1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Муҳаммад ҳам бир Расул...

17:00 / 04.01.2022 2756 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар». (Оли Имрон сураси, 144-оят).

Уҳуд жангида камончилар ўз жойларини тарк этгач, мусулмонларнинг мушриклар қуршовида қолган қисми жуда оғир ҳолатга тушиб қолдилар. Шу пайт мушриклардан Ибн Қамъа исмли одам зарб билан Набий алайҳиссаломнинг бошларини ёрди ва мушрикларнинг ҳузурига бориб: «Муҳаммадни ўлдирдим!!!» деб қичқирди. Жанг майдонида «Муҳаммад ўлибди», «Расулуллоҳ ўлибди» деган гап яшин тезлигида тарқалди. Бу хабарни эшитган мусулмонларда бўшашиш ва заифлик пайдо бўлди. Улар тумтарақай бўлиб, дуч келган томонга қоча бошладилар. Фақат Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг оз сонли кишилар билан собит туришларигина катта фалокатнинг олдини олди. «Расуллуллоҳ ўлди» деган хабар мусулмонларни ҳаддан ташқари умидсизлантириб юборди. Ҳаттоки Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумо каби улкан саҳобийлар ҳам бу машъум хабардан кейин умидсиз бўлиб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан биргаликда жангни тўхтатиб, ўтириб қолишди. Ушбу оят мусулмонларнинг бу тасаввурлари нотўғри эканини баён қилиб, уларга ибратли дарс бермоқда:

«Муҳаммад ҳам бир Расул, холос».

Яъни «Сизларга йўлбошчи бўлиб юрган Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби бир пайғамбардир, холос».

«Ундан олдин ҳам расуллар ўтган».

У ўша ўтган пайғамбарлар силсиласидан бир ҳалқадир. Аллоҳ Ўз динини бандаларига етказиш учун уларнинг ичидан Одам Атодан буён ҳар замон ва ҳар қавмнинг хусусиятларига қараб пайғамбарлар танлаб, уларга ваҳий юбориб турган. Инсоният тарихи давомида кўплаб пайғамбарлар келиб, кетганлар.

«Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?!»

«Муҳаммаднинг ўлими сизларни Аллоҳнинг динидан қайтарадими?! Сиз эътиқод қилаётган дин Муҳаммаднинг дини эмас-ку, балки Аллоҳнинг дини-ку! Аллоҳнинг динига хизмат қилиш учун қанчадан-қанча пайғамбарлар келиб, кетганлар. Ислом дини бир кишининг ҳаётига боғлиқ эмас. Балки у қиёмат қўпгунча қоладиган диндир. Агар бир кишининг, ҳатто Муҳаммад алайҳиссалом каби улкан ва комил инсоннинг ҳаётига боғлиқ бўладиган бўлса, унинг абадийлиги қолмас эди. Демак, унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганингиздан сўнг тушкунликка тушиб, қочиб қолишингиз нотўғридир».

«Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас».

Ҳаммангиз қайтиб кетсангиз ҳам, Аллоҳга ҳеч зарар етмайди. Балки ким орқага қайтса, ўшанинг ўзи зарар тортади. Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улкан неъматдир. Кимки бу неъматга ҳидоят топса, икки дунёнинг бахтига муяссар бўлади.

«Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар».

Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради.

Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб келган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Набий алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбага қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларининг масъул эканликларини сезсинлар.

Шу билан бирга, бу ҳодиса ва оят Набий алайҳиссаломнинг вафотларига тайёргарлик, мусулмонлар бошига бир куни шундай мусибат тушганда довдираб қолмасликлари учун дарс эди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. У киши вафот этганларида, ҳеч кимнинг ишонгиси келмади. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини чиқариб: «Ким «Муҳаммад ўлди», деса, бошини узаман!» деб ҳовлида айланиб юрдилар. Фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу ҳақиқатни тушуниб етдилар. Бу вақтда у киши шаҳардан ташқарига чиққан эдилар. Хабарни эшитиб, тезда етиб келдилар. Ҳужраи Саодатга кириб, Пайғамбар алайҳиссолату вассаломни ўпдилар-да:

«Тириклигингизда ҳам пок эдингиз, ўликлигингизда ҳам поксиз, – дедилар. Сўнгра ташқарига чиқиб, баланд овоз билан: – Эй одамлар! Ким Муҳаммадга сиғинаётган бўлса, Муҳаммад вафот этди! Аммо ким Аллоҳга сиғинаётган бўлса, Аллоҳ тирик ва ўлмайди!» – дедилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Ана ўшандагина мусулмонлар ўзларига келиб, ҳушёр тортдилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён давоми...

2815 19:00 / 18.01.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб давоми...

969 19:04 / 25.07.2023
Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда давоми...

4434 09:05 / 22.04.2018
.Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Моида сураси, давоми...

932 19:00 / 19.09.2023
Аудиолар

118804 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021