1447 йил 30 ражаб | 2026 йил 19 январь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Умар розияллоҳу анҳунинг хавфлари

05:00 / 06.03.2017 3990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч қачон суяниб қолмас эдилар. Доимо Аллоҳ таолонинг раҳм қилишини тилаб турар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Агар бир нидо қилувчи осмондан нидо қилиб:

«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз жаннатга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам эмасмиканман, деб қўрқаман.

Агар бир нидо қилувчи нидо қилиб:

«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам бўлсам, деб умид қиламан».

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва:

«Эй Абу Мусо! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларинг холис қолиб, бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса-ю, сенинг фойдангга ҳам, зарарингга ҳам бўлмаса. (Шу) сени хурсанд қиладими?» деди.

Абу Мусо:

«Йўқ! Эй мўминларнинг амири, Аллоҳга қасамки, Мен Басрага келганимда ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва Суннатни ўргатдим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У Зотнинг фазлини умид қиламан», деди.

Умар розияллоҳу анҳу:

«Лекин мен ўз амалимдан яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлиб, менинг фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмасдан учма-уч чиқишини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалимнинг ўзимга холис бўлишини хуш кўраман», деди».

Ибн Асокир ривоят қилган.

Ҳофиз Абу Бакр Абу Дунё ривоят қиладиларки, бир куни кечаси ҳазрати Умари Одил ўз одатларига кўра Мадинаи Мунаввара кўчаларини айланиб юрган эканлар. Мусулмонлардан бирларининг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётиб, ҳовли эгасининг намоз ўқиётганини эшитибдилар. Тўхтаб, қироатга қулоқ солибдилар. Уй эгаси «Ват-Тур»ни ўқиб, «Албатта, Роббингнинг азоби рўй беражак. Уни қайтарувчи йўқдир»га етганда, ҳазрати Умар: «Каъбанинг Робби ила қасамки, бу ҳақ қасамдир», дебдилар ва эшакларидан тушиб, деворга суяниб қолибдилар. Бир муддат шу ҳолатда туриб, сўнг уйларига қайтибдилар.

Шундан кейин у киши бир ой касал бўлиб ётган эканлар. Йўқлаб келганлар у кишининг нима билан оғриётганларини билмас эканлар. Қуръон пок ва таъсирчан қалбларга ана шундай таъсир кўрсатган.

 

ЕТГАН НЕЪМАТЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ХАВФИ

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига ва мусулмонларга берилган неъматлар масъулиятидан ҳам юқори даражада хавфда бўлар эдилар. У кишида мол-дунё ила фахрланиш ўрнига унинг шукрини келтира олмасликдан, у билан ҳовлиқиб кетишдан хавф бор эди.

Имом Байҳақий Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Қодисия ўлжаларидан бир тўп ўлжа келди. У уларни ағдариб кўриб, уларга назар солиб, йиғлай бошлади. Абдурраҳмон ибн Авф у билан бирга эди. Абдурраҳмон унга:

«Эй мўминларнинг амири! Бугун хурсандлик куни. Бугун сурур куни», деди.

У: «Тўғри. Аммо манави қай бир қавмга берилса, албатта, адоват ва ёмон кўришни қолдирган», деди».

Имом Аҳмад, Баззор ва Абу Яъло Абу Синон Дуалийдан ривоят қиладилар:

«У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига кирса, бир гуруҳ аввалги муҳожирлар билан ўтирган экан.

Умар занбил ёки жундан тўқилган идишга ўхшаш сафат номли идишни олиб келишга одам юборди. У Ироқ қалъасидан олиб келинган бўлиб, ичида узук бор эди. Боласи узукни олиб, оғзига солган эди, Умар ундан тортиб олди ва йиғлай бошлади. Унинг олдидагилар:

«Сени нима йиғлатмоқда? Аллоҳ сенга фатҳни берган, душманингдан устун қилган ва кўзингни қувонтирган бўлса», дедилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кимга дунё фатҳ қилинса, албатта, Аллоҳ азза ва жалла уларнинг орасига қиёматгача адоват ва ёмон кўришни солади», деганларини эшитган эдим. Мен ана шундан қўрқяпман», деди Умар».

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъид ибн Мусайябдан ибн Абу Дунё ривоят қилади Луқмони ҳаким бир куни ўғлига насиҳат қилиб Эй, ўғилчам Ҳаётингда ўзинг рози бўлган ёки ёқтирмаган неки иш бошинга давоми...

4972 05:00 / 06.03.2017
Барча нарса машийъатга суянади. У эса ҳеч нарсага суянмайди.Ушбу ҳикматдаги .машийъат,дан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳишидир. .Машийъат, ва .ирода, давоми...

6145 00:25 / 11.05.2017
Ҳикоя қилишларича, Ҳотамул Асомнинг қарамоғида фарзандлари кўп эди. Унинг ўғил ва қизлари кўп бўлишига қарамасдан бир дона ҳам егулик дондуни йўқ эди. Бир куни у давоми...

3754 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг тиловати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта тасири бор омилдир. Қуръони Карим тиловати деганда уни давоми...

21404 05:00 / 28.02.2017