1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Сиз ўзингиздан сўраласиз

14:00 / 18.06.2022 2935 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ турганини билгач, қавми унинг бижод (йўл-йўл кийим)идан бошқа барча нарсаларини тортиб олишди. Бу билан уни ўзларида олиб қолмоқчи бўлишди. Аммо уларнинг бу иши Абдуллоҳни азму-қароридан қайтара олмади. Абдуллоҳ уларни ғафлатда қолдириб биргина бижоди билан Мадина сари йўлга чиқди. У Мадинага яқинлашгач бижодини икки бўлак қилиб эҳром сингари ўраниб олди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб мусулмон бўлганини эълон қилди. Ана шу кундан бошлаб Абдуллоҳ «Зулбижодайн» (икки бижод соҳиби) дея лақаб олди!

Табук ғазотида Зулбижодайн Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқди. Бу ғазот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машаққатли ва энг узоқда бўлган ғазотларидир. Қиссанинг қолганини бизга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Табук ғазотида ярим кечаси ўрнимдан турдим. Қўшиннинг бир чеккасида олов шуъласини кўрдим. Унинг нима эканлигини билиш учун ўша ерга бордим. У ерда Зулбижодайн ўлиб ётган эди. Мусулмонлар унга қабр ковлашган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрга тушган эдилар. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога маййитни узатишларини айтдилар. Улар маййитни қабр ичига узатишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулбижодайнни ўз муборак қўллари билан қабрига қўйгач шундай дедилар:

«Эй Аллоҳим! Мен ундан рози бўлдим, Сен ҳам рози бўлгин!».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўшанда: «Қани энди қабрдаги маййит мен бўлсам эди!», дея орзу қилган экан.

Кишининг нияти холис бўлса Аллоҳ унинг муродига етказади. Бу қонун. Буни Аллоҳ таоло еру-осмонларни яратган кунида жорий қилган. Бу қонун қиёматгача ўзгармайди!

Зулбижодайн Аллоҳ ва Расулини истаб бор дунёсини ортига ташлаб чиққан эди. Хизматнинг мукофоти ҳам охирида ниятга муносиб бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабрга қўйиб, шаҳидлик китобини ёпиб туриб: «Аллоҳим! Мен ундан розиман, Сен ҳам рози бўлгин!», дедилар!

Унинг танасини Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо қабрга узатишди. Бу қанақанги мукофот, эй Зулбижодайн?! Сени тутган охирги қўллар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг қўллари бўлди-я!

Аллоҳга олиб борадиган йўл қийин, машаққатли ва узоқдир. Муҳими йўлда ўлмоғингиздир. Мана шунинг ўзи аслида йўл ниҳоясига етишдир!

Сиз ҳамма мусулмонлардан сўралмайсиз. Сиз ўзингиздан сўраласиз. Ибодатингиздан, парҳезингиздан, тақвонгиздан, садақангиздан, ахлоқингиздан, муомалангиздан, аҳлингиздан, қизларингиз ва уларнинг ҳижобидан, ўғилларингиз ва уларнинг намозидан сўраласиз. Сизнинг муаммонгиз мана шу. Сизнинг Аллоҳга олиб борадиган йўлингиз мана шулар. Ким нимага асосан яшаса шунга кўра ўлади!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий тўққизинчи йил .элчилар йили, номини олган, чунки асосан шу йили турли қабилаларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, давоми...

2195 17:00 / 02.08.2022
Аллома Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Замахшарий Хоразмий Наҳвий.У киши 1075 йилда Замахшар қишлоғида таваллуд топганлар. Бу Хоразм қишлоқларидан давоми...

5638 15:15 / 17.01.2019
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг шарафи ва давоми...

1880 15:25 / 08.06.2023
Ҳижратдан бир йил олдин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Буроқ номли бир уловга миндириб, Байтул мақдисга кечқурун сайр қилдирди. У зотга давоми...

3113 11:01 / 24.05.2020
Аудиолар

211077 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130337 14:35 / 11.08.2021