1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ва ҳадисда қор ҳақида маълумот борми?

15:00 / 03.12.2021 4943 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар сафар илк қор ёққанда, Қуръонга оид баъзи нохуш сўзлар қулоққа чалинади. Айрим жоҳил кимсалар: «Қуръон ва ҳадисда қор ҳақида маълумот келмаган», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қор ҳақида ҳеч нарса айтмаганлар» ва бошқа шу каби асоссиз фикрлани ёйиб, Ислом дини манбаларидан камчилик топишга ҳаракат қиладилар.

Тўғри, Қуръони Каримда «қор» (ثلج) сўзи келмаган, аммо унга далолат қиладиган лафзлар зикр мавжуд. Қолаверса, муфассир уламолар Қуръонда қор ҳақида ҳам маълумотлар бор эканини таъкидлаганлар. Шунингдек, ишончли ҳадиси шарифларда ҳам “қор” сўзи ишлатилганини кўриш мумкин. Бугунги маълумотларимиз шу мавзуга бағишланади. Қуръондаги қорга оид бир оятни ўрганиш билан чекланамиз.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур» (Нур сураси, 43-оят).

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мазкур оятдаги «ундаги тоғлардан дўл тушириб» жумласини шундай тафсир қилган: «Тоғлардан мурод булут бўлиб, Аллоҳ булутдан қор ва дўл ёғдиради.

Одатда, бирор нарса тоққа ўхшатилганда қуйидаги икки маъно назарда тутилади:

Кўплик ва шиддат, дағаллик (мустаҳкамлик) ва улуғлик маъноси.

Шунингдек, оятдаги тоғлар ҳақиқий маънодаги тоғ бўлиши ҳам мумкин. Унинг қаердагили, яъни осмондами ёки ер ва осмон ўртасидами, маълум эмас.

Абул Баракот Насафий раҳимаҳуллоҳ (в. 1310 й.) мазкур оятни шундай шарҳлайди: «Аллоҳ таоло ерда тошдан тоғ яратгани каби осмонда дўлдан тоғ яратади. Сўнг мазкур тоғдан дўл (қор) ёғдиради».

Абул Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ (в. 985 й.) бу ҳақда шундай ёзади: “Осмон тоғлари ер тоғларидан кўп бўлиб, улардан бири дўлдан иборатдир. Аллоҳ ушбу тоғдан дўл ёғдиради. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган: “Дўл – бу қордир. Мен уни кўрмаганман”.

Оятдаги тоғ “кўплик” маъносини ҳам англатади. Яъни, юқоридаги оят “Аллоҳ таоло осмондан тоғдек кўп қор ёғдиради”, деган маънони билдиради”.

Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ мазкур оятнинг мўъжизакор маъноларига эътибор қаратиб, жумладан шундай ёзади: “Аллоҳ таоло тоққа ўхшаш қалин булутлардан ёмғир ёғдиради. Шунингдек, осмонга кўтарилаётган буғлардаги совуқликнинг таъсирига қараб, қор ва дўл ҳам ёғдиради. Оятда зикр этилган “тоғлар” мажозий маънода булутларни англатади. Зеро, улар осмонда пурвиқор тоғлардек кўринади. Одатда самолётда уч минг қадам юқорига кўтарилганимизда уларни кўрамиз.

Баъзи муфассирларнинг фикрича, оятдаги “тоғлар” ҳақиқий маънода келган. Яъни, Аллоҳ таоло ҳақиқатдан ҳам осмонда дўлдан бўлган тоғларни яратган бўлиб, улардан дўл ва қорларни ёғдиради. Бу қарашлар ҳозирги баъзи замонавий назарияларни қўллаб-қувватлайди. Зеро, айрим тадқиқотларда атмосферанинг баъзи табақаларида дўлдан иборат тоғлар мавжудлиги исботланган”.

Дарҳақиқат, юқоридаги оят хусусида олимларимиз томонидан берилган маълумотлар, тафсир ва изоҳлар Қуръоннинг мўжизакорлигини яна бир бор исботлайди. Хусусан, Х асрда ижод қилган Абу Мансур Мотуридий ва Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳнинг самодаги муз тоғлари – айсберглар ҳақида билдирган фикрлари фикримизнинг яққол исботидир.

Манбалар:

1. Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот Аҳл ас-сунна. Таҳқиқ: Аҳмад Вонли ўғли, Бакр Тупол ўғли. Ж.10. – Истанбул: Дар ал-мийзан, 2005.– Б. 183;

2. Абул Баракот Насафий. Мадорик ат-Танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил (Тафсир ан-Насафий) Ж.2. – Байрут: Дар ал-калим ат-таййиб, 1998. – Б. 511;

3. Абу Лайс Самарқандий. Баҳр ал-улум (Тафсир ас-Самарқандий). Ж.2. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1993. – Б. 444;

4. Доктор Ваҳба Зуҳайлий. Ат-тафсир ал-мунир фи-л-ақида ва-ш-шаиъа ва-л-манҳаж. Ж.9. – Дамашқ: Дар ал-фикр, 2009. – Б. 605.

Абдуллоҳ Абдулмажид тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авзоийдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз ҳар куни ўз молмулкидан мусулмонлар таоми учун бир дирҳам ажратар, сўнгра ўзлари ҳам улар билан бирга ер эдилар. давоми...

3035 08:01 / 31.01.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз жума куни рўза тутмасин. Магар ундан олдин ёки кейин тутсангиз, давоми...

2331 10:00 / 30.05.2019
Қарздор одам қуйидаги ҳадиси шарифда келадиган намозни ўқиб, ундаги дуони қилса, ҳожати раво бўлиши умид қилинади. . , . . .Усмон давоми...

4254 17:30 / 28.04.2019
Агар кишининг хотини ва фарзандлари намоз ўқимаса, қиёматда эркак киши улар учун жавобгар бўладимиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Албатта жавобгар бўлади. давоми...

8083 20:40 / 06.01.2019
Аудиолар

211073 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130334 14:35 / 11.08.2021