Инжил, Қуръон ва илм»да жумладан, Тавротнинг одамлар томонидан бузилганлиги ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Мана шулардан «Эски аҳд»га инсон ўзидан қўшган нарсалар қанчалар катта ҳажмда экани билиб олинади. Бу билан ўқувчи кўчиришлар ва таржималар асносида «Эски аҳд»га нималар етганини билиб олиши осон. Мазкур тузатишлар икки минг йил давом этган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра .алақа,дан яратган Зотдир. Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур. Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз давоми...

4890 23:15 / 27.12.2017
. У Зот зидлардан ва тенгдошлардан олийдир. Шарҳ Зид ndash мухолиф дегани, тенгдош ndash ўхшаш дегани. Аллоҳга мухолифлик қилувчи ҳам, ўхшаш ҳам йўқ. Аввал давоми...

584 19:00 / 09 сентябрь
АлХофид пасайтирувчи, кофир ва фосиқларни хорзор қилиб, уларнинг мартабасини пасайтирувчи Зот.«Воқеа Қиёмат воқеъ бўлса, у воқеъ бўлган пайтда бирон ёлғон давоми...

6909 23:03 / 07.03.2018
Ақоид илмида асосий баҳслар тўрт турга бўлинади 1. Илоҳиёт. Бунда Илоҳ ва У Зотга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади. 2. Нубувват. Бунда ваҳий, пайғамбарлик, давоми...

4319 13:00 / 11.01.2021
Аудиолар

133227 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53571 14:35 / 11.08.2021