1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар (биринчи мақола)

14:06 / 07.06.2022 5231 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Аммо, шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар, асосан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган.

Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот:

«Нимани гаплашмоқдасизлар?» – дедилар.

«Қиёматни гаплашмоқдамиз», – дейишди.

«Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», – дедилар ва тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибдан чиқишини, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни: машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган оловни зикр қилдилар».

Ушбу ҳадисни Муслим, Термизий ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.

Саҳл ибн Саъд ас-Сайёд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бармоқларига ишора қилиб, уларни чўзиб туриб айтдилар: «Мен пайғамбар қилиб юборилганимда Қиёмат мана шу иккисидек эди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Имом Аҳмад Бурайдадан ривоят қилади:

«Мен юборилдим. Қиёмат мендан ўзай-ўзай деб қолди».

Муставрид ибн Шаддоддан ривоят қилинади:

«Мен Қиёмат нафасида юборилдим. Ундан худди мана буниси унисидан ўзганидек ўздим». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар.

«Қиёмат нафасида» – яъни, нафас олишида. Бу ҳам яқинликни билдирувчи белги, инсон бошқа бир кишининг нафасини эшитиш учун жуда яқин туриши керак.

Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг муҳлат-ажалларингиз илгаригилар ажали олдида аср намозидан қуёш ботгуничалик (муддат), холос»дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Яна шу кишидан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида эдик. Асрдан кейин эди. Қуёш Қуъайқион тоғи (Маккадаги тоғ) устида эди. Набий алайҳиссалом дедилар: «Ўтган кишилар умри олдида сизларнинг умрларингиз худди мана шу куннинг ўтган қисми олдидаги қолган қисми кабидир»

Аҳмад ривояти. (Санади саҳиҳ).

Ҳадисда асрдан кейинги қуёш ботишига яқин қолганидек, Қиёмат қойимга ҳам яқин қолгани айтилмоқда.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, имомларингизни ўлдириб, (бир-бирингизга) қилич солмагунларингизгача ва дунёларингизни ёмонларингиз мерос қилиб олмагунича, Қиёмат қойим бўлмайди».

Бу фитна бўлиб ўтган. Усмон ибн Аффон ўлдирилди. Сўнг фитна авж олди. Аллоҳнинг ўзи асрасин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мусулмонларнинг икки гуруҳи бир-бирлари билан урушмагунича Қиёмат бўлмайди. Улар ўртасида улкан жанг бўлиб ўтади. Ҳар иккисининг даъвоси битта бўлади».

Муттафақун алайҳ.

Бу иш Сиффин жангида кўринди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Ҳарж кўпаймагунича Қиёмат қойим бўлмайди.

– Ё Расулуллоҳ. Ҳарж нима ўзи? – деб сўрашди саҳобалар.

Қатл, қатл, – деб жавоб бердилар, Набий алайҳиссалом».

Муслим ривояти.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат олдидан қоп-қоронғу тун бўлакларидек фитналар бўлади. Киши мўмин ҳолда тонг оттириб, кофир ҳолда кеч киргизади. Мўминлигида кеч киргизган киши кофир бўлиб тонг оттиради. Қавмлар ўз динларини дунёнинг бир арази – ўткинчи нарсаси учун сотадилар».

Термизий ривояти. Ҳасан саҳиҳ.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дунёда энг саодатли кимса Лукаъ ибн Лукаъ бўлиб қолмагунича Қиёмат қойим бўлмайди».

Термизий ривояти, ҳасан.

Лукаъ ибн Лукаъ – паст, ярамас қул ёки нодон кимса.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу вафоти яқинлашганида айтди: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис айтиб берайми?! Мендан кейин ҳеч ким уни сизга айтмайди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эшитганман:

– Илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг зоҳир бўлиши, хамрнинг ичилиши, зинонинг ёйилиши ва эркакларнинг камайиб, аёлларнинг кўпайиб кетиши Қиёмат қойим шартларидандир. Ҳатто эллик аёлга битта қаровчи-эркак бўлади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳижоз еридан олов чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Ҳижоздан чиққан бу олов) Бусрадаги туяларнинг бўйнини ёритади».

Муттафақун алайҳ.

Ибн Ҳажар айтади: «Қуртубий ўзининг «Тазкира»сида шундай дейди: «Ҳижоз олови Мадинадан чиқди. У тунги улкан зилзила билан бошланди. Бу 654 ҳижрий сана, жумодул охирнинг учинчи (сешанба) кунида бошланиб, жума куни пешинга яқин тугади».

Нававий айтади: «Барча Шом аҳли бу оловнинг чиққанини жуда яхши билади» («Фатҳул Борий»дан).

(Давоми бор)

Фойдаланилган манбалар:

fitrat.uz

islom.uz

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Номаҳрамлар билан суҳбатлашишга оид ҳукмларТурли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдосотиқ муомалалари, ижара, қарз олдиберди, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш давоми...

3304 17:30 / 03.07.2020
Аллоҳ таоло буюради.Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз, Анъом сураси, 121.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай давоми...

3368 16:25 / 31.01.2019
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Болдир очиладиган яъни, оғир ҳисобкитобга чоғланиладиган ва улар кофирлар кўзлари қуйига эгилган, хорлик уларни давоми...

4453 15:15 / 24.12.2018
Аллоҳ таоло айтади.Албатта, бузуқ ниятлардан бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар давоми...

5873 15:00 / 29.03.2019