1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (саккизинчи мақола)

14:30 / 15.10.2021 1197 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид маросими қандай ўтказилиши керак?

Маълумки, ўрта асрларда Ислом оламида тасаввуф катта ўрин тутган. Мавлид маросимларига кўпроқ тасаввуф уламолари бош бўлишган. Унга асосан қалблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари билан тўлиб-тошган, у зотни эслашга ҳарис бўлган кишилар йиғилишган. Улар ушбу маросим орқали ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган иштиёқлари ва соғинчларини изҳор қилишган, ташналикларини бироз бўлса да қондиришган. Шу боис, мавлид маросимлари соф илмий мажлис маъносида эмас, балки,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини ўзига хос услубда нишонлаш, у зотга бўлган муҳаббатни чархлаш, сайқаллаш ва шу йўл билан у зотнинг сийратларини кўпчиликка эшиттириш, суннатларига амал қилишни тарғиб қилиш, умматни ўз Пайғамбарига содиқ ошиқ бўлишга ўргатиш мақсадида ўтказилган. Мавлид маросимларида асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан шавқу завқ изҳор қилинган, шу маънодаги шеърлар, ваъзлар айтилган.

Мавлид аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига шодлик изҳор қилиш, шу кунларни хурсандчиликда ўтказиш маъносида йўлга қўйилган. Яқин тарихимизни ўрганадиган бўлсак, мавлид йиғинларида айнан шу кайфият ва ҳолат яққол сезилиб турарди. Ўтган асрнинг ўрталарида халқимиз орасида мавлидга нисбатан мавжуд бўлган муносабатни кузатилса, шу нарса маълум бўладики, бизда мавлид ўқиш ва ўқитиш жуда оммавий иш бўлмаган. Мавлид китоблари асосан мавлидга бағишланган махсус йиғинларда ўқилган ва мавлид ўқийдиганлар ҳам жуда кам бўлган. Қиблагоҳимиз Яҳёхон қори ака раҳматуллоҳи алайҳ бобомиз Боқийбиллоҳ қори даданинг мавлидни ёддан ўқийдиган саноқли кишилардан бири бўлганларини айтар эдилар. У вақтда Андижонда юзлаб катта қори устозлар, улуғ олимлар бўлишига қарамай, уларнинг ичида мавлид ўқийдиганлари жуда ҳам кам бўлган экан. Бироқ, ўша мавлид йиғинлари том маънода мавлиддан кўзланган мақсадни ўзида акс эттирган. Оз бўлса да, соз бўлган. У пайтларда араб тилини биладиган кишилар кўп бўлган ва мавлид асосан илмли кишилар ўртасида ўқилган. Шунга қарамай, катта ёшдаги мухлис кишиларнинг таъкидлашларича, ўша мавлид йиғинларида уламолар мавлиднинг маъноларини айтиб беришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид маълумотларни ўртоқлашишган. Уларнинг бу мажлислари шодлик ва соғинч кўзёшлари билан суғорилган, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқнинг оҳ-воҳлари билан гуриллаган. Шунинг учун ҳам ўша давраларда иштирок этган улуғларимиз кейинги пайтдаги мавлид йиғинларидан қониқмасликларини айтар эдилар. Чунки кейинги йилларда мавлид кенг тарқалиб, оммалашган бўлса-да, ундан кўзланган мақсадга эътибор камайиб кетиб, унинг қадри пасайиб кетди. Мавлидхонлик деганда мавлид китобини фақат шунчаки оҳанг билан ўқишнигина тушуниб қолинди. Ҳатто омма халқ ичида айрим кишиларда мавлид ҳам Қуръонга ўхшаш нарса экан, деган тушунча пайдо бўла бошлади. Кўпчиликлари мавлид нимаю, Қуръон нима, ажратолмай қолди. Айримлардан «Мавлид нима?» деб сўрасангиз, «Ҳалиги, ўртасида тикка турадиган жойи бори бор у?» дейдиган бўлди. Мавлид бало-қазоларни қайтариш, ишларга ривож сўраш учун ўқиладиган дуохонликка айланиб қолди. Шу боис, тўйда ҳам, ўлимда ҳам, чақирдида ҳам, маъракада ҳам мавлид ўқиладиган бўлиб қолди.

Тўғри, хурсандчиликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шодлигини ҳам қўшиш тўй устига тўй бўлади-ку, дейиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганишга ҳар онда муҳтожмиз. Аммо ҳар нарсанинг ўз ўрни бор, одоби бор. Мавлид маросими оддий суҳбатдан фарқли бўлиши лозим. Унда кўтаринки кайфият, шодлик барқ уриб туриши керак. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга олиш мақоми бўлиши керак. Айниқса, ўлим муносабати билан қилинадиган маросимларда мавлид ўқиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Бу худди тўйга азани аралаштиргандек гап.

Мавлидга нисбатан бўлган ана шундай нотўғри муносабатлар натижасида ҳақиқий маънода мавлид қилиш деярли йўқолиб кетди. Одамлар фақат тўй-маъракаларида мавлид ўқитиш билан чекланадиган бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари шарафига дастурхон ёзиш унут бўлиб кетди. Аслида эса мавлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган шавқу завқ турткиси билан, у зотга бўлган муҳаббатнинг изҳори ўлароқ, у зотнинг сийратларини ёйиш мақсадида қилиниши лозим, ана шунда иш мақсадга мувофиқ бўлади.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизларни Аллоҳ уммати Муҳаммад қилди ва бу билан умматларнинг афзали бўлдик. Ҳаттоки Мусо калимуллоҳ билан Исо руҳуллоҳ қани энди Муҳаммадга уммат бўлсак деб давоми...

2176 19:05 / 04.11.2019
Содиқ Пайғамбарнинг севикли умматлари, аввал хабар берганимиздек, мавлид ойи муносабати билан .Расулуллоҳ mdash тинчлик элчиси, шиори остида сийрат суҳбатлари давоми...

588 10:08 / 21.09.2023
.Маҳалли қиём, масаласи.Маҳалли қиём, деб мавлид асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туриш пайти ва ҳолатига давоми...

3505 09:20 / 01.10.2021
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон давоми...

2499 19:05 / 05.11.2019
Аудиолар

120736 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42299 14:35 / 11.08.2021