1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Дунёнинг маҳбуби (иккинчи мақола)

16:20 / 26.10.2021 1161 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда инсон ўзига яхшилик қилган ёки яхшилик қилиши кутилган кишиларга яхши муносабатда бўлиши табиий. Ўзидан юқорида турган кишиларга эса мажбурликдан ҳам яхши муоамала қилинади. Ижтимоий алоқалар тортимида, қандайдир манфаатлар илинжида яхши муносабат кўрсатиш ҳамманинг қўлидан келади. Ҳатто, ота­онага яхшилик қилишда ҳам турли манфаатлар, орият каби ички турткилар ўрин тутиши мумкин. Бинобарин, мазкур ҳолатларда кўрасатилган яхшилик билан кишининг қанчалар олийжаноблиги очиқ намоён бўлмайди. Балки, қўл остидаги, ўзидан қуйи, заиф одамларга, ўзига қарам бўлганларга бўлган муносабат кишининг ҳақиқий ахлоқини кашф қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли оиласига яхши бўлган кишини одамларнинг энг яхшиси демоқдалар.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлидаги камчиликларни кечириб, фазилатларини, яхшиликларини кўра билишга чақирардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир мўмин биронта мўминадан безор бўлмасин, ундаги бир хулқни ёқтирмаса, бошқасидан кўнгли тўлади», дедилар» (Муслим ривояти).

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг барча таъминотини қилиб қўйишга буюрардилар.

Амр ибн Аҳвас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳой! Сизларнинг аёлларингиз устида ҳаққингиз, уларнинг сизнинг устингизда ҳақлари бор! Сизнинг уларнинг устидаги ҳаққингиз – тўшагингизни сизлар ёқтирмаган кишига бостирмаслиги, сиз ёқтирмаган кишига уйингизга изн бермаслигидир. Энди уларнинг сизнинг устингиздаги ҳаққи – уларнинг кийим­кечагини ва еб­ичишини яхшилаб қўйишингиздир» (Термизий ривояти).

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг нафақаларини тўкис қилишга ундаб, уларга берилган ҳар бир луқмада ажр борлигини айтардилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг важҳини истаб нафақа қилсанг, унга албатта ажр оласан, ҳатто аёлингнинг оғзига солиб қўйган нарсанг учун ҳам», дедилар» (Бухорий ривояти).

Изоҳ: Аллоҳ таолога нисбатан «важҳ» («юз») сўзининг ишлатилиши ақийдага оид масаладир. Саҳиҳ хабарларда келтирилган бундай маълумотларга қандай бўлса, шундайлигича иймон келтириш, уларнинг тугал маъносини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. «Аллоҳнинг важҳи», «қабзаси», «кулиши», «қўли», «кўзи», «қадами» ва шу каби васфлар Аллоҳ таолонинг Ўзига хос сифатлари бўлиб, махлуқотларнинг сифатларидан мутлақо бошқадир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, бу сифатларга уларнинг қандайлигини тасаввур қилмаган, суриштирмаган ҳолда иймон келтириш вожибдир. Бу борада Аллоҳ таолонинг «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» деган сўзи асосий қоида бўлади.

Бу ҳадисда эркак кишининг ўз аёлининг оғига қўли билан луқма солиб қўйишга қизиқтириш ҳам бор.

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ортидан пойлаб, айбини ахтаришдан қайтарардилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг ўз аҳли ҳузурига тунда келиб, уларнинг камчиликларини қидиришдан қайтарганлар» (Муслим ривояти).

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ҳолларини ҳисобга олишни, уларни тушунишни, ўзларига оро беришларига имконият яратишни ўргатардилар.

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ғазотда эдик. Келгач, (уйларимизга) кириб кетмоқчи бўлгандик, у зот: «Шошмай туринглар, кечқурун киринглар, токи сочи тўзиганлар тараниб, эри ғойиблар қириниб олсин», дедилар» (Бухорий ривояти).

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга қўл кўтаришдан, уларга озор беришдан қайтарардилар.

Имом Абу Довуд Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» дедилар».

У зот хотинини урадиган кишиларни назарда тутиб: «Улар сизларнинг яхшиларингиз эмас», деганлар.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нималар?» дедим. У зот: «Еганингда едиргин, кийганингда кийдиргин, юзга урма», дедилар» (Насоий ривояти).

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишига бошқа бирор аёлни кўриб қолиб, кўнгли бузилган тақдирда, тезда ўз аёли ҳузурига қайтишни тавсия қилганлар.

Бу билан ҳаромдан сақланиш ва оила мустаҳкамлигини таъминлашга эришилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз биронта аёлни кўрса­ю, у бунга ёқиб қолса, дарҳол аҳлига борсин, чунки мана шу унинг нафсидаги нарсани бартараф этади», дедилар» (Муслим ривояти).

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёли билан бўлган хос муносабатни сир тутишни, бошқаларга айтмасликни буюрардилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида инсонларнинг энг мартабаси ёмони аёлига тегиниб, аёли ҳам унга тегиниб, кейин буни ошкор қилган кишидир» (Муслим ривояти).

12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ўртасида адолат қилишни қаттиқ таъкидлар ва буни поймол қилганларга таҳдид қилар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг иккита аёли бўлиб, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни ярми қийшиқ ҳолда келади», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Бошқа ривоятда «тушиб қолган ҳолатда», дейилган.

«Қийшиқ ҳолда» дегани ярми фалаж бўлган ҳолда деганидир.

(Тамом)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
«Ҳилол» журналининг 10 (31) сонидан

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлидни нишонлаш тарихи, умуман олганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига бориб тақалади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам давоми...

3368 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ таоло.Ўшанда Аллоҳ .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам давоми...

3937 20:39 / 18.11.2017
Ғарблик олимлар бутун умрини сарфлаб, тер тўкиб ечим излаётган муаммоларнинг муолажаси бундан ўн тўрт аср олдин севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5291 11:05 / 06.11.2019
Ер юзи аҳли Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик рисолати билан юборилишидан кўра буюкроқ неъматни ҳали кўрмаган.Умр карвони ўтиб бўлди дея ўйлай давоми...

1942 12:19 / 19.10.2021
Аудиолар

120403 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42028 14:35 / 11.08.2021