1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Бу дунёга нима учун келдик?

13:30 / 16.06.2021 2854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаёт ҳеч қачон тасодифан пайдо бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Атрофимиздаги борлиққа ва биз яшаётган ушбу сайёрамизга назар солганимиздан сўнг олимлар бирорта сайёра кашф этиб, у ерда сув бўлиши мумкин деган фикрни айтсалар киши ҳайрон бўлади. Ўша олимлар сув бор, демак у ерда тирик жонзотлар ҳам бўлиши мумкин, дейишади. Гўё биз бу сайёрамизда фақат сув борлиги сабабли яшаётгандек. Йўқ, биз бу сайёрада фақат сув борлиги сабабидан яшамаяпмиз.

Аввало, бизнинг шу сайёрада яшашимизни Аллоҳ таоло ирода қилган.

Қолаверса, Еримизнинг ҳажми. Агар Ер шари ҳозирги ҳажмидан каттароқ ёки кичикроқ бўлганида, Ерда ҳаёт бўлмасди.

Унинг ўқи 23,5 даража бурчак остида эканлиги. Ҳа, бундан кўп ҳам, оз ҳам эмас, айнан 23,5 даража.

Шунингдек, Ер ўз ўқи атрофида 24 соат давомида бир марта айланиб чиқади. 10 соат ёки 15 соат эмас, айнан 24 соат давомида. Агар Ер ўз ўқи атрофида 10 ёки 15 соат мобайнида айланиб чиққанида биз бу ерда яшамаган бўлардик.

Шунингдек, биз Қуёшдан муайян масофада жойлашганмиз. Агар Қуёшга бироз яқинроқ бўлганимизда эриб кетган, узоқроқ жойлашганимизда музлаб қолган бўлардик. Қисқаси, сайёрамиз ҳозирги ўрнида бўлмаганида, биз бу ерда яшамаётган бўлардик.

Бундан ташқари сайёрамизни ҳаво қобиғи бўлмиш атмосфера ўраб туради. Кўплаб метеоритлар ва бошқа осмон жисмлари, орбитага парвоз қилаётган ракеталарнинг қолдиқлари атмосфера қаршилигига учраб ёниб кетиб, ергача етиб келмайди.

Еримизни озон қатлами ўраб туради. Бу қатлам Қуёшдан келадиган турли зарарли радиацияларни, шу жумладан, ультрабинафша нурларининг

ортиқча қисмини тутиб қолади.

Шунингдек, Ернинг магнит тасмаси бор. У белбоғ Қуёшдаги портлашлар, чақнашлар натижасида Ерга етиб келадиган ўта зарарли радиацияларни ушлаб қолиб, Ерга ўтказмайди.

Шу билан бирга атмосферамизда карбонат ангидрид гази бор. Бу газнинг атмосферадаги миқдори 0.04%ни ташкил этади. Аслида бу миқдор ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Аммо шу миқдор сабабли Ер сайёрасининг ўртажа ҳарорати 14 даражани ташкил этади. Лекин агар ҳаво қобиғимизда шу миқдорда карбонат ангидрид бўлмаса эди Ер сайёрамиздаги ўртача ҳарорат -19 даражага тушиб кетарди. Бу музлаткичнинг музхонасидаги ҳарорат бўлиб, ҳамма нарса музлаб қоларди.

Еримизнинг тортишиш кучи.

Агар бу куч ҳозиргидан бироз кучлироқ бўлса, биз сайёрамизга ёпишиб қолиб юролмаган бўлардик. Бордию тортишиш кучи бироз заиф бўлганида, ерда ўрнашолмай, ҳаётимиз қийинлашиб кетарди.

Тоғларнинг мавжудлиги.

Тоғлар сайёрамиз ичига қозиқдек ўрнашган. Аллоҳ таолонинг фазли билан тоғлар ер плиталарини силжишдан, зилзилалар содир бўлишидан сақлаб туради.

Роббимиз Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَأَلْقَىٰ فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَأَنْهَارًا وَسُبُلًا لَّعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

«У Зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун, унинг устига барқарор тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз» (Наҳл сураси, 15-оят)

Тупроқнинг унумдорлиги, унда ўсимлик униб-ўсиши.

Аллоҳ таолонинг изни билан бизнинг ҳаётимиз давомийлигига сабаб бўладиган таом ердан чиқади. Буғдойни ўриб, тегирмонга олиб бориб, ундан нон ёпиб, истеъмол қиламиз. Агар тупроқда ҳеч нарса унмаса, яшай олмаймиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

فَلْيَنظُرِ الْإِنسَانُ إِلَىٰ طَعَامِهِ أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا فَأَنبَتْنَا فِيهَا حَبًّا وَعِنَبًا وَقَضْبًا وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا وَحَدَائِقَ غُلْبًا وَفَاكِهَةً وَأَبًّا مَّتَاعًا لَّكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ

 

«Инсон ўз таомига назар солсин. Албатта, Биз сувни роса қуйиб қўйдик. Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик. (Биз) унда донни ўстирдик ва узум ва кўкатларни ва зайтун ва хурмоларни ва қуюқ, қалин боғу бўстонларни ва мева чеваю ўт-ўланларни сизларга ва чорваларингизга наф бўлиши учун» (Абаса сураси, 24-32-оятлар).

Демак, бизнинг бу сайёрада яшашимизга сабаб фақат сув эмас экан. Сабаблари кўп экан. Бизнинг ушбу сайёрада яшашимизга яна кўплаб сабаблар бор. Биз билганимизни келтирдик.

Демак, биз яшаётган ушбу сайёра ўзидан ўзи яшашга яроқли бўлиб қолмаган, балки Аллоҳ таоло уни бизнинг яшашимиз учун керакли нарсалар билан жиҳозлаб қўйган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَىٰ إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ ۚ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғрилаган Зотдир. Ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир» (Бақара сураси, 29-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Даволанадиган нарсаларингизнинг энг афзали қон олдириш билан денгиз қустидир. Ютқинчоқ яллиғланганда болаларингизни давоми...

2453 16:00 / 19.11.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин, кейин уни идишни давоми...

4020 17:10 / 26.02.2019
Ҳар бир қанотда катта кўз ва бир нечта вертикал чизиқлари бор бўлган капалак. Олд қанотлари пушти рангда, орқа қанотларида эса тукли антенналар бор. Шу билан бирга давоми...

1512 15:54 / 16.11.2022
Инсон мияси ҳақида Инсон миясининг сатҳини кўриб турибсиз. Олимлар мияни Борлиқдаги кашф этилган нарсаларнинг мураккаброғи деб сифатлайдилар. Миямиз асосан давоми...

3396 14:00 / 10.09.2022