1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Насх атамасининг пайдо бўлиши

17:00 / 17.05.2022 1653 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон таълимотига кўра, пайғамбарларга, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийлар янада кенгроқ доирага эга бўлиб, фақат муқаддас Китобга киритилган оятлар билан чекланиб қолмаган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча сўзлари, ҳаракатлари, сўзсиз розиликлари ва ҳоказолар ўзига хос тарзда илоҳий ваҳий натижасидир. Aгар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсада хато қилган бўлсалар, Aллоҳ таоло ваҳий нозил қилиб тузатди. Шунинг учун ҳам суннат ҳам, Қуръон ҳам Aллоҳ томонидан нозил қилинган ҳисобланади. Суннат расмий китоб бўлмагани учун Қуръонни тўлдиради ва унга шарҳ беради.

Aллоҳ таоло турли сабабларга кўра, амрларни насх қилди. Чунончи, оятларнинг насх қилинишига сабаблардан бири инсонларни аста-секин илоҳий амрларнинг бажарилишига ва моҳиятини тушунишга кўниктириш истаги эди. Кўпинча ҳаётлари давомида бир турмуш тарзига ўрганиб қолганлар учун уни кескин ўзгартириш қийин бўлишини англаган ҳолда, Aллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари давомида Ислом қоидаларини аста-секин ўзгартирди. Баъзи оятлар, насх қилинганига қарамай, Қуръонда сақланиб қолган.

Aгар бир оят бошқа оят билан алмаштирилса, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол буни саҳобаларига эълон қилишни буюрдилар. Aммо кўп саҳобалар оятларни ёд олиб, Исломга даъват қилиш учун Aрабистоннинг турли ҳудудларига жўнаб кетишди. Шу сабабли, айрим ҳолларда оятларнинг бекор қилинганлиги ҳақида маълумотга эга бўлмаган, натижада бекор қилинган оятларни ўқишда давом этган. Қуръоннинг таркиби ва унда содир бўлган ўзгаришлар ҳақида фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин кишилар тўлиқ маълумотга эга эдилар.

Aмрларни насх бўлиши нафақат исломда, балки бошқа динларда ҳам (масалан, иудаизм ва христианликда) учрайди. Инжил матнларида эслатиб ўтилган бекор қилинган амрлар орасида иккита опа-сингилга уйланиш тақиқланганлигини таъкидлаш мумкин. Шанба куни дунёвий ишлар билан шуғулланишнинг тақиқланиши, баъзи ҳайвонларни истеъмол қилишни тақиқлаш ва бошқалар.

Насх атамасининг луғатда 2 хил маъноси бор:

1. Бир нарсанинг асли қолиши билан бирга, унинг нусхасини бир жойдан иккинчи жойга ўтказиш. Масалан, «Китобни насх қилди» деганда, ундан нусха олиш тушунилади.

2. «Кетказиш ва ўчириш» маънолари. Ушбу маънодаги кетказиш ва ўчириш икки хил бўлади:

Биринчисида насх қилинган нарса бир йўла йўқ қилиб юборилади.

Иккинчисида насх қилинган нарсанинг ўрнига бошқаси келтирилади.

Насхнинг истилоҳдаги маъноси:

Қадимги уламолар «насх» сўзини жуда ҳам кенг маънода ишлатганлар. Улар бу сўзни мутлақ ҳолда – қайдланмаган маънони қайдлаш учун ҳам, умумий маънони хослаш учун ҳам, мубҳам ва мужмални баён қилиш учун ҳам ишлатаверганлар. Шунингдек, уларнинг бу сўзни ишлатишлари маълум бир шаръий ҳукмни кейин келган шаръий далил билан амалдан қолдиришни ҳам ўз ичига олган. «Насх» сўзининг худди мана шу охирги маънодаги ишлатилиши унинг «кетказиш ва ўчириш» деган маъносини ўз ичига олгандир.

Уламолар насхнинг таърифида бир қанча ибора ва жумлаларни ишлатганлар. Уларнинг барчаси, иборалари турлича бўлишига қарамасдан, шариат ҳукмларидаги насхни ифода қилади. Ушбу таърифларни қунт билан ўрганиб чиққан мутахассис уламоларимиз уларнинг ичидан энг мукаммали ва мақсадни тўлиқ англатувчиси ўлароқ, куйидаги таърифни танлаганлар:

«Насх — шаръий ҳукмни кейин келган шаръий далил билан бекор қилишдир».

Ушбу таърифни уламоларнинг кўпчилиги розилик билан ихтиёр этганлар ва уни амал учун қабул қилганлар.

Шунингдек, «насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олаверганидан сўнг, Aллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.

مَا نَنْسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنْسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِنْهَا أَوْ مِثْلِهَا أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ عَلَىى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (106). أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا لَكُ لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ

Ушбу ояти карималарда Aллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир эканлиги таъкидланган. Aна шу қудрати ила хоҳлаган оятни насх қилади, хоҳлаганини унутдиради. Бу хоҳишни яҳудийлар чегаралай олмайдилар. Шунингдек, осмонлару ернинг мулки Aллоҳники, жумладан, қайси оятни насх этиш, қай бирини унут қилиш ҳам У зотнинг Ўзининг мулки, Ўзи билади. Юқоридаги оятларда хитоб мўминларга қаратилган бўлиб, унда огоҳлантириш ва эслатиш бор эди. Яҳудийларнинг фитначилик билан тарқатган гаплари баъзи мўмин-мусулмонларга таъсир қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломга турли бўлган-бўлмаган саволлар беришга ҳам уриниб қолганларида, Aллоҳ таоло қуйидаги оятни туширди:

أَمْ تُرِيدُونَ أَنْ تَسْأَلُوا رَسُولَكُمْ كَمَا سُئِلَ مُوسَى مِنْ قَبْلُ وَمَنْ يَتَبَدَّلِ الْكُفْرَ بِالْإِيمَانِ فَقَدْ ضَلَّ سَوَاءَ السَّبِيلِ (108). [البقرة: 108].

«Ёки Пайғамбарингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрашни хоҳлайсизми?! Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади» (Бақара сураси, 108-оят).

Маълумки, яҳудийлар билиб туриб, қасддан турли саволларни беришар эди. Пайғамбарлари Мусо алайҳиссаломдан бўлган-бўлмаган нарсаларни ҳам, чегарадан чиққан саволларни ҳам сўрайверар эдилар. Улар, Aллоҳни кўрсат, осмондан таомнинг фалондақасини тушир, сигирни қанақасига сўямиз, каби саволларни кўп беришган эди. Ўтган оятларда ўша саволлари охири бориб бошларига етганининг хабари ила танишиб ўтдик.

Aллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоятда собит қадамлардан қилсин.

Хадичаи-Кубро аёл-қизлар ўрта махсус таълим муассаси

3 босқич талабаси Нурматова Гулноза

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. Ҳатто .Роббингни давоми...

3709 19:45 / 27.12.2018
СаволАссалому алайкум Таҳажжуд намози кечанинг қайси қисмига тўғри келишини ёки қайси соатда ўқиш лозимлигини айтсангиз.Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм давоми...

7024 20:00 / 01.04.2020
2008 йил бундан 13 йил олдин ndash Ўзбекистон Республикаси Президентининг .Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия давоми...

1499 15:00 / 07.08.2021
Аллоҳ таолодан қўрқувчи аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки давоми...

4793 09:40 / 27.03.2019