1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон хайр ва яхшилик ойидир

17:00 / 20.04.2021 2520 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи йилнинг энг афзал ойларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу ойда Қуръони Каримни нозил қилган. Бу ойда минг ойдан яхши кеча қадр кечаси бор. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар занжирбанд этилади. Бу ойни биз мўминлар ғанимат билиб, гуноҳларимизга истиғфор айтишимиз, тоат-ибодатга маҳкам бел боғлашимиз лозим.

Рамазонда қилинган садақа мусулмонни Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган энг яхши амаллардан ҳисобланади ва бунга бериладиган ажр-мукофотлар бир неча бор кўпайтириб берилади иншааллоҳ.

Абдуллоҳ ибн Аббос: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда бўлар эди», деганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган. 

Шундай экан, бу ойни ғанимат билиб, қўлимиздан келгунча хайр-садақалар қилиб қолишимиз керак.  Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида бизни бунга амр қилади:

«Ва Аллоҳ йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир», (Бақара сураси, 195- оят).

«Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи унга берганини кўп марта кўпайтириб берса. Ва ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтасизлар», (Бақара сураси, 245- оят).

«Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга. Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас», (Бақара сураси, 272- оят).

«Кечасию кундузи молларини яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», (Бақара сураси, 274- оят).

«Яхшилик қилсалар, ҳаргиз инкор этилмаслар. Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи Зотдир», (Оли Имрон сураси, 115- оят).

«Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», (Оли Имрон сураси, 134- оят).

«Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур», (Нисо сураси, 40- оят).

«Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур», (Анъом сураси, 160- оят).

«Кичик ёки катта нафақа қилсалар ҳам, бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам, албатта, уларга (солиҳ амал) ёзилар. Аллоҳ уларга қилган энг гўзал амалларнинг мукофотини берар», (Тавба сураси, 121- оят).

«Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир», (Ар-Роҳман сураси, 60- оят).

Аллоҳ таоло бизга бу хайр баракага тўла ойда У Зотнинг амрларига итоат қилиб яхшиликлар қилиш насиб этсин ва бу яхшиликлар гуноҳларимизнинг кечирилишига ва охиратдаги даражаларимизнинг юксалишига васила бўлсин. Аллоҳ барчамизга Қуръони Карим ва Суннати Набавийнинг ҳукмларига амал қилишни ва ҳидоятига эргашиб яшашимизни, қалбимиз Қуръон нури билан мунаввар бўлишини, Қуръон билан хулқланишимизни насиб этсин!

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойида рўза тутиш, унинг моҳияти ва фойдалариРўза Исломнинг беш фарзидан биттаси ҳисобланади, агар ким уни фарз эканлигини инкор этса кофир бўлишида шубҳа давоми...

5298 16:17 / 23.05.2018
.Қадр кечаси, .ЛайлатулҚадр, Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони Карим давоми...

6163 18:14 / 03.06.2018
Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг ҳар бир куни ва тунида жаҳаннамга ҳукм қилинганлар озод қилинишларини айтганлар. Мусулмонларнинг ушбу кун ва давоми...

8658 16:44 / 27.05.2018
Ислом динида quotЛайлат улқадрquot ndash Қадр кечаси улуғланиши барчага аён ҳақиқат. Ушбу муборак кечани мусулмонлар алоҳида орзиқиб кутадилар, бу кечада алоҳида давоми...

3996 05:00 / 13.01.2017