1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом тарихидаги энг таъсирли хутба

11:30 / 09.06.2021 3385 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳунайн ғазотида тушган ўлжаларни тақсимлаш ҳақида Ибн Исҳоқ Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ўлжалардан қурайшга ва араб қабилаларига улуш бериб, ансорларга ундан насиба тегмаганида, ансорларнинг кўнгилларида норозилик кайфияти туғилиб, бу масалада гап-сўз кўпайди. Ҳатто баъзилар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қавмларига етишдилар», дейишди.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ансорлар жамоаси қўлга киритган ўлжани тақсимлашдаги тутган йўлингиз, қавмингизга бўлиб берганингиз, араб қабилаларига кўп мол бериб, ансорларга ундан ҳеч нарса тегмагани учун сизга нисбатан дилларида норозилик кайфиятини ҳис қилдилар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг бу масалада нима дейсан, эй Саъд?», дедилар.

Саҳобий: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам қавмимнинг бир вакилиман», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, қавмингни мана шу майдонга тўпла!», дедилар.

Саъд розияллоҳу анҳу чиқиб, ансорларни майдонга йиғди, баъзи муҳожирлар ҳам келишди, уларга киришга изн берилди, қолган муҳожирларга изн берилмади. Ансорлар тўпланишгач, Саъд розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, ансорлар сиз учун тўпланишди», дедилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтгач: «Эй ансорлар жамоаси, сизлардан менга етиб келган гап, қандай гап? Менга нисбатан кўнглингизда оғриқ туйдингизми? Олдингизга келганимда залолатда эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни ҳидоят қилмадими?!

Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бой қилмадими?!

Ўзаро душман эдингиз, Аллоҳ мен сабабли қалбларингиз орасини улфат қилмадими?!», дедилар.

Улар: «Ҳа, шундай, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир» дейишди. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга жавоб бермайсизларми, эй ансорлар жамоаси?» дедилар.

Улар: «Нима деб жавоб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули? Барча яхшилик ва марҳамат Аллоҳ ва Расули томонидан бўлди» дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз «бизнинг олдимизга ёлғончи қилинган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, бошпанасиз ҳолда келдингиз, биз сизга бошпана бердик, фақир ҳолда келдингиз, сизга мол бериб бой қилдик» десангиз, рост гапирган бўласизлар ва сизларни ҳеч ким инкор этмайди.

Эй ансорлар жамоаси, мен одамларни Исломга кирсинлар, дея сийлаган дунёнинг арзимас матоҳини деб кўнглингиз оғридими?! Сизларга Исломингизни қолдирдим.

Эй ансорлар жамоаси, одамлар қўй ва туя билан кетаётганларида сизлар уйингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қайтишга рози бўлмайсизларми? Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳижрат бўлмаганида ансорларнинг бир вакили бўлардим. Одамлар бир водийга юрсалар, ансорлар бошқа водийга юрсалар, ансорларнинг водийсига юрган бўлардим. Сизлар мендан сўнг машаққатга дуч келасизлар, мен билан ҳавзим бўйида кўришгунингизча сабр қилинглар. Эй Аллоҳ, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорларнинг фарзандларининг фарзандларини раҳматингга олгин!» дедилар.

Одамлар соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғлашди ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга улуш, насиба бўлишларига рози бўлдик» дейишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар, одамлар ҳам тарқалишди».

Ушбу ривоят орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар меҳрибон, мулойим, одамларнинг кўнглини кўтарувчи, уларга тасалли берувчи зот эканликларининг гувоҳи бўламиз.

Ансорлар уйларига туя, қўй, тилла билан қайтишмади, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қайтишди.

Ансорлар дунё матосини олишмади, балки ўзлари, фарзандлари ва набиралари ҳаққига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини олишди.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Эҳсон, диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, .тариқат, ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм .тасаввуф илми, деб давоми...

2124 09:14 / 27.12.2023
Албатта, бўлиб ўтаётган бу гапсўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага давоми...

4263 14:00 / 02.02.2019
Қўриқхоналар ташкил қилиш Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамият ихтиёрида бўладиган давоми...

1415 15:25 / 18.10.2024
Ушбу жангда мусулмонларнинг енгилишлари улардаги энг олий сифатларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Улардан собит турганлари, ўзларини қурбон қилганлари кучли давоми...

2612 17:00 / 01.12.2020
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021