Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 190-дарс. Дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин

19:00 / 25.06.2022 2366 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ғурур» сўзининг «зийракликдаги нуқсон ва ғафлат туфайли алданиб қолиш» деган маъноси бор.

Ғурурнинг таърифида уламолар бир-бирини тўлдирувчи маъноларни айтишган.

Имом Журжоний «Таърифот»да: «Ғурур нафснинг ҳавосига мувофиқлик ва табиатига мойилликдир», деган (167-бет).

Ал-Кафавий «Куллиёт»да шундай дейди: «Ғурур хатони тўғри дея зийнатлашдир».

Баъзилар: «Ғурур оқибати номаълум ва бўлиш-бўлмаслигини идрок қилиб бўлмайдиган нарса», дейишган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғурурга кетишни атрофлича қоралаган. Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

كُلُّ نَفْسٍ ذَآئِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَن زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَما الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلاَّ مَتَاعُ الْغُرُورِ
 

«Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким оловдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютуққа эришибди. Дунё ҳаёти эса алдов матоҳидан бошқа нарса эмас» (185-оят).

Бу дунё алдамчи дунё. Ўзига қизиққанларни ва ошиқ бўлганларни алдайди ва ғурурга кетказади. Аммо ҳақиқий матоҳ ҳар қанча саъйи ҳаракатга лойиқ нарсадир. Чунки у дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишга боис бўлади. Қачон инсон қалбида ушбу ҳақиқат жо бўлса, қалбдан дунё ҳирси кўтарилади.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

يُنَادُونَهُمْ أَلَمْ نَكُن مَّعَكُمْ قَالُوا بَلَى وَلَكِنَّكُمْ فَتَنتُمْ أَنفُسَكُمْ وَتَرَبَّصْتُمْ وَارْتَبْتُمْ وَغَرَّتْكُمُ الْأَمَانِيُّ حَتَّى جَاء أَمْرُ اللَّهِ وَغَرَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ
فَالْيَوْمَ لَا يُؤْخَذُ مِنكُمْ فِدْيَةٌ وَلَا مِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مَأْوَاكُمُ النَّارُ هِيَ مَوْلَاكُمْ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ
 

 

«Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар дедилар: «Оре. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунича ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хомхаёллар алдаб қўйди. Сизларни Аллоҳ хусусида ўта алдоқчи алдаб қўйди. Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тў­лов олинмас. Жойларингиз оловдир, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» деган (14-15-оятлар).

Бу ердаги «алдоқчи»дан мурод шайтондир. Демак, мунофиқлар шайтоннинг гапига кириб, алдовига учиб расво бўлганлар.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ فَلَا تَغُرَّنَّكُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَلَا يَغُرَّنَّكُم بِاللَّهِ الْغَرُورُ
 

«Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин» (5-оят).

Эй одамлар, турли хаёлларга бориб, ғофил қолманг.

«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».

У Зот «Қиёмат бўлади», деб ваъда берганми, демак, қиёмат бўлиши ҳақ.

«Ўлганлар қайта тирилади», деб ваъда берганми, демак, қайта тирилиш ҳақ.

У Зот «Бу дунёдаги ишлар охиратда ҳисоб-китоб қилинади», деб ваъда берганми, демак, охиратдаги ҳисоб-китоб ҳақ.

«Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар, осийлар ва гуноҳкорлар дўзахда азобланади», деб ваъда берганми, демак, уларнинг азобланиши ҳақ.

«Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин...»

Бу дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига берилиб, алданиб қолманг. Бу дунё ҳаётига охиратни алмашманг.

«Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин».

Бу жумладаги «ўта алдоқчи»дан мурод шайтондир. Шайтон одамларни энг кўп ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни «Ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечирувчи», деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг афв этиши ва мағфират қилишини суиистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар деб, ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик зарур бўлади.

Аллоҳ таоло Мулк сурасида марҳамат қилади:

أَمَّنْ هَذَا الَّذِي هُوَ جُندٌ لَّكُمْ يَنصُرُكُم مِّن دُونِ الرَّحْمَنِ إِنِ الْكَافِرُونَ إِلَّا فِي غُرُورٍ
 

«Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган лашкар ким ўзи? Кофирлар алдовдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар!» деган (20-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирларни Аллоҳнинг азобидан қўрқитсалар, улар ўз қувватларини ва лашкарларининг ёрдамини пеш қилар эдилар. Юқоридаги оят бу эътиқод нотўғри экани, қуруқ ғурурдан бошқа нарса эмаслигини таъкидламоқда.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: «إنَّ مَوْضِعَ سَوْطٍ فِي الْجَنَّةِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا، اقْرَأُوا إنْ شِئْتُمْ: ﮋ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰﮱ ﯓ ﯔ ﯕ    ﯖ ﯗ ﯘ ﮊ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннатдаги қамчидек жой, албатта, дунё ва унинг ичидаги нарсадан яхшидир. Агар хоҳласангиз, «Ким оловдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютуққа эришибди. Дунё ҳаёти эса алдов матоҳидан бошқа нарса эмас»ни қироат қилинглар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «يَخْرُجُ فِي آخِرِ الزَّمَانِ رِجَالٌ يَخْتِلُونَ الدُّنْيَا بِالدِّينِ، يَلْبَسُونَ لِلنَّاسِ جُلُودَ الضَّأْنِ مِنَ اللِّينِ، أَلْسِنَتُهُمْ أَحْلَى مِنَ السُّكَّرِ، وَقُلُوبُهُمْ قُلُوبُ الذِّئَابِ، يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَبِي يَغْتَرُّونَ أَمْ عَلَيَّ يَجْتَرِئُونَ؟ فَبِي حَلَفْتُ لَأَبْعَثَنَّ عَلَى أُولَئِكَ مِنْهُمْ فِتْنَةً تَدَعُ الْحَلِيمَ مِنْهُمْ حَيْرَانًا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Охири замонда бир кишилар чиқади. Улар дин ила дунёни талаб қилади. Улар одамлар учун юмшоқ қўй териларини киядилар. Тиллари шакардан ҳам ширин. Қалблари эса худди бўриларнинг қалбларидек. Аллоҳ азза ва жалла: «Мен ила ғурурга кетдиларми ёки Менга журъат қилдиларми?! Бас, Ўзим ила қасам ичиб айтаманки, албатта, ўшаларнинг бошларига уларнинг ўзларидан фитна юбораман. У ҳалимни ҳам ҳайрон қолдиради», дейди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замон охирлаб қолганида пайдо бўладиган бир ҳолат ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу ҳолатни ўрганиш жуда ҳам муҳим. Чунки унинг оқибати ниҳоятда қўрқинчлидир.

Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таоло ила ғурурга кетишдир.

Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таолога нисбатан журъат қилишдир.

Ҳа, дин ила дунёни талаб қилиш Аллоҳ таоло қасам ила таъкидлайдиган азобга сазовор ишдир.

Ҳа, дин ила дунёни талаб қилишга ўтганлар ҳалимни ҳам ҳайрон қолдирадиган фитнага дучор бўладилар.

Ҳа, дин ила дунёни талаб қилишга мутлақо яқин йўламаслик керак.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй биродарим, билиб қўйки, Аллоҳ, ўзининг Қуръонида ғийбатнинг ёмонлиги ҳақида кескин айтиб, ғийбат қилганни ўликнинг этини еганга ўхшатгандир. Аллоҳ Ўз каломида давоми...

3029 19:02 / 10.11.2018
Робиъа ибн ҲайсамРобиъа ибн Ҳайсам ҳар тунни бедор ўтқазардилар. Бир куни у зотнинг қизилари Аллоҳ яратганлари ичида энг афзали кимrdquo деб сўради. Ибн Ҳайсам давоми...

2995 05:00 / 01.03.2017
Иккинчи офат ndash ботил сўзга киришиш.Ботил сўз ичкиликбозлик мажлислари ва фосиқларнинг қилмишларига ўхшаш нарсалар ҳақидаги гаплардир. . ,. .Абу давоми...

3214 13:00 / 26.12.2020
Муроқабанинг биринчи мақомиМуроқаба ndash киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ndash ҳолнинг давоми...

3077 05:00 / 01.03.2017