1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Бадр қудуғининг ҳикояси

11:30 / 22.01.2021 1905 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бадр қудуғи бизларга бадр маъракаси ҳақида сўзлаб беради

Менинг номим Бадр. Жойлашган жойим Макка ва Мадина орасида. Мусофир ва подачилар сувим борлиги учун тез-тез олдимга келишади. Бир куни ўзим шоҳиди бўлган воқеа ҳақида эшитиб қолдим. Бу воқеа Расулуллоҳнинг ҳижратларидан икки йил кейин Рамазон ойининг 17-кунида содир бўлган эди. Бу ҳижрат қурайшликларни жуда ғазаблантирганди. Муҳожирлар ва мадиналик ансорлар биргаликда, бир-бирларини ҳурмат-эҳтиром қилиб яшашлари уларнинг ғазабини янада оширди.

Шундай ҳурмат-эҳтиромга қарамай, муҳожирлар мадиналик ансорларга чўзилиб кетган меҳмондорчиликлардан шикоят қилишди. Чунки улар молларини ва тижоратларини Маккада, курайшликлар қўл остида қолдиришган эди.

Бир куни қурайш тижоратчиларидан Абу Сўфён Шомнинг Дамашқ шаҳридан Маккага келаётганини эшитишди. Улар Маккада қолдирган моллари эвазига карвондаги молларни олишга қарор қилишди.

Бу хабар Маккага етганида, қурайшликларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларга бўлган ғазаби янада кучайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликлар нима қилаётганларини билиш учун Макка ва Тоиф орасидаги йўлга бир қанча мусулмонларни жўнатдилар. Улар икки кишини асирга олиб, учинчисини қатл этишди.

Шу сабабли Макка аҳли мусулмонларни ўлдириш учун урушга отланишди. Улар мингта жангчи туялардан ташқари яна юзта отлиқ билан йўлга чиқишди. Мусулмонлар Мадинада кутиб ўтирмай уларни қаршилашга чиқишди. Мусулмонларнинг сони улардан уч баробар кам ва икки отлиқдан бошқа суворийлар йўқ эди.

Мусулмонлар Бадр қудуғи, яъни менинг олдимга етиб келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аскарларни мендан узоқроққа жойлаштиришни рағбат қилдилар. Лекин саҳобалардан бири менга яқинроқ бўлишни таклиф этди. Чунки мусулмонларга сувдан фойдаланиш мумкин бўлар ва қурайшликларни сувсиз қолдириш имконияти туғиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фикрга қўшилдилар ва мусулмонларни атрофимга жойлаштирдилар. Ёнимда эса сув ичиш ва туяларини суғориш учун бир ҳовузча қуришди.

Қурайшликлар отлиқ аскарлари билан шу ерга етиб келиб, мусулмонларнинг сув атрофида жойлашганини кўришди. Улардан бири мендан сув ичаркан, ҳовузчани бузмоқчи бўлди. Шунда Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Ҳамза чиқиб уни қиличлари билан чопиб ташладилар.

Қадимги одатлардан бири шу эдики, аскарлар тўқнашишидан аввал учта-учтадан жангчи чиқиб яккама-якка уришар эди. Мусулмонлардан тоифлик узумзор эгаси Утба, унинг акаси Шайба ва унинг ўғли Валид чиқишди. Мадиналиклар кофирлар олдига чиқишганда уларни рад этиб, ўлдириш мақсадида маккалик муҳожирларни талаб қилишди. Уларнинг олдига Ҳамза, Алий ибн Толиб ва Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳумолар чиқишди. Шу пайт Абу Жаҳл: «Ҳужум қилинглар, эй Макка аҳли», деб бақирди.

Мусулмонлар душманларнинг ҳужумини кутиб, жойларида собит туришарди. Уруш қизиб кетди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу кофирларнинг сони кўплигини ва қурол-аслаҳаларининг мўллигини кўриб, хавотирга тушдилар ва Расулуллоҳнинг Аллоҳдан дуо қилиб сўрашларини илтимос қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо билан ёлбордилар.

Бир оздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ ва мусулмонларга қарата: «Хурсанд бўлинглар! Албатта Аллоҳнинг ёрдами мусулмонларгадир!», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапни айтаётганларида мусулмонларнинг шижоати кучайиб, душманлари устига қаттиқ ҳужум қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки шижоат билан жанг қилса, Аллоҳ тирикларга ёрдам бериши ва шаҳид кетганлар учун эса Аллоҳнинг жаннати борлиги ҳақида хабар бердилар.

Мусулмонлар ўлимга кучли иймон ва рози бўлган ҳолда тик боришди. Ваҳоланки, кофирларнинг сони мингта, улардан юзтаси отлиқ эди. Мусулмонлар улардан уч баробар кам бўлишига қарамай, бундан қўрқишмасди. Уларнинг қурол-яроқлари ҳам, урушдаги маҳоратлари ҳам кам эди.

Қурол-яроқ ва ботил бир томонда, иймон, шижоат ва ҳақиқат эса яна бир томонда эди.

Агар бирон-бир киши бу воқеаларни кўрганда эди, даҳшатга тушарди. Қурайшнинг обрўли бой ва шижоатли кишиларининг кўпчилиги ўлганидан кейин кофирлар қочишга тушди. Ўлганларнинг орасида Абу Жаҳл ҳам бор эди. Кофирлар мусулмонлардан кўп талофат кўриб, орқага – Маккага чекинишди.

Мусулмонлар Мадинада ғалаба билан, кофирлардан 70 кишини асирга олиб қайтишди. Ўзларидан ўн тўрт киши шаҳид бўлган эди. Бу Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири эди.

Мадина аҳли ғолибларини хурсандчилик билан кутиб олди. Кўпчилик менинг олдимда кечган воқеа фақатгина Аллоҳнинг ёрдами билан бўлиши мумкинлигини тушунгач, Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон келтиришди.

Мусулмонлар асирларга яхши муомала қилишди. Асирлар уйларига қайтиб, бунинг ўрнига фидя тўламоқчи бўлишди. Лекин уларнинг кўпчилиги камбағал эди. Шунда мусулмонлар: «Агар ҳар бирингиз мусулмонлардан ўн кишига ўқиш ва ёзишни ўргатсангиз, уйларингизга қайтишингиз мумкин», деган шартни қўйишди.

Мусулмонларнинг менинг олдимдаги зафарлари биринчи ғалаба эди. Ва бу Ислом йўлидаги биринчи жанглари эди. Менинг ҳақимда Қуръони Каримда зикр этилган. Мен Макка ва Мадина орасидаги кичик бир қудуқман. Менга инсонлар фақатгина сув ичиш учунгина келишарди. Менинг бир томонимда қурол-яроғ ва ботиллик, иккинчи томонимда иймон ва ҳақиқат турар эди. Ҳақиқат қарор топди, ботиллик эса мағлуб бўлди. Чунки ботиллик ҳамиша ҳалок бўлувчидир.

Арабчадан Жаҳонгир Барноев таржимаси

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзи мусулмон асли насаби албан бўлмиш денгиз саркадасининг шуҳрати Ўрта денгиз соҳилида тарқалган даврдан бошланади. Исро ва Меърож кечасида туғилган чақалоққа давоми...

2625 17:00 / 15.06.2021
Жангчи давлат арбоби бўлиши шарт эмас. Сиёсатнинг ўз ҳисоби бор. Жангни моҳирлик билан бошқарадиганлар ҳамма вақт ҳам давлатни моҳирлик билан бошқара олишмайди. давоми...

1571 13:00 / 16.12.2021
Шаввол ойида Исломни ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш мақсадида барча Ислом душманлари уюшиб жам бўлди. Қурайш, Ғатафон ва бошқа қабилалар тўпланиб, давоми...

1435 11:00 / 24.02.2021
Ҳижрий тўққизинчи йил .элчилар йили, номини олган, чунки асосан шу йили турли қабилаларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, давоми...

1488 17:00 / 02.08.2022
Аудиолар

120894 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42462 14:35 / 11.08.2021