1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Мисвок ҳақида

05:00 / 31.12.2016 15714 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади...

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ مَعَ كُلِّ وُضُوءٍ. رَوَاهُ مَالِكٌ وَالْبُخَارِيُّ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар». 

Молик ва Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бизда мисвок қилиш, деб ишлатиладиган истилоҳ, тишни ишқалаб ювиш маъносидир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади.
Ғарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал, мусулмонларни тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди.
Уламоларимиз, таҳорат қилган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада, деганлар.
Баъзилари, бу иш-мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотларидан олдин ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.
Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинади. Уламолар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келинди.
Ҳозир баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади. 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: السِّوَاكُ مَطْهَرَةٌ لِلْفَمِ مَرْضَاةٌ لِلرَّبِّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالشَّافِعِيُّ وَالنَّسَائِيُّ  

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар».
Бухорий, Шофеъий ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мисвок ҳадисда айтилганидек, оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишларида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум.
Шу билан бирга мисвок: «Роббни рози қилувчидир».
Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилгани, дин-шариатнинг амрини амалга оширгани, мисвок қилиш ибодатини адо этгани учун, Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.
Ислом дини афзаллигини қаранг, инсоннинг ўзи учун ўта фойдали ишни, соғлиги учун керакли нарсани, ҳусни-жамоли учун зарур нарсани бир йўла Аллоҳ таолони рози қиладиган иш қилиб қўйибди. Шариатнинг амрини бажарадиган мусулмонни ҳам соғлик-саломатлигини яхшилаб, ҳам ажру савоб оладиган қилиб қўйибди. Бу ҳолат дунёдаги ҳеч бир тузумда, ёки динда йўқ.
Энди бу нарсага ҳаётимизда қандай муносабатда эканимизга бир назар солайлик.
Ҳамма мусулмон ҳам ўз вақтида таҳорат қиладими?
Ҳамма таҳорат қилганлар ҳам мисвок қиладиларми?
Қилишса, мисвок оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи эканини англаб етадиларми?
Афсуски, йўқ.
Мисвокнинг ҳақиқатини, ҳадиси шарифдаги руҳини тўла ва тўғри тушуниб, унга амал қилаётганларимиз жуда оздир.
Баъзиларимиз арокдан ёки бошқа дарахтдан мисвок қилиб, уни ёнимиздан қўймай олиб ҳам юрамиз. Ҳар таҳоратда мисвок ҳам қиламиз. Лекин мисвок, деганда ўша чўпни тишга тегизиб қўйиш, деб тушунамиз. Шунинг учун ҳам ҳар таҳоратда мисвок қилсак ҳам тишларимиз сарғайиб юради. Мисвокимиздан ҳадисда кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.
Баъзи бирларимиз, мисвок қиламиз, қилганда ҳам яхшилаб, замонавий воситаларни ишга солиб қиламиз. Тишларимизни иложи борича ялтиратишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу ишни фақат урфни деб, чиройли бўлишни кўзлабгина қиламиз. Мисвокни ибодат учун қилмаймиз, «Роббни рози қилиш» учун қилмаймиз.
Ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, биз мусулмонлар дунёда энг оғзи пок, тиши энг тоза ва чиройли. Ўзи энг соғ ва бу ишлари учун Аллоҳ таолонинг розилигини олган кишилар бўламиз. Шунинг учун ҳаракат қилайлик.

وَعَنْهَا قَاَلَتْ: كَانَ نَبِيُّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتَاكُ فَيُعْطِينِي السِّوَاكَ لِأَغْسِلَهُ فَأَبْدَأُ بِهِ فَأَسْتَاكُ ثُمَّ أَغْسِلُهُ وَأَدْفَعُهُ إلَيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мисвок борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатларини баён қилмоқдалар. Бу кўпроқ оилавий шароитда бўладиган ҳолат бўлиб, уни айнан Оиша онамиз ривоят қилишлари жуда ҳам табиийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оғиз ва тишларини тозалаб бўлганларидан кейин, тиш тозалагич(мисвок)ни ювиб қўйишни йўлга қўйган эканлар. Бу ҳам шахсий покизалик ишларида ўта муҳим. Инсон тишини ва оғзини тозалаганда унга оғиздаги нарсалар илашади. Ана ўша нарсалардан мисвокни тозалаб қўйиш керак. Чунки улар мисвокда қолмагани маъқул.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок қилиб юрганлари.
2. Эр ўз хотинига шахсий тозаликка доир ишларни буюриши.
3. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан мисвокни олиб, дарҳол ўзлари мисвок қилгач, сўнгра ювишлари шунга далил.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарсани табаррук билиш.
5. Эгаси рози бўлса, бировнинг мисвоги ила мисвок қилиш мумкинлиги.
6. Мисвок қилгандан кейин уни ювиб қўйиш. Шунингдек, мисвокни ишлатишдан олдин ҳам бир ювиб олиш.
Биз мусулмонлар бу таълимотларга оғишмай амал қилмоғимиз, болаларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур. 

"Ҳадис ва Ҳаёт" китоби, Поклик 4-жуз

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Йигитлардан бири айтади .Ёшлигимда .Намоз ўқи, деган гапни ёмон кўрар эдим. Отам ишдан қайтадиган вақтларини қандайдир ёқимсиз ва кайфиятимни туширадиган вақт деб давоми...

1377 16:00 / 09.11.2022
Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бирбирининг ўрнига алмаштирилиб давоми...

11636 05:00 / 04.01.2017
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга намозни чўзиб юборганидан бомдод намозидан давоми...

4316 05:00 / 09.01.2017
ndash Намоз ndash банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб қилинадиган амалидир.ndash Намоз ndash агар тузалса, қолган бошқа амаллар ҳам тузалиб, ислоҳ бўладиган, агар бузилиб, давоми...

1319 10:00 / 20.12.2022