1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намоздаги саҳв саждаси

15:00 / 14.02.2021 3471 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا سَهَا أَحَدُكُمْ فِي صَلَاتِهِ فَلَمْ يَدْرِ وَاحِدَةً صَلَّى أَوْ اثْنَتَيْنِ فَلْيَبْنِ عَلَى وَاحِدَةٍ، فَإِنْ لَمْ يَدْرِ ثِنْتَيْنِ صَلَّى أَوْ ثَلَاثًا فَلْيَبْنِ عَلَى ثِنْتَيْنِ، وَإِنْ لَمْ يَدْرِ ثَلَاثًا صَلَّى أَوْ أَرْبَعًا فَلْيَبْنِ عَلَى ثَلَاثٍ وَلْيَسْجُدْ سَجْدَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يُسَلِّمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз намозида унутиб, бир ракат ўқидими, икки ракат ўқидими, била олмай қолса, бир ракат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракат ўқидими, уч ракат ўқидими, била олмай қолса, икки ракат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракат ўқидими, тўрт ракат ўқидими, била олмай қолса, уч ракат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олсак.

Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳарий ал-Қураший, кунялари Абу Муҳаммад.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу воситаларида саккизинчи бўлиб Исломга кирган, Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган, жаннатга киришларига башорат берилган ўнта саҳобийларнинг бири.

У киши Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати ва бошқа бир қанча ғазотларда иштирок этган, Уҳуд жангида йигирма бир жойидан жароҳатланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаларида Саъд ибн Абу Робеъ билан исломий биродар бўлган, бадавлат ва саҳий саҳоба эдилар.

Бу зот кўп мол соҳиби эдилар. Бир куннинг ўзида ўттизта қул озод қилганликлари ва бир карвонни Аллоҳ йўлида эҳсон этганликлари тўғрисида китобларда ёзилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абдурраҳмон ибн Авф осмонда ҳам, ерда ҳам аминлардандир», деб марҳамат қилганлар.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Ибн Аббос, Ибн Умар, Жобир, Анас ибн Молик, Жубайр ибн Мутъим, Абу Салама, Мусъаб ибн Умайр, ўғиллари Иброҳим ва Хумайд ва тобеъинлардан бир нечалари ривоят қилганлар.

Абдурраҳмон ибн Авф ҳижратнинг 32-йили Мадинада вафот этдилар ва Бақиъ қабристонига дафн қилиндилар.

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ракатларнинг сонини унутиб қўйишнинг уч тури ва шундай ҳолатларда нималар қилиш кераклигини баён этиб бермоқдалар.

Кўриниб турибдики, неча ракат ўқиганини билмай, иккиланиб қолган одам эҳтиёт маъносида оз томонини ушлагани маъқул. Шунда саҳв саждаси қилиш билан камчилик тўғриланиб кетаверади. «Саҳв» сўзи луғатда «унутиш» маъносини англатади.

Намозда маълум бир амаллар унутилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам Ислом енгиллик дини эканлигининг ҳамда Аллоҳ таолонинг мусулмонларга меҳрибонлигининг ёрқин далили ҳисобланади. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқиб ўтирмай, икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан хатосини тўғрилаб олаверади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
276. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бири обид, бошқаси олим икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ давоми...

1134 19:00 / 15.09.2023
. .Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни давоми...

4448 16:10 / 15.01.2019
. .Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳунинг мавлолари Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Муғийра Муовияга.Расулуллоҳ давоми...

1832 14:00 / 07.02.2021
20. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари каттароқ ва товонларининг гўшти оз давоми...

5405 11:02 / 29.10.2018