1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Фитр садақаси: Кимлар нима учун ва кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилади?

22:27 / 30.04.2022 12744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақадир. У рўзадор учун Рамазон ойи давомида айтган беҳуда гап-сўзлари, қилган хато ва камчиликларини ювиш ҳамда камбағал-мискинларга таомланиш имконини бериш мақсадида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.


ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?

Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни тонг отгандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб ҳисобланади. Рамазоннинг аввалидан берилса ҳам бўлади.

Аммо Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби Рамазон вақтида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.


КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?

Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Ўзида пул йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган шахслар беради.

Шунга ҳам диққат қилиш керакки, киши балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.


КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. "Фатавои Ҳиндия" китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.


КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?

Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.

Шунингдек, ғайридинларга, фисқ ишларини очиқ-ойдин қилиб юрувчи фосиққа, бойга, соғ-саломат ва ишлашга қодир бўлатуриб ишламай юрганга бериб бўлмайди. Бундан ташқари, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.

Фитр садақаси муҳтожларнинг қўлларига мол сифатида берилиши лозим. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши жоиз эмас.


РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?

Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.


ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?

2022 йил учун ҳар бир жон бошига фитр садақасининг миқдори:

2 килограмм буғдой 10 000 (ўн минг) сўм;

4 килограмм арпа 16 000 (ўн олти минг) сўм;

2 килограмм майиз 100 000 (юз минг) сўм;

4 килограмм хурмо 160 000 (бир юз олтиш минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати


Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
.Эътикоф, сўзи .бир нарсани лозим тутиш, маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. давоми...

1173 09:26 / 17 март
Рамазон имкониятлар ойи. Уни муносиб шаклда ўтказган кишига жуда кўп эшиклар очилади. Бу борада эса сизга ушбу тавсиялар асқотади деган умиддамиз64. Дўсту давоми...

1662 17:00 / 25.04.2022
Рамазоннинг Қуръон ойи ва бу ойда ўқилган ҳар бир ҳарф учун беҳисоб ажрсавоблар берилиши ҳақида ўқиган киши ундан бенасиб қолмасликка ҳаракат қилиши табиий, давоми...

6806 09:00 / 10 март
Айтингчи, биз бу ойни тўғри ўтказяпмизми Ундаги ғанимат фурсатлардан фойдалана оляпмизми Аслида уни қандай ўтказиш керак Уламолар Рамазон ойини унумли ўтказишга давоми...

1939 11:00 / 09.04.2022