1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Мадрасага қатнайдиган халқ

09:00 / 23.06.2022 1273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мадраса» сўзи ҳозирги «мактаб» маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса дийний ўқув юрти, бу номни ишлатиб бўлмайди, деган даъво ила дарс олинадиган жойни «мактаб» деб атаганлар. Аслида эса мадраса «дарс оладиган жой», мактаб эса «ёзадиган жой» маъносини англатади.

Ҳа, бешикдан то қабргача ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлигини яхши англаган мусулмонлар ўз ихтиёрлари билан иймон ва ихлос билан, мисли кўрилмаган шавқу завқ билан илм талаб қила бошладилар. Дастлаб масжидлар, устозларнинг уйлари дарсхоналар вазифасини ўтаб турди. Кейинроқ эса мадрасалар таълим масканлари сифатида мусулмон ўлкаларни безаб турадиган ошёнларга айланди. Ислом давлати ҳамма халқнинг таълим олишини таъминлашга ҳаракат қилар эди. Шунинг учун баъзи жойларда ҳатто моддий жиҳатдан қийналиб қолганларга алоҳида мадрасалар очиш йўлга қўйилар эди. 965-милодий санагача Қуртуба шаҳрида (ҳозирги Испаниянинг Кордова шаҳри) камбағалларнинг болалари учун саккизта мадраса бор экан. Ўша йили у ернинг ҳокими Ҳакам II яна йигирма еттита янги мадраса очган.

Қоҳира шаҳрининг ҳокими Мансур Қаловуун эса етим болалар учун алоҳида мадраса очиб, уларни ётоқхона, таом ва кийим-кечак билан таъминлаган.

Мусулмон юртларининг барчасида ўқув юртлари толиби илмларини текин таом, китоб, кийим-кечак ва ётоқхона билан таъминлаш оддий ҳол ҳисобланган. Уларни маблағ билан таъминлашни ҳукуматлар, якка шахслар ва вақфлар ўз зиммаларига олганлар. Шу боис ҳам, мазкур ўқув юртларидаги толиби илмлар турли илмларни қунт билан ўрганганлар.

Мадрасалардаги дарслардан қониқмаган ўткир зеҳнли талабаларнинг ота-оналари ўз фарзандлари учун қўшимча дарслар ҳам ташкил эттиришган. Тарихчилар бу фикрга буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синони мисол қилиб келтирадилар. Ибн Сино ёши ўнга етмай туриб, Қуръони Каримни ва бошқа бир қанча диний китобларни ёд олиб бўлади. Сўнгра мадрасадаги дарслар озлик қила бошлаб, хусусий устоздан қонун бўйича дарс олади. Ҳисоб илмини эса бир кўмирфурушдан ўрганади. Сўнгра отаси унга таълим бериш учун Абу Абдуллоҳ исмли устозни келтиради. Бу одам фалсафани яхши билар экан. Ибн Сино ундан бир оз дарс олгандан сўнг устозидан ўзиб кетади. Кейин мантиқ илмини ўрганишга киришади. Жуғрофияга ўтганда эса устози «Энди китобни ўзинг ўқийвер, хатоинг бўлса, мен тўғрилаб қўяман», дейди. Абу Абдуллоҳ Бухорони тарк этгандан кейин Ибн Сино Ийсо ибн Яҳё деган устоздан табиий илмларни ва тибни ўргана бошлайди. Тиб соҳасидаги энг қийин китобларни мутолаа қилганига қарамай, Ибн Сино «Тиб осон экан, қисқа муддатда ўрганиб олдим», деган экан. Ўша вақтда у ўн олти ёшда экан. Сўнг бир ярим йил давомида сафарларда юриб, мантиқ ва фалсафанинг турли қисмларини ўрганади. Орада Бухоро ҳокимини даволаб, унинг қасридаги кутубхона ва шифохоналарида ўқиб, таълимини ниҳоясига етказади. Ўшанда унинг ёши ўн саккизда экан.

Бу маълумотлардан мусулмон оламининг ажралмас қисми бўлган бизнинг юртимизда ҳам бундан минг йил аввал Ислом дийни фазли ила илмнинг турли соҳаларида етук мутахассислар ва устозлар бўлганлиги очиқ-ойдин тушуниб оламиз.

Мусулмонларнинг илм истаб қилган саъйи ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи тўлақонли дорулфунунларга асос солинди. Шу ўринда Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорулфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганини эсласак, ортиқча изоҳга ҳожат қолмайди. Агар овруполиклар ўзларининг энг қадимги дорулфунунларининг минг йиллигини ўтказмоқчи бўлишса, яна уч юз йил кутишлари керак бўлади.

Ислом олами билан Оврупо орасидаги илм борасидаги фарқни тушуниб етиш учун ғарблик илм соҳибларидан бирининг эътирофини эслаш кифоя. У мусулмон оламида ўша илм-фан гуллаб-яшнаган пайтда Оврупонинг ҳолини қуйидагича тасвирлайди:

«Тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи асрларда ғарбнинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш-ёзишни мутлақо билмас эди. Оврупонинг подшоҳлари, амирлари ҳам ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Машҳур подшоҳ Буюк Шарлнинг қарилик чоғида ўқиш-ёзишни бир оз ўрганганлиги ҳаммага маълум. Монастирлардаги роҳиблар ва дийний ходимлар қўлларига қалам тутишни ҳам билмаганлар». («Аллоҳнинг нури Оврупони ёритур», 393-бет.)

«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойининг биринчи куни. Пешиндан сўнг ифторлик режаларини тузиб турган эдим, курсдошларимдан бири қўнғироқ қилиб, кўп йиллик дўстимизнинг отаси бандаликни давоми...

1975 09:49 / 19 январь
Бизниг ишимиз, мансаб зинапояси, ойлик ndashҳаммаси Аллоҳнинг фазли марҳамати. Булар ҳар хил кўриниш ва шаклда биз етиб келсада, баъзан шу ҳақиқатни ишларимиз давоми...

4693 17:00 / 01.06.2021
mdash Эйнштейн айтади .Осмонга кўтарилиш асносида ҳаво етишмаслиги ортиб ва ортиб бораверади. Ҳатто, ҳаво етишмаслик сабаб бўғилиш юзага келади,.Қуръони Карим эса бу давоми...

1537 12:26 / 17.06.2021
ndash Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган фарзвожиб амалларни бажариш.ndash Шубҳалардан четланиш, ҳаром ишларни тарк қилиб, улардан узоқлашиш.ndash Суннатларга амал қилиш, давоми...

2257 16:16 / 23.01.2022