1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аломатларга боқинг!

09:00 / 31.07.2022 3287 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Коинотда, атрофимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу ҳолатлар бир сўз билан «аломатлар» (белгилар) деб номланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бизларни аломатлар билан огоҳлантириб туришини баён қилган.

Масалан, инсон туғилганда ҳеч нарсани билмайдиган норасида гўдак бўлади. Аста-секин улғая боради, куч қувватга тўлади, ақл-заковати ортади ва охир оқибат яна кексайиб кучдан қолади. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган: «Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир» (Наҳл сураси, 70-оят). «Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!» (Ёсин сураси, 68-оят).

Сочда оқ, суякларда мўртлашиш бошланиши билан инсон огоҳ бўлиши керак. Зеро, бу умрнинг поёнига етиб бораётганлигидан далолатдир. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар билан бизларни огоҳлантирмоқда. Демак, энди инсон маъсиятлардан тийилиши, гуноҳларига тавба қилиши, оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ таолога юзланиши, охират тадоругини кўриши лозим бўлади.

«Бас, қачонки, у (инсон) вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман», – дейди» (Аҳқоф сураси, 15-оят). 

Қирқ ёш камолот ёши ҳисобланади. Шу ёшга етишнинг ўзи инсоннинг Раббисига қайтмоқ фурсати келганлигидан далолатдир. Оқил инсон ушбу ёшда тавба йўлига ўтади. «Эй, Раббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман» (Марям сураси, 4-оят).

Табиат ҳодисаси бўлмиш зилзилалар ҳам Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларидан бири ҳисобланади. «Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида, Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): «Унга не бўлди экан?» – деб қолганида, ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар» (Залзала сураси, 1-4-оятлар).

Демак, зилзила ҳам коинотдаги аломатлардан бири бўлиб, инсонга охират кунини эслатади, Аллоҳга тавба қилиб, Унга қайтмоқлик фурсати келганлигига далолат қилади.

Аллоҳ таоло осмон жисмлари бўлмиш Ой ва Қуёшларни ҳам бежиз яратмаган. Уларни коинотда сайр қилдириб қўйганлигининг ўзи ҳам инсоният учун бир огоҳлантириш. Яъни, умр ўтиб бораётганлиги, вақт оз қолаётганлигининг аломатидир.

«Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз» (Ёсин сураси, 38-39-оятлар).

Дарҳақиқат, Ой аввал бошда ҳилол бўлиб кўринади, сўнгра тўлин ой шаклига киради. Ундан кейин яна ҳилол ҳолатида қайтиб тугайди. «Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. «Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир», – деб айтинг» (Бақара сураси, 189-оят).

Ҳар нарсаки камолга етгач, нуқсонга учрар,

Айшнинг роҳатига алданма, инсон.

Кўрганингдек, ишлар навбати билан,

Бир гал масрурдирсан, бошқа пайт ғамнок.

Мазкур байтларни Абулбақо ар-Рундий раҳимаҳуллоҳ (601-684ҳ./1204-1285м.) Андалусиянинг мағлубиятини кўрганда айтган экан.

Демак, оқил инсон тарихдан ҳам, табиат ҳодисаларидан ҳам, ҳатто ўзининг хилқатидаги ўзгаришлардан ҳам ўзи учун хулосалар олиши ва бу хулосалар унинг имонининг қуввати ортишига, гуноҳлардан қайтиб, Аллоҳнинг тоатига бўйин эгишга сабаб бўлмоғи лозим.

Манба: https://t.me/tuhur

Мавзуга оид мақолалар
.Роббингиз Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман деди, Ғофир сураси, 60оятБаъзилар .Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган давоми...

2844 11:30 / 25.03.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Намоз намозгача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Рамазон рўзаси давоми...

7903 14:00 / 16.11.2023
Қайси биримиз яхшироқ амал қилишимизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин .Лаззатларни парчаловчи ўлимни давоми...

28808 14:00 / 12.01.2023
Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир. Сабр ҳавойи нафсга хилоф бўлган нарсаларга ва балоофатларга ўз ҳаракати ила чора кўришдир.Ризо эса Аллоҳ таолонинг давоми...

2260 18:00 / 18.06.2021