1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Кимга маъруф қилинса, у жавобан мукофот берсин!

17:32 / 27.04.2021 1808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Кимга бир маъруф қилинса, у жавобан мукофот берсин. Агар мукофотга берадиган нарса топмаса, унга мақтов айтсин. Унга мақтов айтса, шукр қилган бўлади. Агар айтмаса, куфрони неъмат қилган бўлади.

Ким ўзига берилмаган нарса билан зийнатланса, худди иккита ёлғон кийимни кийгандек бўлади».

Шарҳ: Бир жамиятда яшайдиган кишилар орасида бир-бирига маъруф иш – яхшилик қилиш Исломнинг муомала бобидаги бош таълимотларидан ҳисобланади.

Маъруф иш – ҳадя бериш, қийин ҳолатда ёрдам бериш, обрўсини ҳимоя қилиш, умуман, мусулмонлар бир-бирларига қиладиган барча яхшиликлардир.

Бир одам иккинчисига яхшилик қилди. Иккинчи шахс, яъни бировнинг яхшилигидан баҳраманд бўлган одам бу ҳолатда ўзини қандай тутиши лозим?

Саволнинг жавоби ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда келмоқда.

«Кимга бир маъруф қилинса, унга мукофот берсин».

Ҳар бир яхшилик кўрган одам ўзига яхшилик қилган шахсга унинг қилган яхшилиги учун мукофот бериши исломий одоб тақозоси экан. Ҳадя берганга жавоб ҳадяси берсин. Бошқача яхшилик қилганга ҳам қўлидан келганича мукофот бўладиган нарсани тақдим қилсин.

«Агар мукофотга берадиган нарса топмаса, унга мақтов айтсин. Унга мақтов айтса, шукр қилган бўлади. Агар айтмаса, куфрони неъмат қилган бўлади».

Мукофотга берадиган нарсаси бўлмаган чоғда бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам миннатдорчилигини билдирсин. Ташаккур сўзлари қилинган яхшиликнинг шукри бўлади.

Агар шу сўзни ҳам айтмаса, унда мазкур одам яхшилик қилишга арзимайдиган одам экани маълум бўлади. У ўзига етган неъматга куфрони неъмат қилган бўлади. Бу иш мусулмон шахс учун зинҳор тўғри келмайди. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтармаслик Ислом одобига зид нарса.

«Ким ўзига берилмаган нарса билан зийнатланса, худди иккита ёлғон кийимни кийгандек бўлади».

Яъни, мақтаниш ва фахрланиш учун ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш икки марта гуноҳдир: ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатгани учун бир гуноҳ, мақтанчоқлик қилгани учун яна бир гуноҳ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Яхшилик қилган ҳар қандай кишига мукофот бериш одобдан экани.

2. Яхшилик қилган одамга берадиган мукофоти бўлмаса, унга ташаккур сўзларини айтиш лозимлиги.

3. Қилинган яхшилик эгасига мақтов сўзларини айтиш шукрона экани.

4. Қилинган яхшилик эгасига мақтов сўзларини айтмаслик куфрони неъмат экани.

5. Ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишга уриниш яхши эмаслиги.

Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Ким Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўраса, унга паноҳ беринглар.
Ким Аллоҳнинг номи билан бир нарса сўраса, сўраган нарсасини беринглар.
Ким сизларга яхшилик қилган бўлса, уни мукофотланглар. Агар мукофотлаш учун ҳеч нарса топа олмасангиз, уни дуо қилинглар. Токи ўша одам қилган яхшилиги учун сиздан бирор мукофот олганини билсин».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларининг ўзаро муомаламизда алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган бир неча ишларни зикр қилмоқдалар.

«Ким Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўраса, унга паноҳ беринглар».

Бу иш одамгарчиликнинг олий нуқталаридан биридир. Албатта, ноилож ҳолатда қолган одамгина ўзгадан паноҳ сўрайди. Бировни ўз паноҳига олиш жуда улуғ иш.

«Ким Аллоҳнинг номи билан бир нарса сўраса, сўраган нарсасини беринглар».

Албатта, ўта муҳтож кишигина Аллоҳ таолонинг номи билан ўзгадан бирор нарса сўрайди. Аммо одамгарчиликни йўқотиб, тиланчиликни ўзига касб қилиб олган, бу ишида Аллоҳ таолонинг номини шиор қилиб олган танбаллар мазкур сирага кирмайдилар.

Ноиложликдан, иффатини сақлаган ҳолда ўзгадан бирор нарса сўраган одамга ёрдам бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

«Ким сизларга яхшилик қилган бўлса, уни мукофотланглар».

Мазкур шахснинг яхшилигига яраша мукофот бериш керак бўлади. Бу нарса кўпинча хизматни тақдирловчи совғалардан иборат бўлади.

«Агар мукофотлаш учун ҳеч нарса топа олмасангиз, уни дуо қилинглар. Токи ўша одам қилган яхшилиги учун сиздан бирор мукофот олганини билсин».

Сизга яхшилик қилганидан мамнун эканингизни, сиз ундан хурсанд бўлганингизни, унинг ҳаққига дуо қилаётганингизни билдириб қўйинг.

Демак, яхшилик қилган одамга қўлдан келганича яхшилик қайтариш матлуб амал экан. Бирор моддий нарса бўлса, уни мукофот тариқасида берган яхши, ҳеч бўлмаса мақтов айтсин, дуо қилсин, хуллас, қандай бўлмасин, яхшилик қилган одамни мукофотласин.

Дарҳақиқат, мана шу нарса инсонлар ўртасидаги ижтимоий алоқаларнинг ривожланишига, яхшиланишига, ушбу жамиятда яхшилик қилувчиларнинг кўпайишига, маъруф ишларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлади.

Албатта, ҳар бир одам бундай яхшиликларни Аллоҳ учун қилади. Аммо унинг яхшилигидан манфаат топган одам мамнун бўлса, унинг ҳаққига дуо қилса, жуда яхши бўлади, ниҳоятда улуғ бир фазл бўлади.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бериб, ҳадисларида таъкидлаб ўтганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўраган одамга паноҳ бериш кераклиги.

2. Аллоҳнинг номи билан бир нарса сўраган одамга сўраган нарсасини бериш кераклиги.

3. Яхшилик қилган одамни мукофотлаш кераклиги.

4. Яхшилик қилган одамни мукофотлаш учун ҳеч нарса топа олмаса, уни дуо қилиш кераклиги.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсон зотини Ўзи яратган нарсаларининг энг азизи, мукаррами ва гултожи қилгандир. У Зот ушбу ҳақиқатни Ўзининг охирги ва қиёматгача давоми...

2969 17:00 / 23.07.2022
88. Анасдан ривоят қилинади.Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У ерда мен, онам ва холам Умму Ҳарамдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. давоми...

2532 16:00 / 25.06.2019
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади . ,..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир,, давоми...

1843 11:55 / 19.10.2019
Ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар, бир кун келиб кексаяди. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик давоми...

1854 14:40 / 14.10.2019