1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тадқиқот: Вақтнинг хусусиятлари (биринчи мақола)

09:00 / 22.05.2022 1725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақтнинг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Биз уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим. Вақтнинг хусусиятлари қуйидагилардир:

1. Вақт тез ўтади.

Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамолдек тез ўтади. Бизга хурсандчилик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, инсонга шундай туюлади, холос. Шоирлардан бири айтадики:

Бахту саодатга тўла ойларим,

Гўё давом этди кундан ҳам қисқа,

Ва лекин ҳижронга тўла кунларим

Йиллардек кўринди менинг кўзимга,

Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,

Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.

Бу ёруғ дунёда инсон умри қанчалик узун бўлмасин, ўлим ҳар тирикликнинг ниҳояси экан, у қисқадир.

Ўлим пайтида ўзи яшаб ўтган йиллар ва бир-бирига боғлиқ воқеалар бир неча лаҳзада тез ёниб-сўнувчи чақмоқ каби қисқа туюлади инсонга. Пайғамбарлар орасида энг узоқ яшаган ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида ҳикоят қилинишича, минг йилдан ортиқроқ умр кўрганларидан сўнг, у кишининг жонларини олиш учун ўлим фариштаси келди. Ва у кишидан, «Эй Пайғамбарларнинг энг узун умр кўргани, сиз дунёни қандай тушундингиз?» деб сўради. Шунда Нуҳ алайҳиссалом айтдилар: «(Дунё) гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб, бошқасидан чиқиб кетдим!»

Бу қисса ҳақиқатга қанчалик тўғри келади ёки йўқ, ҳаётий воқеликнинг ҳақиқатини ифодалаган. Бу ҳақиқат инсон умрининг ўлим вақтигача аста-аста сўниб бориши билан белгиланади. Шунингдек, қиёмат қўпганида ҳам инсонга йўқотган ва бой берган нарсаси вақтнинг қанчалик қисқа экани кўрсатилади. Аллоҳ таоло дейди:

«Уни кўрган кунлари худди дунёда кечки пайт ёки чошгоҳдан бошқа турмаганга ўхшарлар» (Нозиъот сураси, 46-оят).

Бошқа бир оятида: «Уларни тўплайдиган кунда худди наҳордан бир соатгина турганга ўхшаб, бир-бирлари билан танишурлар. Батаҳқиқ, Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар ва ҳидоят топганлардан бўлмаганлар зиён кўрдилар» (Юнус сураси, 45-оят).

2. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам.

Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кетувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Бу ҳолни Ҳасан Басрий чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман».

Ҳасан Басрий ҳақларида Имом Али Зайнул Обидин: «Бу зот сўзлари пайғамбарлар сўзларига ўхшаш киши эдилар», деганлар. Кўп кексаларни кўрамиз, ёшлик даврларини яна бир бора қайтишини орзу қилишади, лекин бу фақат орзу бўлиб қолади, холос. Унинг озию кўпи ҳеч нарсани билдирмайди. Шоирлардан бири айтади:

Ортига қайтсайди бир кунга ёшлик

Унга айтардим нелар қилди кексалик.

Бошқа бир шоир умрнинг қай тарзда ўтишини тасвирлаб, унинг кечаю кундузлари ортга қайтмасдан кетади ва бунга умид ҳам йўқ, деб ёзади:

Киши кетар умрининг жиловин тутиб,

Ойу кунлар ичра фонийлик сафари сари,

Кеча ва кундузлар тонг оттириб тунни кутиб,

Дунёни тарк этар яқинлашиб қабр сари.

3. Вақт инсон эга бўладиган нарсаларнинг энг нафисидир. Модомики, вақт тез ўтувчи ва қайтмайдиган ҳамда бирон нарса билан алмаштириб бўлмайдиган нарса экан, у инсон эга бўладиган нарсаларни энг нафиси ва қийматлисидир. Вақтнинг нафислиги ҳар амал ва ишлаб чиқариш учун бир манба, асос (яъни қурол) бўлишидир. У воқеликда, хоҳ шахс, хоҳ жамият бўлсин, асл сармоя ҳисобланади.

Вақт машҳур мақолда айтилганидек, фақат олтиндан эмас, балки қимматбаҳо тош, ҳар қандай нафис гавҳардан, олмосдан, маржону тилладан ҳам бебаҳо, қимматлироқдир. Ислом мутафаккирларидан бири айтганидек: «У ҳаётдир. Инсон ҳаёти эса, унинг туғилган онидан то вафотигача яшаб ўтадиган вақтидир». Бу хусусда яна Ҳасан Басрий айтадиларки: «Эй одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг кетиши демакдир». Ким вақт қадрини ўз онида билмаса, бир кун келиб унинг накадар бебаҳо, қадрли ва ўша вақтда қилинган ишнинг қимматли эканини англаб етади, бироқ унгача у анчагина вақтни бой берган бўлади. Бу хусусда Қуръони Карим инсон икки ҳолатда вақтини зое этганига пушаймон бўлишини эслатади, лекин бу пушаймон фойда бермайдиган пушаймондир.

Биринчи ҳолат – жон бериш пайтида.

Инсоннинг ёруғ дунёдага насибаси тугаб, охират сари юзланган вақтида ўзига яна бироз муҳлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу қилади. Бунга жавоб Қуръонда шундай дейилади:

«Эй иймон келтирганлар! Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, ана ўшалар зиён кўрувчилардир. Ва бирингизга ўлим келиб, «Роббим, агар мени озгина муддатга орқага сурсанг-у, садақа қилсам ва солиҳлардан бўлсам», демасидан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг. Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Ва Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир» (Мунофиқун сураси, 9 – 11-оятлар).

Иккинчиси – охиратда.

Ҳар бир жон амалига яраша мукофотланиб, жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга киритилган бир пайтда дўзахга ҳукм қилинганлар ҳаётга яна бир қайтишни, ҳаётларини янгидан бошлаб, яхши амаллар қилиш орзусига тушиб қолишади. Бироқ улар истаётган нарса ҳақиқатдан нақадар узоқ! Чунки у вақтда муҳлат замони тугалланиб, тақдирлаш замони келган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

«Куфр келтирганларга эса жаҳаннам оташи бордир. Уларга ҳукм қилинмаски, ўлсалар ва улардан унинг азоби ҳам енгиллатилмас. Ҳар бир кофирни шундай жазолаймиз. Улар у ерда: «Роббимиз!!! Бизларни чиқар!!! Қилиб юрган амалларимиздан бошқа солиҳ амаллар қиламиз!!!» деб дод-фарёд солурлар. «Сизларга эслатма оладиган одам эслатма олгудек узоқ умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?! Бас, энди тотаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир» (дейилур)» (Фотир сураси, 36-37-оятлар).

Мана шу оғир саволлар билан уларнинг умидлари узилади, чунки: «Сизларга эслатма оладиган одам эслатма олгудек узоқ умр бермаган эдикми?!» саволига ҳеч бирлари жавоб топа олмайди.

Аллоҳ ҳар бир ақллига яшаганларича (касб-кор) амал қилиши учун нима билан вазифаланишини бериб қўйган ва ғафлатдан уйғотиб, гуноҳларига тавба қилишга имкон берган эди.

Шунгача гуноҳкор тавба қилишга, сарсарилар ўз йўлини топишга ва ғофиллар огоҳланишига вақт бўлади. Бир саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир кишининг ажалини олтмиш ёшга етгунича кечиктирган бўлса, унга узр қолдирмабди», (Бухорий ривояти) деганлар.

(Давоми бор)

Аъзамхон Муҳаммадали тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 4(37) сонидан

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барчамизга маълумки, Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмлари бор. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам баён этилган.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай давоми...

3886 11:03 / 14.02.2022
. . . , . , . ,. . , . , . ,. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Алий давоми...

1230 12:33 / 17 март
1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини давоми...

2563 09:00 / 07.03.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Эй иймон келтирганлар Сизларга аёлларни мажбурлаб меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фаҳш давоми...

1964 11:00 / 14.02.2021