1447 йил 1 шаъбон | 2026 йил 20 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Бир аёлнинг эътирофи

18:30 / 29.03.2022 4126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир аёл турмуш қурганига 35 йил бўлганда, ўзининг оила борасидаги фикрларини баён қилибди.

«Шуни тушундимки, ота-онасига, аёлига, опа-синглисига, фарзандларига ва набираларига қўлидаги барча нарсасини фидо қиладиган инсон бу – эркак экан.

Тўхтовсиз, баъзан кечроққача меҳнат қиладиган, қилганда ҳам норозиликсиз, шикоятсиз меҳнат қилиб, ёшлигини, саломатлигини аёли ва фарзандлари учун фидо қиладиган инсон бу – эркак экан.

Икки ёки ундан ортиқ ишда ишлашга тўғри келса ҳам, саломатлиги эвазига бўлса ҳам, оилавий ҳаётини яхшилашга уриниб, фарзандларининг келажагини ўйлаб, шунга яраша ҳаракат қиладиган инсон бу – эркак экан.

Тинмай курашадиган, тиришадиган, уйда ота-онасининг, ишда бошлиғининг танбеҳига бардош берадиган инсон бу – эркак экан.

Бундан ташқари барча маломат ва таъна тошлари эркакнинг бошига тушар экан.

Бироз ўйин-кулгу билан машғул бўлса, «масъулиятсиз одам», уйда ўтирса, «дангаса одам» дейишади.

Фарзандлари хато, айб иш қилса, уларга дакки берса, «ваҳший одам», индамаса, «юмшоқ одам» дейишади.

Аёлининг ишлашига рухсат бермаса, «уйдаги диктатор бошлиқ», ишлашига рухсат берса, «аёлини ишлатиб пулини еювчи текинхўр» дейишади.

Онасининг гапларини тингласа, «онасининг итоаткор боласи», хотинининг гапларини тингласа, «хотини бурнидан ип ўтказиб олган лапашанг» дейишади.

Шунга қарамасдан, фарзандларининг барча соҳада ўзидан яхшироқ бўлишини истовчи инсон ўша ота бўлади.

Фарзандларидан кўнгли тўлиб, улардан рози бўлганда чин қалбдан дуо қиладиган ҳам ота бўлади.

Ота шундай зотки, фарзандлари кичиклигида унинг оёғини боссалар, оёғига чиқсалар, уларни кўтаради. Фарзандлари катта бўлгач, унинг қалбини эзсалар, қалбига озор берсалар ҳам, уларни кўтаради.

Ота шундай зотки, фарзандларига дунёдаги энг афзал нарсани бера олмаса ҳам, уларга қўлидаги энг афзал, балки, қўлидаги ҳамма нарсасини тортиқ этади.

Агар она фарзандларини 9 ой қорнида кўтариб юрса, ота фарзандларини бир умр ақлида, ўй-хаёлларида кўтариб юради».

Бу аёл ўз сўзини мана бу гап билан якунлабди: «Ҳаётингизда отангизни, эрингизни ва бошқа маҳрам эркакларни ҳурмат қилинглар. Чунки уларнинг сизлар учун қанчалик фидокорлик қилишини билмайсизлар».

عَنْ قَيْسِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ الْحِيرَةَ فَرَأَيْتُهُمْ يَسْجُدُونَ لِمَرْزُبَانٍ لَهُمْ، فَقُلْتُ: رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَحَقُّ بِذَلِكَ، فَأَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ لَهُ ذَلِكَ، فَقَالَ: أَرَأَيْتَ لَوْ مَرَرْتَ بِقَبْرٍ أَكُنْتَ تَسْجُدُ لَهُ؟ قُلْتُ: لَا، قَالَ: فَلَا تَفْعَلُوا، لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأَمَرْتُ النِّسَاءَ أَنْ يَسْجُدْنَ لِأَزْوَاجِهِنَّ لِمَا جَعَلَ اللهُ لَهُمْ عَلَيْهِنَّ مِنَ الْحَقِّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ والْحَاكِمُ التِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: لَوْ كُنْتُ آمِرًا أَحَدًا أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأَمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳийрога бориб, уларнинг Марзубонларига сажда қилаётганларини кўрдим. (Ўзимча) бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақлироқлар, дедим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот:

«Айт-чи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилармидинг?» дедилар.

«Йўқ», дедим.

«Ундай қилманглар! Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, Аллоҳ уларга (эрларга) улар (хотинлар) устидан берган ҳақнинг сабабидан аёлларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар».

Абу Довуд, Ҳоким ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилувчи бўлсам, хотинни эрига сажда қилишига амр қилган бўлур эдим», дейилган.

Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса, оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи зарур. Шу билан бирга, Аллоҳ таолога гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам доимо ёдда тутиш керак. («Бахтиёр оила» китобидан).

Аллоҳ таоло оилаларимизни мустаҳкам қилсин! Аёллар ўз эрларига итоат қилишларини ва бошқа маҳрамларининг ҳам ҳурматини жойига қўйишларини насиб этсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Отамни кўриб келсам, майлимиndash Бу нима деганинг, албатта бор, Зайнабим. Аммо мени куттириб қўйма.ndash Узоқ қолмайман. Руқайя ва Умму Кулсумни шундай иймонсиз, давоми...

3212 17:00 / 03.11.2020
IIЎша вақтларда уйланиш учун аёлни эр томон излар эди. Аввал аёл томондан гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга давоми...

4308 09:50 / 11.03.2019
Эмизиш араб тилида .разоъ, дейилади. Бу сўз луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришни англатади.Шаръий истилоҳда давоми...

4290 16:00 / 06.05.2020
Аёлингизни .Нега қиз туғаверасан, деб урушишдан олдин ўйлаб кўринг. Боланинг жинсини ўғил ёки қиз қилиб қўядиган кимАёлингизми ёки сизми Сиз ҳам эмас, аёлингиз ҳам давоми...

3059 19:00 / 21.06.2021