1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нега ўлимни ёмон кўрамиз?

10:06 / 18.11.2021 2295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вуҳайб ибн Варад, Суфён Саврий ва Юсуф ибн Асбот роҳимаҳумуллоҳ бир куни жамланиб қолишди. Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ деди:

- Олдин ўлимни ёмон кўрар эдим. Бугун эса ўлишни хоҳлаяпман.

Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳ сўради:

- Нима учун?

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ деди:

- Фитналардан қўрққаним учун.

Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳ деди:

- Мен эса ҳали-ҳануз ёмон кўраман.

Суфён роҳимаҳуллоҳ сўради:

- Нега ўлимни ёмон кўрасиз?

Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳ жавоб берди:

- Шояд тавба қиладиган ва солиҳ амал қиладиган кунни топсам.

Кейин улар Вуҳайб роҳимаҳуллоҳдан сўрашди:

- Сиз нима дейсиз?

Вуҳайб роҳимаҳуллоҳ деди:

- Мен ҳеч нарсани танламайман. Аллоҳ нимани ихтиёр қилса ўша мен учун суюклидир!

Олдинги салафларимизнинг иймонидан таажжуб қилмай иложингиз йўқ.

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳга динда фитнага учрагандан кўра ўлим яхшироқ экан. Ақидасида офиятда яшамас экан, қабрни афзал биляпти. Мана шу хаёлда дунёдан ўтишни ютуқ деб ўйлаяпти. Уни қанча яшаш эмас, қандай яшаш қизиқтиряпти.

Нуҳ алайҳиссаломнинг қаҳрамонликлари 950 йил яшаганлари билан эмас, уни қандай ўтказганликлари билан ўлчанади. Ўйлаб кўринг, қарийб минг йилни Аллоҳ томон собит юриш билан ўтказганлар.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу эса 30 ёшда исломга кирди, 36 ёшда шаҳид бўлди. Исломда атига 6 йил яшади.Унинг вафотидан Арш ларзага келди. Жанозасига 70000 фаришта ҳозир бўлди. Демак, умрнинг узун ёки қисқа бўлиши муҳим эмас. Муҳими уни қандай ўтказишдир. Яъни, умр Аллоҳ томон сайр билан тўла бўлсин!

Энди Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳни қўйиб Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳга юзланайлик. Унинг ўзгача фикри бор. У кўпроқ ибодат қилиш учун, кўпроқ тавба қилиш учун, Аллоҳга  кўпроқ яқин бўлиш учун кўпроқ яшашни истамоқда. Бу ўринда аввалги фикрга қарши фикр бўлмаяпти. Агар гапларимни тааммул қилсангиз икки фикрни жамлашга ҳаракат қилганимни англайсиз.

Биринчи фикр: Инсон эртага ўлаётгандек ҳаракат қилиши лозим.

Иккинчи фикр: Иймонда юқори чўққиларга кўтарилиш учун кўпроқ яшашни исташ керак.

Ёдингизда бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки ака-ука келиб мусулмон бўлади. Улардан бири ибодатда ғайрат ва ҳимматли бўлади. У навбатдаги ғазотда шаҳид бўлади.

Иккинчиси эса бироз вақт ўтиб вафот этади. Кишилар аввалгисини мақтаб гапиришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар:

«Иккинчиси намоз ўқимасмиди, Рамазон рўзасини тутмасмиди?! Унинг намоз ва рўзаси қанақа даражаларга кўтарганини сиз қаердан биласиз?!».

Энди Суфён Саврий ва Юсуф ибн Асбот роҳимаҳумаллоҳни қўйиб Вуҳайб ибн Варад роҳимаҳуллоҳга ўтамиз.

У зот бу ҳодисада уччаловининг ичида энг фақиҳидир. У одобда шунақа чўққига чиққанки, бутун измини Роббига топшириб қўйган. Аллоҳнинг танлагани унинг учун суюкли.

Дўстим! Инсон бу дунёда кўп нарсани истайди. Аллоҳдан ҳарорат билан сўрайдиган истаклари бўлади барчанинг. Бир нарсаларни орзу қилишнинг зарари йўқ. Оз нарсани ҳам, кўп нарсани ҳам сўраб Аллоҳга илтижо қилиш иймоннинг мукаммаллигидандир. Аммо инсон Аллоҳнинг ихтиёр қилгани ўзининг ихтиёр қилганидан яхшилигини билмас экан, бандаликнинг чўққисига ета олмайди.

Биз баъзан Аллоҳдан бир нарсани ёлвориб сўраганимизда уни бизга Аллоҳ бермаган. Вақт ўтиб ўша сўраганимизни бермагани биз учун яхши бўлганлигини англаймиз.

Аллоҳнинг ман қилишида ато бордир. Буни вақт ўтиб идрок қилинади. Дуонинг ижобат бўлмаганида ҳимоят бор. Буни вақт ўтиб англанади. Демак Роббимизга жиловимизни топшириб шундай дейишимиз лозим:

«Роббим! Жиловим Сенинг қўлингда. Ҳукминг менга ўтувчидир. Мендаги қазойинг адолатдир»!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суфён ибн Уяйна айтади .Бир куни халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Каъбага кирган эди, у ерда Солим ибн Абдуллоҳни кўриб, .Мендан ҳожатингизни сўранг,, деди. Солим .Мен давоми...

2153 08:00 / 23.07.2020
Ҳозирги кунда кимга қараманг вақт етишмаётганидан, ишларига улгурмаётганидан шикоят қилганини кўрасиз. Гоҳида муаммо нимада экан деб ўйлаб қоламан. Дунёга устоз давоми...

3221 11:30 / 10.07.2021
Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси ndash бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси ndash китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур давоми...

5261 11:30 / 21.06.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали .Лаа давоми...

2968 12:05 / 22.08.2019
Аудиолар

211055 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130316 14:35 / 11.08.2021