Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (173-дарс). Пайғамбарларнинг фазли ҳақида

18:31 / 08.03.2022 2682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади:

«Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик» (253-оят).

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Ана ўшалар» деган сўз келмоқда. Бу пайғамбар алайҳиссаломларга нисбатан бўлган эҳтиром рамзидир. «Улар», «анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан,

«Ана ўшалар  расуллардир», дейилиши улкан ҳурматга далолат қилади.

Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун экани ва ўша устунлик нимада экани ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».

Мазкур фазл Пайғамбар алайҳиссаломларни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматлар ва авлодларга юборилган бўладилар.

Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

«Улардан Аллоҳ гаплашгани бор».

Яъни пайғамбарлар ичида Аллоҳ у билан гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Бу маъно озми-кўпми, диндан хабардор барча кишиларга маълум. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳам бир неча бор такрорланган ҳақиқатдир. Мусо алайҳиссаломнинг лақаблари «Калиймуллоҳ»дир. Яъни «Аллоҳ ила сўзлашган». Шунинг учун ҳам оятда у кишининг номлари айтиб ўтирилмади.

«...ва баъзиларининг даражасини кўтарган».

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

«Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик».

Қуръони Карим доимо Ийсо алайҳиссаломни оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у кишининг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканлигини исбот қилади.

У кишига берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у кишига туширилган Инжил китоби ва у кишига Аллоҳ берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Муқаддас руҳ» деб таржима қилинган «Руҳул қудус»дан мурод Жаброил фаришта алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, катта қўллаш ҳисобланган.

Ояти каримада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун, у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад алайҳиссаломга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зотнинг пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У кишининг пайғамбарликлари барча авлодлар, барча умматлар ва халқлар учундир. У кишининг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У кишининг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у кишидан кейин ваҳий келиши тўхтаган.

Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб, Муҳаммад алайҳиссаломга бергандир. Шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», дейдилар.

Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозуъ!

Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб: «Оятда воқеъликдан хабар берилган, ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканлигига далолат», деганлар.

Аммо пайғамбарларнинг пайғамбар эканликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқ қилинмайди. Бу ҳақда Бақара сурасининг охирида айтиладики:

«Расулларининг бирорталарини ажратмаймиз» (285-оят).

Яъни Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.

Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди. Чунки мазкур пайғамбарларнинг барчасига тушган дин Ислом бўлган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу сифат Аллоҳ таолонинг зотида азалдан қоим бир сифат бўлиб, у билан У Зот амр қилувчи, наҳий қилувчи ва хабар берувчидир. У Зот у ила Ўз расулларига Қуръон, Таврот давоми...

4141 13:00 / 04.03.2019
Ақоид илмини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир толиби илм билиши зарур бўлган тоифалар ndash ўзини илми каломга урган фирқалар қуйидагиларХаворижМусулмонларнинг давоми...

7944 10:46 / 15.10.2018
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади .Эсла, фаришталарга .Одамга сажда қилинглар, дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, давоми...

2669 19:00 / 01.08.2022
1. Шафоатнинг биринчи тури улуғ шафоат бўлиб, у Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари бўлмиш барча набий ва расул алайҳиссаломлар ичидан у зотнинг давоми...

4612 14:06 / 13.07.2020