Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (136-дарс). Қуръон осмон билан ер орасидаги Аллоҳнинг арқонидир

21:30 / 12.05.2021 2969 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмассиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати», дедилар».

Имом Молик ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳам, мақсади ҳам очиқ-ойдин ва равшандир. Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш ҳар бир мусулмоннинг асосий вазифаси. Ким Қуръон ва Суннатни маҳкам ушласа, залолатга кетмайди, ушламаганлар эса залолатга юз бурадилар. Бу тўғрида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنِّي تَارَكٌ فِيكُمْ مَا إِنْ تَمَسَّكْتُمْ بِهِ لَنْ تَضِلُّوا بَعْدِي أَحَدُهُمَا أَعْظَمُ مِنَ الْآخَرِ كِتَابُ اللهِ حَبْلٌ مَمْدُودٌ مِنَ السَّمَاءِ إِلَى الْأَرْضِ، وَعِتْرَتِي أَهْلُ بَيْتِي، وَلَنْ يَتَفَرَّقَا حَتَّى يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ فَانْظُرُوا كَيْفَ تَخْلُفُونِي فِيهِمَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, мен сизнинг ичингизда, агар маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмайдиган нарсани қолдириб кетувчиман. Уларнинг бири иккинчисидан улуғдир. Аллоҳнинг Китоби осмондан ерга тортилган бир арқондир. Ва итратим, аҳли байтим, икковлари қошимга ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар. У икковларида менга қандай ўринбосар бўлишингизга бир назар солинглар!» дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим ёнига ўз итратларини қўшмоқдалар. «Итрат» сўзи яқин қариндошлик (насл), демакдир. Бу сўзни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари «аҳли байт» деб ҳам баён қилиб қўймоқдалар.

Ҳозирча Аҳли сунна ва жамоа наздида Оли байт – Ҳазрати Али ва Фотимадан тарқалган насллар, Оли Аббос, Оли Жаъфар ва Оли Ақийллар эканлигини билиб олсак, етарли бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ҳар бир мусулмон Қуръони Карим билан қўшиб, ўзларининг Оли байтларини ҳам маҳкам ушлаб, уларнинг айтган насиҳат ва кўрсатмаларига амал қилиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Чунки Оли байт доимо мусулмонларни Қуръон ва Суннатга амал қилишга чақирганлар. Ўзлари бу ишда бошқаларга ибрат бўлганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда:

«Икковлари қошимга ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар», деганлар.

Ҳовуздан мурод, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёматдаги ҳовузлари. Демак, қиёматгача Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аҳли байтлари Қуръони Каримдан ажрамаслар, Қуръони Карим улардан ажрамас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг охирида:

«У икковларида менга қандай ўринбосар бўлишингизга назар солинг», демоқдалар.

Яъни, Қуръон ва Аҳли байтимда менинг ўринбосарим сифатидан нима қилишингизга бир назар солиб қўйинг, эҳтиёт бўлинг, демоқчилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларига фақат Аҳли сунна ва жамоа мусулмонларигина тўғри ва тўлиқ амал қилмоқдалар. Қолганлари эса ё у ёққа, ё бу ёққа бурилиб, хатога йўл қўйдилар.

Баъзилар Аҳли байтни камситиб, уларни ҳақорат қилдилар. Ҳеч бўлмаганда, уларни ўзларига тенг кўрдилар. Аҳли байтнинг қадрини муносиб ўринга қўймадилар.

Бошқалар эса Аҳли байтни илоҳийлаштириб, Аллоҳ ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аҳли байтнинг ўзи ҳам айтмаган юқори даражага кўтарадилар. Бу ишда ҳаддан ошиб, бошқа саҳобаларни кофирга чиқарадилар. Кетма-кет хатоларга йўл қўядилар. Аҳли байтнинг ҳурмати уларнинг қабрларига бинолар қуриш, зиёрат қилиш, мадҳиялар ўқиш, бу ишда уларга қўшилмаганларга лаънат айтишда, деб биладилар.

Аҳли сунна ва жамоа эса Аҳли байтнинг Қуръондан ажрамаганларини маҳкам тутадилар, ҳурмат қиладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Қуръонни ва Аҳли байтларини қолдириб кетганлар.

2. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган икки нарсани маҳкам ушласа, зинҳор залолатга кетмайди.

3. Бу икки нарса бир-биридан улуғ, бир-биридан яхши.

4. Қуръон осмон билан ер орасидаги Аллоҳнинг арқонидир.

5. Қуръон билан Аҳли байт то қиёмат бўлиб, ҳовузга борилгунча бир-бирларидан ажрамайдилар.

6. Мусулмонлар бу икки нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай халифа (ўринбосар) бўлаётганларига доимо назар солиб туришлари керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кишиларга даъват, ваъзнасиҳат, тушунтириш ишларини олиб борувчиларнинг ҳадис саҳиҳ экан, деб, тўғри келган жойда, ҳар бир учраган одамга айтавериши ҳам дуруст давоми...

5476 13:00 / 13.02.2019
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

4831 17:45 / 02.04.2018
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

4259 16:59 / 08.04.2016
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . . .У киши розияллоҳу анҳу .Мен ўз халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Мўминнинг безаги давоми...

3515 19:00 / 06.07.2022