Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (119-дарс). Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади

13:00 / 16.01.2021 5261 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олтинчи офат – масхара ва истеҳзо.

«Масхара» сўзи луғатда «бировни ҳақир – паст санаш» ва «хор билиш» маъноларини англатади.

Уламолар масхарани қуйидагича таърифлайдилар:

Муновий: «Масхара маънавий жиҳатдан ақлни паст санаш ва ҳиссий жиҳатдан ишни хор санашдир», деган.

Ибн Камол: «Масхара – масхара қилинганнинг наздида арзийдиган ва масхара қилувчининг наздида арзимайдиган нарсадир», деган.

Масхара қилиш – пастга уриш, хорлаш йўли ила бировнинг айбини кулгига олишдир. Гоҳида гап ва амалга тақлид қилиш билан, имо-ишора ёки лақаб қўйиш билан ҳам масхара бўлиши мумкин. Масхара ва истеҳзо қилиш динсиз, мунофиқ ва кофирларга хос сифатдир.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

 وَلَقَدِ اسْتُهْزِئَ بِرُسُلٍ مِّن قَبْلِكَ فَحَاقَ بِالَّذِينَ سَخِرُوا مِنْهُم مَّا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِؤُون۝

«Батаҳқиқ, сендан олдинги расуллар ҳам истеҳзо қилинганлар. Бас, уларни масхара қилганларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олди» (41-оят).

Пайғамбарларни истеҳзо қилган кофирларга азоб тушди. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ азобга дучор бўлдилар. Сени масхара қилаётганлар ҳам, вақт ғаниматлигида эсларини йиғиб, тавба қилмасалар, аввал бу дунёда, кейин у дунёда азобга учрайдилар. Чунки уларни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқ.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

 الَّذِينَ يَلْمِزُونَ الْمُطَّوِّعِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ فِي الصَّدَقَاتِ وَالَّذِينَ لاَ يَجِدُونَ إِلاَّ جُهْدَهُمْ فَيَسْخَرُونَ مِنْهُمْ سَخِرَ اللّهُ مِنْهُمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ۝

«Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўлажак» (79-оят).

Қуръони Каримда мўмин-мусулмонлар бировни мас­­хара ва истеҳзо қилишдан қайтарилган.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَومٌ مِّن قَوْمٍ عَسَى أَن يَكُونُوا خَيْرًا مِّنْهُمْ وَلَا نِسَاء مِّن نِّسَاء عَسَى أَن يَكُنَّ خَيْرًا مِّنْهُنَّ

«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасинлар), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир» (11-оят).

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.

عَنْ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : إنَّ الْمُسْتَهْزِئِينَ بِالنَّاسِ يُفْتَحُ لِأَحَدِهِمْ فِي الْآخِرَةِ بَابٌ مِنْ الْجَنَّةِ فَيُقَالُ لَهُمْ: هَلُمَّ، فَيَجِيءُ بِكَرْبِهِ وَغَمِّهِ، فَإِذَا جَاءَ أُغْلِقَ دُونَهُ، فَمَا يَزَالُ كَذَلِكَ حَتَّى إنَّ أَحَدَهُمْ لَيُفْتَحُ لَهُ الْبَابُ مِنْ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ فَيُقَالُ لَهُ: هَلُمَّ، فَمَا يَأْتِيهِ مِنَ الْإِيَاسِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларни масхара қилувчиларнинг бири учун жаннатдан бир эшик очилади. Бас, унга: «Бу ёққа кел», дейилади. У ғам-ғуссаси ила келганида эшик ёпилади. Бу ҳол улардан бирига жаннатдан эшик очилиб, «Бу ёққа кел», дейилганда ноумидликдан келмайдиган бўлгунича давом этади», дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Масхаранинг зарарлари:

1. Масхара Аллоҳ таолонинг амрига очиқ хилофдир.

2. Масхара Аллоҳ таолонинг азобига сабаб бўлади.

3. Масхара инсон ҳуқуқини очиқ-ойдин бузишдир.

4. Масхара қалбни ўлдиради ва ғафлатга сабаб бўлади.

5. Масхара кофир ва мунофиқларнинг сиймосидир.

6. Масхара шариат ҳаром қилган ишдир.

7. Масхара Аллоҳ таолонинг зикрини эсдан чиқаради.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандаларни Ўзи яратган барча нарсалардан, ҳаттоки осмонда учиб юрган қушлардан ҳам ибрат олишга буюради .Устиларида қанот ёйиб ва йиғиб давоми...

1345 19:00 / 26.07.2025
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро кунининг рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида, баъзи хабардор давоми...

2660 16:00 / 09.12.2018
Билимсиз равишда фатво бераётганлар қанчалар кўп. .Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан,, .Ароқни ичиш эмас, маст бўлиб кўчада тўполон қилиш ҳаром экан,, .У экан, бу давоми...

5170 16:00 / 22.05.2021
86. Вафот этганингда quotЖасад қаердаquot дейишади. Жаноза намози асносида quotЖанозани олиб келингларquot дейишади. Дафн этишаётганда quotМаййитни олиб келингларquot давоми...

5758 10:13 / 22.03.2017