Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат 189-дарс Албатта келажакда фитналар бўлади

19:30 / 17.06.2022 3896 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

728. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра айтганидай, «Кичкина гуноҳларга ўхшаш бирор нарсани кўрмадим». У киши айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Демак, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

* * *

729. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта келажакда фитналар бўлади. Огоҳ бўлинг, сўнгра яна фитна бўлади. Унда ўтирган юргандан яхшидир. Унда юрган ҳаракат қилгандан яхшидир. Огоҳ бўлинг, у тушганида ёки воқеъ бўлганида кимнинг туяси бўлса, унга борсин, кимнинг қўйи бўлса, унга борсин ва кимнинг ери бўлса, унга борсин», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, туяси, қўйи ва ери йўқ одам нима қилади?» деди. «Қиличини олиб, тош билан тиғига уради. Сўнгра қочишга қодир бўлса, қочиб кетади. Аллоҳим, етказдимми? Аллоҳим, етказдимми? Аллоҳим, етказдимми?» дедилар. Шунда бошқа бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар мажбур қилинсам ва мени икки сафга олиб борилса ёки икки гуруҳдан бирига олиб борилса ва бир киши мени қиличи билан урса ёки ўқ келиб мени қатл қилса-чи?» деди. «Унга ҳам ўзининг гуноҳи, ҳам сенинг гуноҳинг бўлади ҳамда у дўзах соҳибларидан бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

730. Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

731. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умарнинг олдида эдик. Шунда у: «Қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ўзлари айтгандек ёд олган?» деди. «Мен», дедим. «Сен журъатли экансан, нима деганлар?» деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кишининг аҳли, моли, нафси, боласи ва қўшнисидаги фитнасига рўза, намоз, садақа ва амру маъруф ҳамда наҳйи мункар каффорот бўлади», деганларини эшитганман», дедим. Шунда Умар: «Мен буни ирода қилганим йўқ, худди денгиз мавжидек мавж урадиганини ирода қилдим», деди. «Эй мўминларнинг амири, у билан нима ишинг бор? Сен билан унинг орасида ёпиқ эшик бор», дедим. «Эшик синдириладими ёки очиладими?» деди. «Йўқ, синдирилади», дедим. «Ундай бўлса, абадий ёпилмаслиги яқинроқ», деди.

Биз Ҳузайфага: «Умар эшик ким эканини билар эдими?» дедик. «Ҳа. Худди кундуздан кейин кечаси бўлишини билгандек билар эди. Мен унга хатоси йўқ ҳадисни гапириб берганман», деди. Биз Ҳузайфадан: «Эшик ким?» деб сўрашдан тортиндик ва Масруққа: «Ундан сўра-чи!» дедик. У сўради. «Умар», деди у».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
734. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамлар бошига бир замон келадики, унда қотил нима учун қатл қилганини давоми...

1244 19:00 / 29 август
Жобир розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари вақти ҳақида сўралди..Бас, у киши.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган давоми...

4432 11:00 / 10.05.2020
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

8519 10:47 / 01.04.2017
410. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одам боласи вафот этса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади садақаи давоми...

4672 13:04 / 11.09.2020
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар