1445 йил 13 шаввол | 2024 йил 22 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Оқила аёлнинг меҳнатлари самараси

14:00 / 15.03.2022 1375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Islom.uz портали «МАЗҲАБЛАР — БИРЛИК РАМЗИ» шиори остида танлов эълон қилган.

3-чорак — шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан @islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган навбатдаги мақолани сиз азизларга ҳавола қиламиз.

Оқила аёлнинг меҳнатлари самараси

У киши Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Убайд ибн Абду Язид ибн Ҳошим ибн Муталлиб ибн Абу Манноф ибн Қусай Қураший, Матлабий, Шофеъий, Ҳижозий, Маккий бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абду Маннофда бирлашадилар.

Уламолар ижмосига кўра, у киши 150 ҳижрий йилда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи вафот этган кунда туғилганлар.

Ҳумайдийдан ривоят қилинади:

«Имом Шофеъий айтадилар: «Мен наҳв ва адабиёт ўрганишлик учун йўлга чиқдим. Мен Муслим ибн Холид Занжийга йўлиқдим. У менга: «Эй йигит қаерликсан», деди. Мен унга: «Аҳли Маккаданман», дедим.

У яна сўради: «Манзилинг қаерда?» Мен жавоб бердим: «Шайбил Хойфда», дедим. У яна сўради: «Қайси қабиладансан». Мен жавоб бердим: «Абдуманноф қабиласиданман». У: «Баракалла. Аллоҳ сени дунё ва охиратда шарафлаб қўйибди. Лекин мана бу фаҳмингни фиқҳга ишлат. Ўзингга жуда яхши бўлади», деди.

Онасининг вафодорлиги Имом Шофеъийни имом бўлишига сабаб эди. Имом Шофеъийнинг онаси барча қобилиятини ишга солиб, ўзининг солиҳа, билимдон ва тиришқоқ оналардан эканини исботлади. Зеро, у Ислом умматига ер ва осмон «қулоғини» тўлдирган буюк имомни туҳфа қилди.

Тарихчиларнинг зикр қилишича, Имом Шофеъийнинг онаси моҳир ва билимдон бўлиб, динда фақиҳ, матонатли, вазиятни чуқур таҳлил қиладиган аёл эди. Бунга далил сифатида ушбу воқеа келтирилади: «Имом Шофеъийнинг онаси, яна бошқа бир аёл ва бир эркак гувоҳлик бериш учун қози олдига боради. Қози икки аёл ўртасини ажратмоқчи бўлади. Лекин юқоридаги сифатларга эга бўлган Шофеъийнинг онаси қозига шундай эътироз билдиради: «Сиз бундай қила олмайсиз! Чунки Аллоҳ таоло айтган: «Бири (унутиб) адашганда, иккинчиси эслатади» (Бақара сураси, 282-оят).

Шунда қози нима қилишини билмайди ва унинг сўзига таслим бўлади».

Бундай она фарзандига фақат ва фақат чиройли қарайди, у яхши яшаши учун кечалари бедор бўлади. Фарзанди учун тўғри йўлни танлайди. Онаси Имом Шофеъий икки ёшга етганида унинг туғилган жойи Ғазодан илм ва фазилат макони бўлган Маккага олиб боради. Макканинг атрофи саҳро бўлиб, у ерда ёш Шофеъий етти ёшида Қуръони Каримни ёдлайди. Сўнг уни араб тилини ўрганиши учун саҳрога — Ҳузайл қабиласига жўнатади. Кейин унга чавандозлик ва ўқ отишни ўтгатади. Имом Шофеъий юзта ўқ отса, уларнинг бирортаси хато кетмас эди. Онаси имкониятга қараб бирор ишни назардан четда колдирмас эди.

Буларнинг барчаси ўғлининг камолоти учун, тарбияси учун қилинган қарорлар бўлган. Имом Молик Имом Шофеъийга 15 ёшлигида фатво беришга рухсат берган. Имом Шофеъий ўша оқила аёлнинг меҳнатлари самараси эди.

Бир куни онаси Шофеъийнинг қўлидан тутди ва унга: «Менга ростгўй бўлишга сўз бер», деди. Шофеъий эса ростгўйлик унга ҳаётдаги маслак ва йўл бўлиши учун онасига сўз берди. Имом Шофеъий ўзининг ёшлигини шундай хотирлайди: «Мен етим ҳолда онам этагида кун кечирардим ва онамнинг муаллимга берадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Муаллим ўзи йўқ вақтда (шогирд) болалар олдида туришимга ва унга ёрдам беришимга рози бўлди. Етти ёшимда Қуръонни ёд олдим. «Муватто» (Имом Моликнинг китоби) китобини ўн ёшимда ёдлаб олдим. Қуръонни тугатдим ва масжидга кирдим. У ерда мен уламолар билан бирга ўтирар ва ҳадис ёки масала ёдлар эдим. Уйимиз ранж-аламда эди. Қоғоз сотиб олишга ҳеч вақо топа олмай, суяк олиб, суякка ёзардим. Ёзилган маълумотларни бошқалардан сўраб олар ва суякларнинг устига ёзар эдим».

Яна айтади: «Онамнинг олдига бордим ва: «Эй онажон! Мен илмда хоксорлик ва муаллим учун одобни ўргандим», дедим».

Кейинчалик онаси Имом Муҳаммад Шайбонийга турмушга чиққан. Натижада, ўғли унинг китобларини ўқиб ўрганди. Имом Муҳаммад вафот этгандан кейин китоблари Имом Шофеъийга мерос қолган. Уларни ўқиб, Имом Шофеъий янада кўпроқ илм ўрганган.

Имом Шофеъий фақиҳ ва муҳаддислари кўп бўлган, номи машҳур бўлган Макка шаҳрида илм ўрганди.

Имом Шофеъий кадри юксак бўлиб, фатво бериш даражасига етишган бўлишига қарамай, ўша чегарада тўхтаб қолмади. Чунки илмнинг чегара ва ҳудуди йўқ. Унга Мадина имоми Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг хабари етиб келди. Ўша вақтда Имом Моликнинг номи уфқларга етиб борган эди. Шунда Имом Шофеъийнинг илм талабида Ясрибга бориш ҳиммати жўш урди. Маккадаги бир кишидан «ал-Муватто» китобини олиб турди, уни ўқиди. Ривоятлар хотирасига ўрнашди. Балки «ал-Муватто»ни ёдлаб олган бўлиши ҳам мумкин. Шу туфайли «ҳижрат уйи Имоми» томон боришга бўлган туртки ортди. У Имом Молик роҳимахуллохдан фиқҳ ва Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганди.

Имом Шофеъий «Макка волийсининг тавсияси» китобини ўзи билан олиб Имом Молик олдига борди. Ушбу сафари билан Имом Шофеъийнинг ҳаёти тўлиғича фиқҳга йўналди. Имом Молик ундаги фаросатни кўриб унга: «Эй Муҳаммад, Аллоҳдан қўрқ, гуноҳлардан четлан! Сен учун шундай иш бўлади (буюк инсон бўласан), иншааллоҳ. Аллоҳ қалбинга нур ташлабди, уни гуноҳ билан ўчириб қўймагин», деди. Кейин унга эртаси куни ҳузурига келишини айтди.

Имом Шофеъий айтадилар:

«Эртаси куни унинг олдига бордим ва овоз чиқариб қўлимдаги китобни ўқий бошладим. Имом Моликнинг ҳайбатидан қўрқиб тўхтатмоқчи бўлдим. У менинг қироатим ва эъробим (араб ёзувидаги ҳаракатлар)им чиройлилигидан ажабланди ва: «Эй йигит, зиёда қил», деди. Ҳатто унга осон кунларда ўқиб бердим».

Бундан кейин Имом Шофеъий Имом Моликнинг «ал-Муватто»сини ривоят қилган, уни маҳкам тутиб, фиқҳни ўрганган. У 179 йилда Имом вафот этгунга қадар Имом фатво берган масалаларни ўрганди. Имом Шофеъий ёши улғайгач, бошқа жойларга бориш вақти келди ва Ислом ўлкаларига сафарлар қилди. Мақсади одамларнинг ҳолати, ижтимоий вазиятни ўрганиш эди. У онасини кўриш учун Маккага борар, унинг насиҳатларини эшитар эди. Лекин Имом Молик билан бирга юриб, илм ўрганиши Имом Шофеъийни уйига бориб келиши ва шахсий ишларини қилишдан тўсмаган.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ вафот этгандан кейин Имом Шофеъий илмдан бир неча қисм ўрганганини сезди. Ўша вақтда камбағал бўлиб, эҳтиёжини қоплайдиган бирор иш қилмоқчи бўлди. Ўша вақтда Ҳижоз ва Яманга борди. Баъзи қурайшликлар Имом Шофеъийга шерик бўлмоқчи бўлди. Бир уйни ижарага олди ва онаси билан у ерда яшади.

Аббосийлар ҳокимиятга келгач, алавийларни қўллаб-қувватлаганларни таъқибга олди. Имом Шофеъий ҳам алавийлар билан бирга, деган туҳматда айбланди. Бу ишда жуда кўпчилик қатл қилинди, Имом Шофеъий эса ҳужжати кучли бўлгани ва Муҳаммад ибн Ҳасан (Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирди) гувоҳлиги билан ўлимдан қутулиб қолди. Имом Шофеъий юқоридаги айблар туфайли 184 ҳижрий санада, яъни 34 ёшида Бағдодга келди. Бу нарсалар уни илмга ва дарс қилиш томон йўналтирди. Холид инсонларга фиқҳ ва тахриждан дарс ўтар эди.

Бу иш Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Ҳасан роҳималлоҳ олдига кирганда бўлган эди. Ундан ҳам Имом Шофеъий Холиднинг исми ва фиқҳини эшитган, чунки у ироқликлар фиқҳини кўтариб юрувчи ва тарқатувчиси эди.

Имом Шофеъий ироқликлар фиқҳини ўрганди. Имом Муҳаммаднинг китобларини ўқиди ва ўзига олди. Шундай қилиб унда Ҳижоз ва Ироқ фиқҳи жамланди. Нақл кўп қўлланадиган ва ақл ҳам кўп ишлатиладиган, икки хил фиқҳ унда мужассам бўлди.

Ибн Хажар Асқалоний айтади: «Мадинадаги фиқҳ Молик ибн Анасга бориб тақалади, Шофеъий у ерга борди, имомни маҳкам тутди ва илмини ўрганди. Ироқдаги фиқҳ Абу Ҳанифага бориб тақалади. Шофеъий унинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасандан илм олди. Шу тариқа унда аҳли раъй, аҳли ҳадис илми жамланди. Ҳатто бунда аслларнинг аслини бошқарди, қоидалар ишлаб чиқди. Қилган иши машҳур, қадри юксак бўлиб, жуда кўп натижаларга эришди».

«Раббоний уламолар» китоби асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Эслатма:

Танлов иштирокчиларидан қуйидаги мавзуларда мақола ҳамда (араб, рус, инглиз, форс ва бошқа тиллардан) таржималар, илмий-тадқиқот ишлари, аудио ва видеосуҳбатлар тақдим этишлари талаб этилади:

— Мазҳаб тушунчаси ва унинг тарихи;

— Мазҳаб ҳақида мўътабар уламоларнинг фикрлари;

— Мазҳаб имомлари ва уларнинг шогирдлари;

— Мазҳабнинг усуллари;

— Мазҳабга оид мўътабар асарлар;

— Масҳабсизлик ва унинг хатарлари.

Танлов шартига кўра, тақдим этилаётган материаллар аввал бошқа манбаларда берилмаган бўлиши, илмий асосга эга бўлиши лозим.

Танлов тўрт чоракдан иборат бўлиб, ҳар бир чорак битта мазҳабга бағишланади:

1-чорак — ҳанафий мазҳаби;

2-чорак — моликий мазҳаби;

3-чорак — шофеъий мазҳаби;

4-чорак — ҳанбалий мазҳаби.

Иштирокчилар томонидан тақдим этилган материаллар islom.uz сайтида эълон қилиб борилади. Материалларни @islomuztanlovbot телеграм манзилига юборишингиз мумкин. Танлов 1443 йил зулҳижжа ойида (2022 йилнинг июль ойида) якунланади. Ғолиблар қимматбаҳо мукофот ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишини кўриши хурсанд қилишини истаса, Урва ибн Зубайрга боқсин, Абдулмалик ибн Марвон Тўлиқ исми ва таваллудиАбу Абдуллоҳ Урва ибн давоми...

1641 16:06 / 13.02.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар .Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб давоми...

925 10:42 / 06.02.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради, давоми...

1695 10:32 / 22.01.2021
Маълумки, islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган эди. Бугундан бошлаб 1чорак mdash ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз давоми...

1910 00:00 / 10.03.2021
Аудиолар

120227 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41884 14:35 / 11.08.2021