Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 189-дарс. Набий алайҳиссаломнинг қироатдаги суннатлари

19:00 / 16.06.2022 2133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида олтмиш(оят)дан юзтагача қироат қилар эдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу миқдорни Имом Табаронийнинг ривоятида «Ал-Ҳааққо сурасича», деб ўлчов қилинган экан.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида «Қооф вал Қуръонил Мажиид»ни қироат қилар эдилар. Бундан кейинги намозлари енгил бўлар эди».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен худди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бомдод намозида «Фалаа уқсиму билхуннаси, ал жавори ал жуннаси, вал лайли изаа асъаса», деб ўқиётган овозларини эшитиб тургандекман».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.

Шом ва хуфтон намозларининг биринчи икки ракъатидаги қироатни овоз чиқариб қилишга далил:

Аввало, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шом ва хуфтон намозида овоз чиқариб қироат қилганлар. Бирор марта ҳам овоз чиқармай қироат қилганлари маълум эмас.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умму Фазл у кишининг «Вал мурсалаати урфан»ни қироат қилаётганини эшитиб:

«Эй ўғлим, Аллоҳга қасамки, ушбу сурани қироат қилишинг ила, батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан охирги эшитган нарсамни эслатдинг. Уни шом намозида ўқиган эдилар», деди».

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хуфтон намозида «Ват-тийни ваз-зайтуни»ни қироат қилганларини эшитдим. У зотнинг овозларидан гўзалроқ бошқа бировнинг овозини эшитмадим».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ўз вақтида адо қилинаётган намозга ўтган имом ҳам, қазо намозга ўтган имом ҳам юқорида номлари зикр этилган намозларда қироатни ошкора қилишлари вожибдир.

Қазога ўтган имом қироатни ошкора қилишига далил:

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан эдилар. Бас, бомдод намозидан ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар. Ул зот алайҳиссолату вассалом:

«Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.

Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (бомдоднинг суннати) намозини ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».

Абу Довуд ва икки шайх ривоят қилишган.

Бошқаларида ундай эмас.

Яъни, имом пешинда, асрда, шомнинг учинчи ракъатида ва хуфтоннинг охирги икки ракъатида овозини чиқармай қироат қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Абу Маъмар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Хаббобга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва асрда қироат қилармидилар?» дедик. У: «Ҳа», деди. «Буни қаердан билардингиз?» дедик. У: «Соқолларининг қимирлашидан», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Якка намозхон намозни вақтида адо этса, ўзи билади.

Яъни имом қироатни ошкора қилиши лозим бўлган вақтларда ёлғиз ўзи намоз ўқиган одам қироатни хоҳласа ошкора қилади, хоҳласа махфий қилади. Аммо ошкора қироат қилгани, жамоатга ўхшагани учун афзал.

Агар қазони ўқиса, ичида қироат қилиши вожибдир.

Чунки бу ҳолатда жамоат ҳам, намозни вақтида ўқиш ҳам йўқ.

Овоз чиқариб қироат қилишнинг энг пасти ўзидан бошқага эшиттиришдир.

Ўзидан бошқа эшитмайдиган даражадаги қироатни «овоз чиқариб қироат қилиш» деб бўлмайди. Демак, овоз чиқариш лозим бўлган қироатда ақалли ўзига энг яқин турган киши эшитадиган даражада овоз чиқиши лозим экан.

Овоз чиқармай қироат қилишнинг энг пасти ўзи эшитадиган бўлишидир. Мана шу тўғридир.

Ўзи эшитадиган даражада бўлмаган нарса қироат бўлмайди. Ўзидан бошқа эшитадиган бўлса, ошкора қироат бўлиб қолади. Оғзини юмиб, хаёлида қироат қилиш умуман қироат эмас.

Бу ҳукм нутққа боғлиқ «талоқ», «қул озод қилиш», «истисно» каби барча нарсаларга оиддир.

«Истисно» дегани бир нарсани айтиб, орқасидан «инша­аллоҳ»ни айтишдир. Мисол учун, биров овозини чиқариб талоқ қўйса-ю, ортидан ичида «Иншааллоҳ», деса, аммо унинг ҳарфларини ичида айтиб, ўзи ҳам эшитмаса, талоғи тушади, чунки ошкора бўлмаган гап ҳисобга олинмайди.

Ҳукми нутққа боғлиқ нарсаларга ҳайвонни сўйишда «бисмиллаҳ»ни айтиш, ийло қилиш, савдо каби нарсалар ҳам киради.

«Талоқ қўйдим», деса-ю, ўзи эшитмаса, талоғи тушмайди. Бир нарсани «Сотдим», деса-ю, харидор буни унинг оғзига қулоғини қўйиб бўлса ҳам эшитиб олса, савдоси жорий бўлади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Албатта, шайтон .хамр, ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни давоми...

4022 05:00 / 03.03.2017
...Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш давоми...

5628 05:00 / 18.01.2017
Жаноза ўқувчига худди намоз ўқувчига қўйилган шартлар ислом, ақл, сатри аврат, таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконда нажосат бўлмаслиги, қиблага юзланиш ва ният давоми...

714 19:00 / 29 февраль
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда давоми...

2798 05:00 / 18.01.2017