1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Аллоҳ таолонинг махлуқларига тақлид (биринчи мақола)

17:00 / 15.02.2021 2890 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قُلِ انظُرُوا مَاذَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ وَمَا تُغْنِي الْآيَاتُ وَالنُّذُرُ عَن قَوْمٍ لَّا يُؤْمِنُونَ

«Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят(мўъжиза)лар ва қўрқитувлар фойда бермас», деб айт» (Юнус сураси, 101-оят).

Ўзимиз яшаётган тараққиёт ва технологиялар асрига назар солсак, бу асрни олдинги асрлар билан солиштирсак, улкан ўзгаришлар бўлганини кўрамиз. Бир неча ўн йиллардан бери олимлар тезкор, хавфсиз, от, эшак каби уловлардан тезроқ ҳаракатланадиган нақлиёт воситалари бўлишини орзу қилардилар. Шундай қилиб, машиналар кашф этилиб, ишлаб чиқарилди. Кейин олимлар бундан-да тезроқ ҳаракатланадиган воситалар ҳақида ўйлай бошладилар. Шундан сўнг самолётлар кашф этилди ва ишлаб чиқарилди. Олдин орзу бўлган нарсалар ҳақиқатга айланди. Орзулар самолётларнинг бир хил шаклда бўлиши билан чекланиб қолмади. Самолёт қанотининг шакли парвоз пайтидаги тезликка ва босиб ўтиладиган масофага мутаносиб бўлиши учун самолётга кўплаб ўзгартиришлар киритишди.

Бошқа олимлар кўплаб маълумотларни қандай сақлайман, ҳисоб-китоб амалиётларини қандай бажараман, истаган пайтимда ўша маълумотларни қандай қайтараман деб чуқур фикрга бордилар. Шундай қилиб, компьютер технологияси кашф этилди.

Тиббиёт соҳасига келсак, олимларнинг фикрлари хаёл чегараларидан ҳам ошиб тушди. Шундай қилиб, сунъий буйрак, сунъий юрак, сунъий бўғимлар, сунъий гавҳар кашф этилди.

Мисолларни келтиришдан тўхтаб, савол берсак: «Олимлар мазкур фикрларга келиш учун қаердан илҳомланишди? Бу улардаги беназир заковат натижасими? Ёки улардаги туғма илҳом натижасими? Ёки ўзларига хос иқтидорлари натижасими? Хўш, нима уларга туртки берди?»

Жавоб шундайки, улар турли соҳаларда мазкур фикрларга келишларига Аллоҳ таолонинг яратган махлуқларидан илҳомланишлари сабаб бўлди.

Бу ҳолатга техника ёки табиий технология (Bionics) дейилади. Яъни, табиатга ундан турли технологик соҳаларда фойда олиш учун, тақлид қилишдир. Тирик организмларнинг фаолият юритиш тизимларини ўрганувчи ва аниқланган иш приципларини техника воситаларида қўллайдиган фан бионика деб аталди. Бионика биология ҳамда техникани уйғунлаштирадиган фан бўлиб, бунда муҳандислик масалаларига организмлар структураси ва ҳаётий фаолиятининг таҳлили асосида ечим изланади. Бионика, шунингдек, физика, кимё, кибернетика ва муҳандислик фанлари, яъни электроника, навигатсия, алоқа, денгиз илми билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Одамлар замонавий технологияни кашф этишда нималардан илҳомланганлари, қандай жонзотларга тақлид қилганларини баъзи мисолларда кўриб ўтсак.

Қушлар қаноти ва самолётсозлик саноати

Инсоният мияси самолёт ишлаб чиқариш ҳақида фикрлаётганда кенг фазода қанот қоқиб учаётган қушларни кузатди. Ана шунда самолёт ясаш фикри пайдо бўлди. Қушнинг қанотига ўхшаб енгил, ҳавода тартибли ҳаракат қилиши учун қандай бирикмалардан қанот ясалса экан деган фикрлар бўлди, бундай ғоя бир неча босқични босиб ўтиб самолётсозликка етиб келди. Самолётларнинг ҳажми ва уларнинг қаноти парвоз давомида босиб ўтиладиган масофага мос бўлишига эришилди. Бу эса қушларга тақлид бўлиб, қушнинг қанотлари, ҳажми ҳамда у учиб ўтадиган масофанинг ҳажми бир-бирига ўзаро мутаносибдир. Ушбу расмда дунёдаги энг тезкор қушлардан бўлган лочин ва Нортроп Б-2 қирувчи-бомбардимончи самолёти акс этган.

Нилуфар гулининг сатҳи ва саҳнлар-деворлар меъморлиги

Ботаник олимлар нилуфар гулининг сатҳини (қаърини, тубини, чуқур жойини) электрон микроскоп остида ўрганганларида, гул сатҳининг ўсимлик ҳужайралари геометрик шакллардан иборат бўлиб, муайян шаклда тартиблашганини аниқладилар. Ушбу табиий шакл гулни, унинг сатҳини табиий равишда тупроқлардан халос этади. Шунингдек, ушбу гулнинг баргларига сув тегса ҳам жуда паст сирт намланиши кузатилади. Буни нилуфар ёки лотус эффекти дейилади. Барглар юзасига тушган сув шар шаклидаги томчиларга айланади. Бу томчилар бир вақтнинг ўзида чанг зарраларни ушлайди ва шу билан ўсимлик юзасини тозалайди. Нилуфар ўсимлигидаги бу хусусиятнинг биологик аҳамияти ўсимликни микроорганизмлар, замбуруғлар ва сув ўтлари томонидан эгаллаб олинишидан ҳимоя қилади. Мана шундан олимлар деворлар ва сарой ерларини тупроқлардан ва бошқа ифлосликлардан сақлаш учун гулнинг сатҳига тақлид қилиш фикрини илгари сурдилар. Ушбу эффектни ўрганишнинг амалий йўналишларидан бири супергидрофобик (сув ўтказмас) материаллар ишлаб чиқаришдир.

(Давоми бор)

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Динимизда номаҳрам аёлга қарашдан қайтарилган. Бегона аёлга шаҳват ила боқиш ҳаром. Аллоҳ таоло бандаларига бир ишни қилишни ёки бирор нарсани тановул этишни давоми...

2879 11:16 / 08.09.2021
Пашша горизонтал, вертикал бўйлаб ҳар тарафга уча олади. У қайси тарафга учиш ҳақида сониянинг юздан бир улушида қарор қабул қилади.Мева пашшаси сониясига 200 давоми...

2397 11:02 / 23.10.2020
биринчи мақолаАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .У бандалари устидан мутлақ ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Ниҳоят, давоми...

3471 13:00 / 08.02.2021
Инсон мияси ҳақида Инсон миясининг сатҳини кўриб турибсиз. Олимлар мияни Борлиқдаги кашф этилган нарсаларнинг мураккаброғи деб сифатлайдилар. Миямиз асосан давоми...

3397 14:00 / 10.09.2022