Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 182-дарс. Намознинг сифати (иккинчи мақола)

19:00 / 21.04.2022 5435 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу баёндаги ҳар бир сўзнинг ортида кўпгина шаръий далил ва ҳужжатлар турибди. Биз шарҳ давомида уларни қўлдан келганича ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Шу билан бирга, шариат аҳкомларини омма мусулмонларга осонлаштириб ва тартибга солиб беришда фақиҳларнинг беқиёс хизматларини ҳам ёдга олишимиз керак.

Намозхон намозни бошлашни ирода қилса, «ҳамза» ва «бо»ни чўзмасдан такбир айтиб, икки бош бармоғини қулоқларининг юмшоқ жойларига теккизади.

Намоз ўқишни ният қилган одам «Аллоҳу акбар!»нинг «Аллоҳ» ва «акбар» сўзларидаги «А»ни ва «акбар»даги «б»ни чўзмасдан такбир айтади. Агар чўзиб қўйса, намози бузилади. Такбирни тик туриб, қиблага қараган ҳолда айтиш шарт. Ўтирган ҳолида айтиб, кейин тик турса бўлмайди.

Намозга келиб қўшилганда имом рукуъда турган бўлса, у ҳам энгашиб олиб такбир айтса бўлмайди. Аммо такбир айтаётганида қомати тик турганга яқин бўлса бўлади. Тик ҳолатда такбири таҳримани айтиб, сўнг яна бир такбир айтиб, рукуъга кетади.

Имом такбирни овоз чиқариб айтади.

Иқтидо қилувчининг такбири имомникидан олдин тугамаслиги лозим.

Такбир айтиш билан баробар икки қўлнинг бош бармоқлари учи қулоқларнинг юмшоқ жойларига теккизилади.

Бу амалларнинг ҳужжатлари қуйидагилар:

Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўрганлари айтилган.

رَوَى الطَّحَاوِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَإِسْحَاقُ بْنُ رَاهُوَيْه عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r إِذَا صَلَّى رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى كَانَ إِبْهَامَاهُ حِذَاءَ أُذُنَيْهِ.

Таҳовий, Дора Қутний ва Исҳоқ ибн Роҳовайҳ Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилишган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларининг бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар».

رَوَى الدَّاَرَقُطْنِيُّ وَالْحَاكِمُ عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَبَّرَ فَحَاذَى بِإِبْهَامَيْهِ أُذُنَيْهِ.

Имом Ҳоким ва Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим».

Қўллар кўтарилганда бармоқлар оддий ҳолатда тутилиб, ички тарафи қиблага қаратилади. Яъни бармоқларнинг ораси ўта ёзиб ҳам юборилмайди ёки жуфтлаб ҳам олинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шу нарса таъкидланган.

Аёл киши икки қўлини икки елкаси баробарида кўтаради.

Чунки унинг учун шундай қилиш сатрлироқ.

Ҳар бир улуғлашга далолат қилувчи нарса ила – агар форсча бўлса ҳам, – дуони қўшмаган ҳолда намозни бошлаш жоиз.

Аммо уламолар «Аллоҳу акбар»дан бошқа лафз ила намозни бошлаш макруҳ, деганлар. Юқоридаги фикр эса шу маънодаги турли ибораларнинг жоизлигини билдириш учун айтиб қўйилган, холос. Унга ҳеч ким амал қилмаган ва қилмайди ҳам.

Форсча қироат қилиш жоиз эмас. Фақат узр бўлса, мустасно. Шунга фатво берилади.

Араб тилини билмаган одам уни ўрганиб олгунича ёки кифоя қиладиган даражада оятларни ёдлаб олгунича оятларнинг маъносини бош­қа тилда ўқиб туришига рухсат берилган. Лекин бу масала ҳам олдингисига ўхшаб воқеъликда амал қилинмайдиган рухсат, холос.

Сўнг ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндиги остига қўяди.

Бунинг далили қуйидагича:

عَنْ قَبِيصَةَ بْنِ هُلْبٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَؤُمُّنَا فَيَأْخُذُ شِمَالَهُ بِيَمِينِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Қабийса ибн Ҳулбдан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга имомлик қилар, чап(қўл)ларини ўнг(қўл)лари билан ушлаб олар эдилар».

Термизий ривоят қилган.

وَقَالَ عَلِيُّ t: السُّنَّةُ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِي الصَّلَاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Али розияллоҳу анҳу шундай деди:

«Суннат – намозда кафтни кафт устига қилиб, киндикнинг остига қўйиб туришдир».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳабида мана шу ривоят татбиқ қилинган. Буни бошқа кўпчилик уламолар ҳам қўллаганлар.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . Мусофир ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир. давоми...

9793 19:00 / 01.09.2023
Қуёш нурида исиб қолган сувни ишлатишнинг ҳукми тўғрисида қуйидаги қарашлар айтилган1. Мутлақо макруҳ эмас2. Иссиқ ўлкаларда барча оғзи очиқ идишларда бўлгани давоми...

5797 05:00 / 19.01.2017
Ушбу ном ила охирги пайтларда кўпгина китоблар ёзилди. Молиявий масалалар кўп учраб, мусулмонларнинг ҳожати тезтез тушиб тургани учун ҳам бу иш кўплаб амалга давоми...

5956 14:00 / 10.08.2019
1. .Алмаворийс фишшарийъатил Исламийяти фий зовъил Қуръани вассуннати,.Бу китобнинг муаллифи машҳур олим Муҳаммад Али Собунийдир. Шайх Собуний бу китобини Маккаи давоми...

5910 14:00 / 07.07.2019