Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (155-дарс). Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир

19:30 / 06.10.2021 2421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعْدِ بْنِ أَبِي فَضَالَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا جَمَعَ اللهُ النَّاسَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لِيَوْمٍ لاَ رَيْبَ فِيهِ نَادَى مُنَادٍ: مَنْ كَانَ أَشْرَكَ فِي عَمَلٍ عَمِلَهُ ِللهِ أَحَدًا فَلْيَطْلُبْ ثَوَابَهُ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللهِ، فَإِنَّ اللهَ أَغْنَى الشُّرَكَاءِ عَنِ الشِّرْكِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида – бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа, бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир», деб нидо қилади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида риёкор шахслар қиёмат куни шарманда бўлишларини ажойиб услуб билан баён қилмоқдалар.

«Қачонки Аллоҳ қиёмат куни бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа».

Қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа йўқ. Бир вақт келиб, у албатта қоим бўлади. Ўша куни Аллоҳ таоло ҳамма халойиқни жамлайди. Ҳеч ким четда қолмайди. Ҳамма-ҳамма – Одам Атодан тортиб, қиёмат қоим бўлиш соатигача бу дунёдан ўтган барча одамлар тирилиб, маҳшаргоҳга йиғиладилар. Ҳамма тақдирга тан бериб, Аллоҳнинг марҳаматини интизор бўлиб кутадилар. Қилган амалларимдан бирортаси савобга илиниб қолармикан, деб умид қиладилар. Ҳамма шундай хору зорлик ҳолатида турганда бир жарчи ҳаммага эшиттириб:

«Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир», деб нидо қилади».

Демак, ким риёкорлик қилган бўлса, ўша амали эвазига қиёмат куни Аллоҳдан ажру савоб оламан, деб умид қилмасин. У ўз амалига ўша рози қилмоқчи бўлган одамларидан – мансабдорни рози қиламан, деган бўлса, мансабдордан, яна бошқа кимнидир рози қилишни ният қилган бўлса, ўшалардан савоб кутсин. Уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтож бўлиб турибдилар-ку, қандай қилиб бошқанинг ташвишини қила олар эканлар?! Аллоҳ шерикка ҳожати йўқ зот. Кимки унга ўз амалида шерик келтирган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ҳам, амалидан ҳам воз кечади. Уни ҳам, амалини ҳам тарк этади.

Қиёмат куни шарманда бўлмайлик, десак, ихлос билан, риёсиз, фақат Аллоҳ таолонинг, ёлғиз Ўзининг розилигини кўзлаб иш қилишга одатланайлик, ушбу ҳадисга қатъий амал қилайлик!

 

                                                                                                                                     «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

4335 05:00 / 28.02.2017
Бошига иш тушган ҳожатмандга ёрдам бериш 4тавсияИбн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон мусулмоннинг давоми...

6734 17:00 / 08.04.2016
. . . 195. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. давоми...

2014 19:00 / 01.03.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизни кўрсам кўнглим ёришади, кўзим қувонади. Менга барча нарсалар нимадан яратилгани давоми...

6760 13:49 / 03.08.2017