1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир

16:00 / 27.06.2021 3163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сон-саноқсиздир. Биз буларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. Ҳаё иймон шуъбаларидан биридир.

Иймон эса ўз ўрнида Аллоҳ таоло инсон зотига берган энг улуғ неъматдир. Иймони бор банданинг ҳаёси бўлади. Иймон мусулмонни гуноҳ-маъсиятлардан тўсганидек, ҳаё ҳам уни тўсади, чунки одам ҳаё қилиб ўша гуноҳларга қўл урмайди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ».

«Иймон олтмиш неча шўъбадир. Ҳаё иймоннинг бир шўъбасидир», деганлар».

2. Ҳаё гуноҳ-маъсиятларни тарк этишга ундайди.

Табароний Саъид ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга тавсия қилинг», дейди.

«أُوصِيكَ أَنْ تَسْتَحْيِيَ مِنَ اللهِ تَعَالَى، كَمَا تَسْتَحْيِي مِنَ الرَّجُلِ الصَّالِحِ مِنْ قَوْمِكَ».

«Сенга ўз қавмингнинг аҳли солиҳларидан бир кишидан қандай ҳаё қилсанг, Аллоҳ азза ва жалладан ҳам шундай ҳаё қилишингни тавсия қиламан», деганлар».

Одамлардан хижолат бўлмасдан беҳаёлигини қилаверадиган киши охир-оқибат Аллоҳ таолодан ҳам хижолат бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолади.

3. Ҳаё Пайғамбарларнинг суннатлари ҳисобланади.

Имом Аҳмад ва Термизий  Абу Айюб розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«أَرْبَعٌ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ: الْحَيَاءُ، وَالتَّعَطُّرُ، وَالسِّوَاكُ، وَالنِّكَاحُ».

«Тўрт нарса расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок қилиш ва никоҳланиш», деганлар».

4. Ҳаё кишини жаннатга киритади.

Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الْحَيَاءُ مِنَ الإِيمَانِ، وَالإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ، وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ، وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ».

«Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир, жафо дўзахдадир», деганлар».

5. Ҳаё бандани бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.

Ҳаё сифати бандани беҳаё гап-сўз ва ишлардан қайтариб туради. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, гуноҳлардан узоқда бўлишига хизмат қилади. Беҳаёлар ҳаёсизликлари туфайли бу дунё ва охиратда шарманда бўладилар.

Термизий Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَا كَانَ الْفُحْشُ فِي شَيْءٍ إِلَّا شَانَهُ، وَمَا كَانَ الْحَيَاءُ فِي شَيْءِ إِلَّا زَانَهُ».

«Фаҳш нимада бўлса, албатта, ўшани шарманда қилади. Ҳаё нимада бўлса, албатта, ўшани зийнатлайди», деганлар».

6. Ҳаё динимиз Исломнинг хулқидир.

Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا، وَإِنَّ خُلُقَ الْإِسْلَامِ، الْحَيَاءُ».

«Ҳар бир диннинг ўз хулқи бордир. Исломнинг хулқи ҳаёдир», дедилар».

7. Ҳаё ҳамма нарсани ўзаги асли саналади.

Имом Бухорий ва Мусоимлар Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الْحَيَاءُ لَا يَأْتِي إِلَّا بِخَيْرٍ».

«Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради», деганлар».

Ҳаёси бўлмаган кишининг одамгарчилиги ҳам бўлмайди. Инсоният сафидан чиқиб, қуруқ гўшт ва суякдан иборат махлуққа айланиб қолади. Ундан яхшилик кутилмайди. Ҳаёси бўлмаган одам ваъдасига вафо қилмайди, омонатга хиёнат қилади, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатмайди, қўшниларига азият беради...

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

Муаллиф
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23 ёшли, оёқлари туғма шoл, 23 йил ногиронлар аравачасида юрган бир бола қабулимга келди. Орқасига йирингли яра тошган экан. Яраларига игна ёрдамида дори қўйдим, бир давоми...

5629 09:30 / 08.03.2024
Мен автомашинамни телбаларча, оқибатини ўйламасдан жуда тез бошқарар эдим. Бир куни машинамга бир отахон чиқиб ўтирдилар. Йўлда кетар эканмиз, у киши менга бир давоми...

3940 17:00 / 22.08.2022
иккинчи қисм Мавзунинг биринчи қисмида синов ва имтиҳонларда собит туриш лозимлиги ва ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз амалга ошмаслигини муҳокама қилгандик. Аллоҳ давоми...

2475 17:02 / 29.06.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга давоми...

2217 11:08 / 26.06.2021