1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида сийрат хатмонаси ўтказилди

13:00 / 07.11.2021 1448 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий 1443, милодий 2021йил 6 ноябрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжидида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – қалблар табиби» деб номланган сийрат суҳбатларининг хатмонаси ўтказилди. Мавлид тадбиридан аввал аср намозидан сўнг юртимизнинг таниқли қорилари ташриф буюриб, «Ҳилол-нашр» томонидан чоп этилган 30 поралик мусҳафи шарифни жамоавий хатми Қуръон қилиб бердилар. Жамоавий Қуръони Каримни хатм қилиш мавлид тадбири баҳонасида барчамизга намуна ўлароқ тақдим этилди. Қуръон хатмонасидан сўнг нашриёт томонидан чоп этилган 30 поралик мусҳафи шариф қориларимизга ҳадя қилинди ва мавлид тадбирига юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, аҳли илмлар, имом-хатиблар, қори домлалар ташриф буюришди ҳамда  аёллар учун алоҳида махсус жойлар ҳозирланди. Азиз меҳмонлар ташрифидан сўнг шом намозига азон айтилди.

Шом намози адо этилгач, кўркам масжидда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – қалблар табиби» деб номланган сийрат суҳбатларининг хатмонаси бошланди. Тадбирни islom.uz ходимлари Ёрқин Халил ҳамда Қамариддин Бекмуҳаммадлар олиб боришди.

Мавлид байрами анъанага мувофиқ Қуръони Карим тиловати билан давом этди. Тиловатни ҳофизи Қуръон Абдулбосит қори Қобилов ўқиб бердилар. Сўнгра юртимизнинг улуғ устози Яҳё қори домла дуо қилдилар.

Кейин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходими Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов сўзга чиқиб, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинган мажлис гўзал ва муаттар бўлиши ҳақида ибратли маъвиза қилиб бердилар.

Сўнгра «Ҳилол-нашр» нашриёти раҳбари, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби Исмоилжон домла Муҳаммад Содиқ нутқ қилдилар. Исмоилжон домла сўзлари аввалида сийрат хатмонасига ташриф буюрган азиз меҳмонларга миннатдорчилик билдирдилар. Сўнгра яқинда «Ҳилол-нашр» нашриётида навбатдаги 30 поралик мусҳафи шариф чоп этилгани, халқимизда жамоавий ҳолда хатми Қуръон қилиш анъанасини давом эттириш, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари ҳақида гўзал суҳбат қилиб бердилар.

Кейин «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқдилар. Суҳбат чоғида Ҳасанхон қори бу йил рабиъул аввал ойида умра зиёратида бўлганлари, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида ўзларининг қалбларидан ўтган дил изҳорлари, мавлид тадбири байрамона кайфиятда бўлиши, шавқ-завққа тўлиб тошиши, у зотни улуғлаш шу даражада бўлсинки, у зотга ғалаба нашидасини олиб келиши, Набий алайҳиссаломни мадҳ этиш, фидокор бўлиш тўғрисида пурмаъно таърифлар билан ўзгача бир руҳиятда мавъиза қилиб бердилар.

Гўзал суҳбатдан сўнг Ҳасанхон қори бошчилигидаги «Жаннат булбуллари» гуруҳи томонидан шу қори домламиз қаламларига мансуб салавотлар ижро этилди.

Сўнгра юртимизнинг улуғ устози Яҳё қори домла сўзга чиқдилар. Устоз мавлид байрамини ташкиллаштирган барчага хайрли дуолар қилдилар ва бугунги кунимизда Аллоҳ таоло биз бандаларга бераётган улуғ неъматларга шукр қилиш ҳақида дурдона насиҳатларини бердилар. Шунингдек, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни хотирлаб ўтдилар.

Шундан кейин Халқаро ислом академияси доктори Аброр Мухтор Алий домла сўзга чиқдилар. Аброржон домла ўз нутқларида Набий алайҳиссалом биз умматларни нақадар севганлари, умматни энг тўғри йўлга чорлаганлари, у зотнинг барча яхшиликлари фақат уммат учун ва қиёматда шафоатчи зот бўлишлари ҳақида таъсирли маъруза қилиб бердилар.

Кейин Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов нутқ қилдилар. Яҳё домла Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ҳулқлари, у зотга бир кунда 1000 маротаба салавот айтиш ҳақида мавъиза қилиб бердилар.

Суҳбатдан сўнг кичик Муҳаммад Айюб томонидан гўзал салавот ижро этилди.

Бундан бир неча ой илгари юртимизнинг буюк алломаларидан бири Имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг қаламларига мансуб «Шамоили Муҳаммадийя» асари асосида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жомеъ масжидининг имом ноиби Ҳасанҳон Яҳё Абдулмажид дарслар олиб борган эдилар.

Ҳижрий 1443 Рабиъул аввал ойи муносабати билан ушбу дарслар асосида мусобақа ташкиллаштирилди. Мусобақадан кўзланган мақсад барча уммати Муҳаммадийяга Расулулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни яхшироқ танитиш ва у зот алайҳиссаломга муносиб тарзда эргашишга чорлаш эди. Танловда қарийб минга яқин иштирокчилар қатнашди. Мусобақа икки йўналишда араб ва ўзбек тили бўйича олиб борилди. Ҳар бир йўналишдан учта энг кўп ва энг тез жавоб берган иштирокчилар танлаб олинди.

Араб тили бўйича биринчи ўрин Ҳайдарова Ҳабиба, иккинчи ўрин Мадина Муҳаммад Юсуф ва учинчи ўрин Мамадаипова Шахнозага насиб этди.

Ўзбек тили бўйича биринчи ўрин Ҳамралиев Шоҳжаҳон, иккинчи ўрин Шарипова Бахтихон, учинчи ўрин Намозов Сирожиддинга насиб этди. Мусобақа ғолибларига шаҳодатнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, мавлид ойи муносабати билан ташкил этилган «Шамоили Муҳаммадийя» танловини ўтказишда ҳисса қўшиб ёрдам берган Суннатуллоҳ Абдуллоҳ Зафар ўғли, Отабек Икромбеков Илёсбек ўғли, Мирзобек Хаитов Шавкат ўғли, Давронбек Бобоназаров Тўраназар ўғлига islom.uz портали жамоаси томонидан ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалар берилди.

Мавлид байрами сўнгида хатму Қуръон тиловати ўқилиб, дуолар қилинди.

Мавлид байрами islom.uz порталининг барча ижтимоий тармоқлари орқали жонли тақдим этилди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биздаги мавлид маросимларидаги устунликларАгар разм солиб қаралса, юртимиздаги ўтган уламоларимизнинг мавлидни жуда ҳам яхши тарзда, шаръий асосда йўлга давоми...

747 14:00 / 14.10.2021
Ҳар йили мавлид ойи кириши билан мавлид ҳақидаги хилофлар қайта қўзғалади. Ҳар ким ўз далилини келтириб, бошқани танқид қилади ва охир оқибат икки тараф ҳам ўз давоми...

2702 10:10 / 08.10.2021
068Тангримсуйган заминидан, эл қутилди ғанимидан,Макка аҳли халос бўлди, душманни ноҳақ зулмидан,Лекин улар ғофил эди, Роббимни ғайб илмидан,Каъба аҳли мушрик аммо, давоми...

4248 12:10 / 23.11.2017
Мавлидни нишонлашАллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади Сен .Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар.,, деб айтrdquo Юнус сураси, 59 давоми...

3830 20:49 / 02.12.2017
Аудиолар

120409 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42035 14:35 / 11.08.2021