Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 183-дарс. Жаннатга бузғунчи, миннатчи, бахил кимсалар кирмайди

19:00 / 30.04.2022 6701 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар Аллоҳ бир бандага неъмат берса, унинг асари ўша бандада зоҳир бўлишини яхши кўради», дедилар».

Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.

Юқорида айтилган ояти кариманинг охирида: «Ва кофирларга хорловчи азобларни тайёрлаб қўйганмиз», дейилишидан бу оятлар кимлар ҳақида экани яна ҳам равшан бўлади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннатга бузғунчи ҳам, миннатчи ҳам, бахил ҳам кирмайди», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда зикри келган учта ёмон хулқдан узоқда бўлиш зарур.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Мўминлик улкан шарафдир. Мўмин киши ҳусни хулқ соҳиби бўлади. Унда бахиллик ва бадхулқлик каби ёмон хислатлар мутлақо бўлмайди. Бунга ўхшаш ёмон ахлоқлар билан иймон бир шахсда жам бўла олмайди.

Бахилликнинг зарарлари:

1. Бахиллик иймон билан жам бўлмайди.

2. Бахиллик кўпгина нуқсонларнинг аслидир.

3. Бахиллик кўплаб ёмон хислатларга сабаб бўлади.

4. Бахиллик Аллоҳ таолога ёмон гумонда бўлиш аломатидир.

5. Бахиллик ақлнинг озлиги ва тадбирнинг ёмонлигига далилдир.

6. Бахиллик инсонни ҳалокатга элтувчидир.

7. Бахиллик ахлоқни бузувчидир.

8. Бахиллик улуғнинг обрўсини тўкади.

9. Бахил бу дунёда маҳрумдир, охиратда малъундир.

Бахилликнинг чегараси:

Уламолар бахилликнинг чегараси ҳақида ўзига хос баҳс юритганлар. Баъзилар: «Сарф қилиниши вожиб бўлган нарсани ман қилиш бахилликдир. Ўзига вожиб бўлган нарсани адо қилган шахс бахил бўлмайди», деганлар.

Бу гап унчалик тўғри эмас. Аҳли аёлига ҳоким белгилаб берган миқдордаги нафақани бериб, ундан зиёда ҳеч нарса бермай қўйган одам бахил бўлади. Аслида бахилликдан қутулиш учун шариатда вожиб қилинган миқдорни бериш билан бирга, мурувват тақозо қиладиган нарсани ҳам сидқидилдан бериш керак бўлади.

Шариат вожиб қилган нарса закот ва аҳли аёлнинг нафақасидир.

Мурувват тақозо қиладигани эса торлик вужудга келтирмаслик ва майда-чуйда нарсаларга ҳам эътибор беравермасликдир. Чунки бу ҳолатни одамлар «пасткашлик» дейдилар.

Бу нарса ҳолат ва шахсларга қараб турлича бўлади. Камбағал учун оддий ҳолат бўлган нарса бой учун пасткашлик бўлиши мумкин. Кишининг тор олиши бола-чақасига нисбатан пасткашлик бўлса ҳам, бегонага нисбатан ундай бўлмаслиги мумкин.

Бахил – шариат ҳукми ва мурувват тақозоси ила ман қилиш мумкин бўлмаган нарсани ман қилган шахсдир.

Шариат вожиб ва мурувват тақозо қилган нарсани бемалол сарф қилган киши бахил дейилмайди. Аммо бундан ҳам зиёдани сарф қилмагунча сахий ҳам бўла олмайди.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Иффат диннинг самараларидандир. 2. Иффат иймон мевасидир. 3. Иффат бу дунёда обрўни муҳофаза қилади. 4. Иффат охиратда жаннати наъим лаззатига эриштиради. 5. Иффат давоми...

2175 19:00 / 12.04.2025
171. Агар аёл яхши кўрса, қалбини ўйлаб яхши кўрганидан ажралса, қалби қийналишини ўйлаб, ўзини қурбон қилади. Агар аёл ёмон кўрса, бошқани қурбон қилади.172. Эркакдан, давоми...

6126 15:13 / 03.05.2017
Гуноҳни оғир билишинг Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумондан сени тўсадиган даражага етмасин. Албатта, ким Роббини яхши таниса, У Зотнинг карами олдида гуноҳларини давоми...

3738 05:00 / 06.03.2017
Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий давоми...

5611 20:00 / 26.02.2022