1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Жуманинг фазилатларидан баҳраманд бўлиш

18:30 / 13.03.2022 2690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ أَتَى الْجُمُعَةَ فَدَنَا وَاسْتَمَعَ وَأَنْصَتَ غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ وَزِيَادَةُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ، وَمَنْ مَسَّ الْحَصَا فَقَدْ لَغَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким яхшилаб таҳорат қилса-ю, сўнгра Жумъага бориб, (имомга) яқинлашса, тингласа, жим ўтирса, унинг бу билан ўтган Жумъа орасидаги ва яна зиёда уч кунлик (гуноҳлари) мағфират қилинади. Ким майда тошларни тўғрилаб олса, ортиқча иш қилибди», дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жуманинг бир неча одобларини баён қилмоқдалар:

1. Жумага яхшилаб таҳорат қилиб бориш.

Бориб, сўнгра таҳорат қилиш ёки бир оз ўтириб, кейин таҳоратга чиқиш яхши эмаслиги шундан кўриниб турибди. Бу мулоҳазани ҳеч унутмаслик керак.

2. Иложи борича имомга яқинроқ бўлишга ҳаракат қилиш. Чунки имомга қанчалик яқин бўлса, киши хутбани шунчалик яхши эшитади. Жума кунининг асосий ишларидан бири ҳам хутба тинглашдир.

3. Хутбани яхшилаб тинглаб, ундан фойда олиш.

Чунки одатда Жума хутбаларида фойдали ваъз-насиҳатлар қилинади.

4. Жим ўтириш.

Жим ўтирган одам ўзи хутбани яхши эшита олмаса ҳам, бошқаларга халақит бермайди. Жим ўтирмаган одам эса ўзи ҳам эшитмайди, ўзгаларга ҳам эшиттирмайди. Шунинг учун хутбани ўзи эшитмаган тақдирда ҳам, жим ўтириши керак.

5. Намоз ўқийдиган жойдаги майда тошларни текислаш ва шунга ўхшаш ишлар билан машғул бўлмаслик. Аксинча, Жуманинг фазилатларидан кўпроқ баҳраманд бўлиш учун зикр ва ибодат билан машғул бўлиш керак.

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳадисдаги «тингласа, жим ўтирса» деган иборалардан ва тошларни текислашга ҳам рухсат берилмаганлигидан имом хутба қилаётганида намоз ўқиб бўлмаслигини олганлар.

Муҳими, юқоридаги шартларни бажо келтирган мўмин кишининг икки Жума орасидаги гуноҳлари ва яна қўшимча уч кунлик гуноҳлари мағфират қилинишини унутмаслик лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мажлисдавраларда икки киши бирбирининг қулоғига шивирлаб, пинҳона гаплашмайди, мажлис аҳлининг баъзилари билиб, бошқалари билмайдиган тилда сўзлашилмайди. Икки давоми...

7860 12:31 / 29.01.2019
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кишининг жамоат ила ўқиган намози давоми...

3887 18:00 / 12.09.2021
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир саломга алик давоми...

1458 11:33 / 21.07.2024
Мажлисга кирган одам икки кишининг орасига фақатгина уларнинг рухсати билан ўтириши мумкин. Чунки мазкур икки кишининг ўзаро муҳаббати, сирли гапи ёки давоми...

4187 13:02 / 05.02.2019
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130286 14:35 / 11.08.2021