1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Қўлларимни тобутдан чиқариб қўйинглар!

14:32 / 14.02.2022 3444 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Султон Сулаймон Қонуний айтган экан:

"Ўлганимдан сўнг қўлларимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Халқ билсинки, султон дунёдан қўллари бўм-бўш ҳолда кетаяпти!".

Сулаймон Қонуний Усмонийларнинг буюк султонларидан биридир. Менимча Муҳаммад Фотиҳдан бошқаси ундан олдинда турмаса керак. Фотиҳнинг олдин туришига келсак, унинг кўксида Набавий орден бор:

"Ҳали келажакда Қустантийнийя фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган қўшин қандай ҳам яхши қўшин. Унинг амири қандай ҳам яхши амир!".

Сулаймон Қонуний эса Усмоний султонлар ичида энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган султон ҳисобланади. Унинг ҳукмронлиги 46 йил давом этган. У жангларда қўшинни ўзи бошқарар эди. У шарқ ва ғарбдаги пойтахтлар бўлмиш Афина, София, Будапешт, Белград, Қуддус, Димашқ, Бағдод, Қоҳира, Табриз ва бошқаларга ҳукмронлик қилди. Сулаймон Қонуний қуръони каримни, "саҳиҳи Бухорий"ни тўла ёд олган эди. Турк, араб, форс ва серб тилларида эркин сўзлашар эди. Қозилик ва давлат ишларини мустаҳкамлашдаги ислоҳотлари сабабли "Қонуний" лақабини олган эди.

Агар бир фақир киши сизга зоҳидликдан, дунёдан юз ўгиришдан гапирса "ҳа энди бу мажбурликдан, ноиложликдан зуҳддан гапираяпти-да!" дейишингиз мумкин. Агар ғарбу шарққа ҳукмрон бўлган султон зоҳидликдан гапирса бундан ҳайратланмасдан иложингиз йўқ.

Сулаймон Қонуний тириклигида ваъз қилиб юрганидек, ўлганидан кейин ҳам ваъз қилишни истади. У "Биз қанча яшасакда, охири барибир барини ташлаб, қуруқ қўл билан кетамиз", демоқчи бўлди.

Мен ҳаргиз "мол арзимас нарса, уни жамламанг, мол дунёнинг кирлигидир, уни қўйинг!" , демайман. Мен "энг яхши мол солиҳ инсон қўлидаги ҳалол молдир", дейман. Чунки мол ҳаётнинг ғилдирагидир. Олдин ҳам шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Аммо шуни унутмаслигимиз лозимки, мол ҳаётнинг ғилдираги, ҳаётнинг ўзи эмас. У ғоя эмас, василадир.

Акс ҳолда инсон ворислари учун мардикор бўлиб қолади. Бир воқеа ёдимга тушди. Бир  киши катта бир миллионерга шофёрлик қилар экан. Миллионер вафот қилиб бутун бойлиги хотинига қолибди. Унинг хотини ҳалиги шофёрга турмушга чиқибди. Шофёр айтади:

"Мен хўжайинимга ишлайман деб ўйлар эдим. Энди билсам хўжайиним бутун умр менга ишлаган экан!".

Мол жамланг, ҳаётингизни гўзал қилинг, шароитларингизни қулай қилинг. Инсон фарзанларини фақир қилиб, бошқалардан тиланиб юрадиган қилиб қолдирганидан кўра уларни бой қилиб қолдиргани афзалдир. Аммо шуни унутмангки, сиз молни яшаш учун жамлаяпсиз!

Шуни унутмангки, ҳаётдаги энг қимматбаҳо нарсаларнинг баҳоси йўқ. Сизни соғиниб кутадиган ота-она бойлик. Сизга муҳаббатли завжа бойлик. Намозининг ортидан сизнинг ҳаққингизда дуо қиладиган солиҳ фарзанд бойлик.

Сизга совуқ шабадани раво кўрмайдиган дўстни дунё молини бериб ҳам топа олмайсиз. Сиҳҳатини йўқотган бойлардан молнинг қадрини сўранг. Фарзанди йўқ бойлардан молнинг қадрини сўранг.

Агар нарсаларнинг қийматини билсак ҳаммамиз боймиз. Бу сайёрадаги беш миллиарддан ортиқ инсон дўзахга кетаётганида сизнинг мусулмон хонадонида мусулмон ўлароқ туғилишингиз Қоруннинг, Фиръавннинг, Намруднинг бойлигидан афзалдир!

Амалдорлар миллат мулкини ўғирлаётганида, уни чет эл банкларида жойлаётганида, ҳаром пул топаётганида, пора олаётганида, халқ мулкини талон-тарож қилаётганида сиз Аллоҳдан қўрқиб, озгина ризққа қаноат қилган ҳолда масжидда сажда қилар экансиз, бу баҳоси йўқ неъматдир!

Ҳаммамиз биламизки, молга дори-дармон сотиб олса бўлади, аммо соғликни сотиб олиб бўлмайди.

Молга ҳашаматли крават сотиб олса бўлади, аммо уйқу сотиб олиб бўлмайди.

Молга латифа китобларини сотиб олса бўлади, аммо кулгуни сотиб олиб бўлмайди.

Биздан талаб қилинадигани, билимимизни сулук ва шуъурга айлантиришдир.

Мен ишонч билан айтишим мумкинки, кўпгина қасрларда кишилар тириклайин кўмилган. Улар қаср эмас, қабр. Муҳаббатни билмаган аёлларнинг қўлидаги билакузук, бўйнидаги тилла мунчоқ кишан ва ғулдан бошқа нарса эмас.

Мол жамланг, уни заҳира қилинг, аммо тобутга ҳам ундан заҳира қилиб қўйишни унутманг!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади.Баъзи кишилар менинг даъватларимни эшитиб, мени тараққиётга қарши, ривожланишдан узоқ инсон, дейишади. Таажжуб...Мен машинанинг давоми...

1989 09:39 / 24.10.2021
Тишингиз қаттиқ оғриб, даволашга ҳам имкон бўлмаганда, оғриқнинг зўридан сизнинг ягона ташвишингиз, уни олдириб ташлаш бўлиб қолади. Уни олдириб давоми...

2247 14:00 / 18.02.2023
Футбол спорт тури quotмиллионлар ўйиниquot деган жумла эскирди. Эндиликда у quotмиллиардлар ўйиниquotга айланиб бўлди. Битта копток кетидан миллиардлаган одам югуриб давоми...

2912 19:00 / 29.05.2022
Луис ўн биринчи мунажжимларга ихлос қўйган эди. Ҳатто баъзида сиёсий ҳолатларни ҳам мунажжимлар башоратига қараб ўзгартириб юборар эди.Шундай буюк қиролнинг давоми...

3149 12:30 / 03.02.2022