1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Хотира: Алвидо, устоз…

09:00 / 24.06.2021 1459 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2021 йилнинг 18 май... Бу кун халқимиз яна бир оғир жудоликка учради. Ҳассос адибимиз, жонкуяр устозимиз ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун етмиш беш ёшларида вафот этдилар. Марҳумнинг жанозасини Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўқидилар. Ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн қилиндилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Инсон вафот қилса, садақаи жорияси, манфаатли илми ва ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанддан бошқа амаллари узилади», деганлар.

Бу ҳадисни эшитган инсон дарҳол сергак тортиб, «Вафот қилсам, ортимдан бориб турадиган амалларим борми?» деб, ўтган умрини сарҳисоб қилишга тушади.

Устозимиз ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун бу борада кўпчиликка ибрат бўлгулик умр кечирдилар. У кишидан кўпчиликка манфаати етиб турадиган солиҳ амаллар, кўпгина маърифий асарлар ва ҳақларига хайрли дуо қилиб турувчи солиҳ фарзандлар мерос қолди.

Устоз Аҳмад Муҳаммад Турсун билан «Ҳилол нашр» нашриёт-матбааси ташкил қилинган дастлабки кунларда танишганман. Биринчи марта кўришганимиздаёқ худди бир неча йиллик қадрдонлардек яқин бўлиб кетдим. У кишидаги латиф муомала, водийга хос чинакам ўзбекона лутф ва тавозе туфайли ёшимиздаги фарқ ҳам, диний-маърифий адабиёт соҳасида орттирилган тажрибадаги улкан тафовут ҳам мутлақо сезилмади. Ўша кундан буён ҳожи акам мен учун холис маслаҳатчи, дуогўй инсон бўлиб қолдилар.

Аҳмад ҳожи акам каттаю кичикка баравар муомала қилар эдилар, орада сунъий масофа қолдирмай, ҳаммага ўзларини яқин тутардилар. Хушчақчақ, сертабассум инсон эдилар, ҳазил-мутойибага уста эдилар, энг нозик ҳазилларни ҳам шу заҳоти пайқаб, дарҳол чиройли жавоб қилар эдилар. Бироқ суҳбат иймон-эътиқод масаласига бурилса, дарҳол жиддий тортиб қолар эдилар. Бу мавзуда шу қадар эҳтиёт бўлиб сўзлар эдиларки, четдан қараган одамга худди тоат-ибодатни яқинда бошлаган одамдек туюлар эдилар. У кишининг қанчалик шарафли насабга мансублигини, авлодлари бир умр дин хизматида бўлган етук инсонлар бўлганини кейинчалик, бошқалардан эшитиб билганман. Айни пайтда замонамизнинг етук адиблари, адабиёт дарғалари ва умуман ижод аҳлининг наздида ҳам мартабалари анча баланд эканини кейин билдим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Олтин силсила» академик лойиҳасига асос солганларида ушбу туркумга киритилган биринчи китоб – буюк юртдошимиз Имом Бухорий ҳазратларининг «Жомеъус-саҳиҳ» китобининг таҳририда Аҳмад ҳожи акам бевосита иштирок этдилар. Мана шу шарафли ва масъулиятли ишда бу кишининг нақадар иймон-эътиқодли, ихлосли, сабр-матонатли инсон эканларига гувоҳ бўлдик. Бир неча йил ёнларида ўтириб, бирга ишлаш насиб этган бўлса, бирор марта тилларидан кескин гап чиққанини, бирор одамга жаҳл қилганларини кўрмадим. Бирон кишининг қилган ишидан кўнгиллари оғриган бўлган бўлса ҳам, ёмон гапирганларини эшитмаганман.

Аҳмад ҳожи акам жуда меҳнаткаш, серғайрат инсон эдилар. Қачон қараманг, қайси бир китобни бошлаган, ёзаётган ёки тугатиб, чопга тайёрлаб юрган бўлар эдилар. Нашриётимизда чоп этилган «Ҳилол» тақвимига ёки шайх ҳазратлари асос солган «Ҳилол» маърифий журналига раҳбарлик қилиб юрганларида ҳам шунча ишдан ортиб, яна бир неча китобларни ёзиб тугатганларига гувоҳ бўлдик. Бир нечта китоблари чоп қилингач, энди танланган асарларини чоп қилиш ҳаракатида юрган эдилар. Ҳали яна бир дунё режалари бор эди…

Охирги йиллари тез-тез тоблари қочиб турадиган бўлиб қолди. Лекин бирор марта тушкунликка тушмадилар, ҳар сафар бир неча кун ёки ҳафта бемор бўлиб, ишга кела олмай қолсалар ҳам, яна ишхонага ҳар доимгидек шахдам қадамлар билан кириб келардилар, ҳеч нарса бўлмагандек, ишга шўнғиб кетардилар.

Мусулмон одамнинг ҳар қандай ютуғидан ниҳоятда қувониб кетардилар, бунинг акси бўлса, табассум аримайдиган чеҳралари тундлашиб қолар эди. Ишда ёки оилада нимаики яхши-ёмон иш бўлса, айтиб, у кишидан маслаҳат сўрар эдик. Яхшилик бўлса, ўзимиздан ҳам ортиқ хурсанд бўлар, кўнгилсизлик бўлса, астойдил куйинардилар. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам одамнинг ишга, ҳаётга завқ-шавқини ошириб юборадиган гапларни топиб, кўнгилни кўтариб қўяр эдилар.

Чинакам мўминларга хос сифатлари – ўзларига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрар эдилар. Асосан шахсий тажрибаларига асосланиб ёзган ва жуда кўпчиликка манзур бўлиб, қайта-қайта чоп этилаётган асарлари фикримизнинг далилидир.

Аҳмад ҳожи акам сахий инсон эдилар, қўлларидан келган ёрдамни ёки бир оғиз яхши сўзни бўлса ҳам, аямас эдилар. Тушликка бирор ошхонага чиқсак, биз ёшлар ҳали қўлимизни чўнтакка олиб бормасимиздан пулини тўлаб қўйиб, одамни хижолат қилардилар. Янги китоблари чиқса, ҳазиллашиб, бу янгиликни нишонлайлик десак, мутлақо жиддий тарзда қабул қилиб, шоҳона зиёфат қилиб берардилар. Ана шундай кўнгли очиқ, даргоҳи кенг, содда, беғубор, покиза инсон эдилар ҳожи акам.

Юқоридаги ҳадисда айтилганидек, Аҳмад ҳожи акам динга салмоқли хизмат қилаётган фарзандларни тарбиялаб, етиштириб қўйган эдилар. Лекин уларни ортиқча мақтаб, эркалатиб қўймасдилар, доим тергаб, хато-камчиликларини айтиб турардилар, талабчан ота эдилар. Аммо бу фарзандлари билан қанчалик фахрланишлари, уларни қанчалик яхши кўришлари гап-сўзларидан, юз-кўзларидан яққол билиниб турар эди. Қуръони Каримни ёд олган ўндан ортиқ набиралари борлигини ҳам оддий ютуқдек эътироф қилсалар-да, бу эътирофнинг замирида Аллоҳ таолога самимий шукрона ҳамда ҳақли ифтихор туйғулари уфуриб турар эди.

Ёзган асарларига муносабатлари ҳам фарзандларига муносабатлари каби эди. Ўз асарларига унчалик катта баҳо бермас эдилар, улар ҳақидаги ҳақли мақтовларни эшитсалар, камтарлик билан табассум қилиб қўя қолар эдилар.

Қуръони Каримда Сулаймон алайҳиссаломнинг «Роббим, менга ва ота-онамга ато этган неъматларингнинг шукрини адо қилишни насиб қилгин», деган дуолари бор. Дарҳақиқат, бир инсонга нимаики неъмат берилган бўлса – мол-дунёми, мансаб-мартабами, илм-иқтидорми – аввало унинг ота-онасига ато этилган бўлар экан. Инсон ўзи эришган ютуқлар билан фахрланишга қанчалик ҳақли эканини билмайман, лекин унинг ота-онаси бу ютуқлар билан ҳар қанча фахрланса ҳақли бўлса керак. Шундай экан, Аҳмад ҳожи акам солиҳ фарзандлари билан, Аллоҳ таоло бу фарзандларга ато этаётган неъматлар билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди. Аллоҳ таоло барчамизга ҳам мана шундай бахтни ато этсин. Ҳожи акамга эса бу неъматлар муборак бўлсин, авлодларининг солиҳ амалларини кўриб, кўзлари қувонсин, руҳлари шод бўлсин.

Бир ҳафта олдин ҳам Аҳмад ҳожи акам билан ҳар доимгидек ҳазил-ҳузул қилиб, кулишиб гаплашиб ўтирган эдик. Энди эса у киши ҳақларида ўтган замонда ёзиш жуда қийин бўляпти...

Бу сатрларни ҳозиргина қабристондан келиб, кўзда ёш билан қоралар эканман, кўнглимга қуйидаги ёруғ фикрлар келди:

Устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин жомеъ масжиди ёнидаги қабристонга дафн қилинганларида бу қабристонда ётган марҳумларга ҳавасимиз келган эди. Зеро, қабристон аҳли то Қиёматгача бу улуғ олимнинг қабрини зиёрат қилиш учун тинимсиз келиб турган ҳар бир зиёратчининг дуосидан баҳраманд бўлади. Кейинчалик адибимиз Тоҳир Малик ҳам шу ерга дафн қилиндилар. У кишидан кейин Нуруллоҳ қори домла, сўнг шайх Алоуддин Мансур каби дин ходимлари ҳам шу ердан мангу қўним топишди. Энди эса ҳожи Аҳмад Турсун устозимизга ҳам шайх ҳазратларининг қабри яқинидан жой насиб қилди. Қабристонга тўлиб-тошган тумонат оломон қабр устига тупроқ тортар экан, Қуръон тиловат қилина бошлади. Тиловат асносида бу сўлим гўшанинг солиҳлар гулшанига айланиб бораётгани хаёлимга келди. Бир рамзий ташбеҳга журъат қиладиган бўлсак, Аҳмад ҳожи акам ҳаётларидан кейин ҳам ўзлари беқиёс ҳурмат қилиб юрган шайх ҳазратларининг яқинларида, уламолар қаторида, адиблар даврасидан узоқлашмадилар. Умид қиламизким, тонгла маҳшарда ҳам ўзлари севган зотлар билан бирга ҳашр қилиниб, боқий ҳаётда ҳам ана шундай юксак мартабага муносиб кўриладилар.

Аллоҳ таоло устозимизнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин, чеккан дардларини каффорот айлаб, раҳмату мағфиратига чулғасин, охиратларини обод қилиб, жойларини жаннатдан қилсин!

Озод Мунаввар «Hilol-nashr» матбаа нашриёти муҳаррири

«Ҳилол» журналининг 6(27) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Юсуф Абдуллоҳ Қарзовийнинг номини эшитмаган ёки билмаган аҳли илм бўлмаса керак. Бу киши замонамизнинг улуғ Ислом олими, .аср мужтаҳиди, номини олган ва давоми...

2796 12:30 / 22.05.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Зоҳидхон қори Азимбоевнинг уйларига ташриф буюрдик.Зоҳидхон қори давоми...

10723 13:40 / 10.01.2018
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

1554 13:30 / 19.08.2022
Бу жумлалар азиз сиймони хотирга олиб, ўша кунларга хаёлан яна бир бора қайтиш мақсадида ёзилмади. Зотан кечаги куннинг эмас, доимо бугуннинг, воқеъликнинг давоми...

5661 13:42 / 12.03.2018
Аудиолар

120515 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7049 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42129 14:35 / 11.08.2021