1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ғийбат қилса, рўза очиладими?

03:23 / 27.04.2021 2848 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Агар рўзадор ғийбат қилса, бу ғийбати туфайли рўзаси бузиладими?

Жавоб: Бизнинг наздимизда, рўзаси бузилмайди. «Виқоя»да шундай келган. Аммо бунга далолат қиладиган кўплаб ҳадиси шарифлар бор:

«Агар рўзадор ғийбат қилса, оғзи очилиб кетади». Буни Исҳоқ ибн Роҳувайҳ «Муснад»ида келтирган (Ҳанноднинг «Зуҳд» китобида ҳам келтирилган).

«Бешта нарса рўзадорнинг оғзини очиб юборади ва таҳоратни бузади:

1. Ёлғон гапириш;

2. Ғийбат қилиш;

3. Чақимчилик қилиш;

4. Шаҳват билан қараш;

5. Ёлғон қасам ичиш».

Айний раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбат берилган ушбу хабар ҳақида қуйидагиларни айтган: «Буни Ибн Жавзий ривоят қилган ва: «Бу мавзу ҳадисдир», деган».

Яна мана бу ривоят ҳам келган: «Тўрт нарса рўзадорнинг оғзини очиб юборади, таҳоратни синдиради ва амални барбод қилади:

1. Ғийбат;

2. Ёлғон гапириш;

3. Чақимчилик қилиш;

4. Ўзига ҳалол бўлмаган аёлнинг гўзалликларига қараш».

Яна Ибн Абу Шайба қуйидаги «марфуъ» ҳадисни ривоят қилган: «Ким инсонларнинг гўштларини еган бўлса (ғийбат қилган бўлса), у рўза тутмабди».

Яна қуйидаги ҳадис ҳам ривоят қилинган:

«Икки киши у зот алайҳиссалом билан бирга пешин ва аср намозларини ўқишибди. Иккалалари ҳам рўзадор экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлгач: «Иккингиз таҳоратингизни қайтадан қилинглар, намозингизни қайтадан ўқинглар, рўзангизда давом этинглар, лекин бошқа кунда қазосини тутиб беринглар», дебдилар. Шунда у иккаласи: «Нима учун, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишибди. «Чунки сизлар фалончини ғийбат қилдингиз», дебдилар» (Байҳақий ривояти).

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ: «Икки ножоиз иш рўзани бузади: ғийбат ва ёлғон», деганлар.

Ривоят қилинишича, бир киши бир одамга ҳижома қилдирибди. Ҳижома асносида иккаласи ғийбат қилишибди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнларидан ўтиб: «Қон олувчининг ҳам, олдирувчининг ҳам рўзаси очилиб кетди», дебдилар.

Мана шунга кўра, баъзилар ҳижома қилдириш рўзани бузади, деб ўйлашган.

Айний ва Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳлар бундай дейишган: «Ғийбатнинг рўзани бузиши ҳақидаги ҳадисларнинг барчаси ичига бошқа сўзлар киритилган ҳадислардир. Улар тўғри бўлган тақдирда ҳам, таъвил қилинишига ижмо қилинган. «Раддул мухтор» ва «Ҳидоя»да шундай келган.

«Кифоя»да бундай дейилган: «Уламолар орасида рўза ғийбат билан бузилмаслигида фарқли қараш йўқ. Ижмога зид бўлган нарсага фатво бериш эса эътиборга олинмайди. Ҳадисни, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу маънодаги сўзларини Имом Маҳбубий: «Учта нарса рўзадорнинг оғзини очиб юборади», деган лафз билан зикр қилган. Фахрул ислом «Жомеус-сағир»да: бундай деган: «Бу ҳақида келган «Ғийбат рўзадорнинг оғзини очиб юборади» ҳадиси эса таъвил қилинишига ижмо қилинган.

Бу ҳадисни таъвил қилиш икки жиҳатдан бўлади:

Биринчи таъвил: «Биноя»да келганидек: «Бундан рўзанинг савоби кетиб қолиши назарда тутилган»;

Иккинчи таъвил: Имом Ғаззолий айтганидек: «Рўза уч турли бўлади:

1. Ейишни, ичишни ва жинсий алоқанигина тарк қиладиган рўзадорнинг рўзаси. Бу авомларнинг рўзаси ҳисобланди;

2. Мазкур нарсалардан ташқари ғийбат, ёлғон гапириш сингари рўзани макруҳ қиладиган нарсалардан ҳам сақланадиган рўзадорнинг рўзаси. Бу хосларнинг рўзаси ҳисобланади;

3. Аллоҳ таолодан бошқага илтифот қилмайдиган, Ундан ўзгага назар солмайдиган рўзадорнинг рўзаси. Бу хосларнинг ҳам хослари тутадиган рўза ҳисобланади.

Ғийбат ва унинг шериклари биринчи турдаги рўзани бузмаса-да, қолган икки турдаги рўзани бузиб қўяди. Ҳадиси шарифда мана шу маъно назарда тутилган».

Мен айтаманки, Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: «Бу масалада ижмо қилинган дейилиши зоҳирийларнинг фарқли қарашларига эътибор берилмаслик жиҳатидандир. Чунки улар салафи солиҳлардан кейин пайдо бўлган».

«Раддул мухтор»да: «Ғийбат сабабли рўзанинг бузилишини мужтаҳид имомлардан ҳеч бири тасдиқламаган. Фақатгина бу ҳақида зоҳирийларнинг гаплари бор, холос», дейилган.

Ваҳоланки, Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳ «Шарҳу мишкот»да ва Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин»да: «Ғийбат сабабли рўзанинг бузилишини Суфён Саврий тасдиқлаган. У эса мужтаҳид имомлардан биридир. Шунинг учун иккалаларини гаплари тўғри эмас», дейилган.

Ҳижрий 1282 (милодий 1866) йилда ушбу шубҳа менинг ҳам кўнглимга келган ва уни «Раддул мухтор»нинг саҳифаларидан текшириб кўрган эдим. Ўшанда ғийбат ҳақидаги ҳадислар таъвил қилинишига ижмо қилингани ҳақидаги фуқаҳоларнинг гаплари тўғри эканини мулоҳаза қилган эдим. Зеро, ғийбатнинг рўзани бузишини бирорта ҳам саҳоба тасдиқламаган. Фақатгина бу ҳукмни баъзи мутааххир мужтаҳидлар тасдиқлашган. Шунга кўра, бу ижмодан саҳобаларнинг ижмолари ёки уларга мухолифларнинг гаплари эътиборга олинмаслиги жиҳатидан барчанинг ижмоси назарда тутилган, дейиш мумкин.

Аммо Ибн Ҳумом ва Шомий раҳматуллоҳи алайҳларнинг рўзанинг бузилишини фақатгина зоҳирийлар айтганлар, бошқалар бу ҳукмни айтмаган деб қайдлашлари, менинг назаримда тўғри эмас. Чунки Саврий раҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид имомлардан саналадилар. Ҳеч ким у зотни зоҳирийлардан демаган. Яна сирларни Аллоҳ билувчидир. Фақатгина бу ҳукм у зотдан мўътабар санад билан собит бўлмаган дейиш мумкин, холос.

 

«Нодир фатволар»дан

«Ҳилол» журналининг 4 (25) сонидан 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1237. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари давоми...

3451 16:59 / 23.05.2018
Ўзбекистон радиосининг .Оқшом тўлқинларида, ахборотмусиқий эшиттириши орқали берилган ушбу ваъз, Тошкентдаги .Тилла Шайх, масжидида ийдmdash Рамазон намози олдидан давоми...

3206 05:00 / 14.01.2017
Маълумки, Рамазон ойида ҳилолни янги чиққан ойни кўриш билан рўза тутиш бошланади ва шавволнинг ҳилолини кўриш билан тугатилади. Рамазон арафасида, шаъбон давоми...

5283 19:43 / 13.05.2018
Фаришталар тонгдан шомгача таом емасалар, бу иш асло ҳайратомуз эмас. Чунки, улар умуман очқамайди, уларнинг таомга ҳожатлари йўқ. Шунинг учун улар Рамазон кунида давоми...

1465 15:10 / 25.03.2023