1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

У қиёмат куни «Лаббайка» айтиб тирилади

15:00 / 13.01.2021 3552 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эди. У уловидан йиқилиб тушиб бўйни синиб вафот этди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни сув ва сидр билан ювинглар. Иккита кийимда кафанланглар. Унга хушбўйлик ишлатманглар, бошини ёпманглар. У қиёмат куни лаббайка айтиб тирилади!», дедилар.

Ҳар замонда «фалончи саждада вафот қилибди», «пистончи рўза ҳолида вафот қилибди», «фалончи фақирга садақа бераётиб жон берибди», деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу ишлар тасодиф эмас. Бу ишлар хизматнинг ниҳоясидаги мукофот. Ким қандай ва нима асосида яшаса шу асосга кўра ўлади.

Аммо билишимиз лозимки, гўзал хотима дегани фақатгина инсоннинг саждада вафот қилиши ёки рўза тутган ҳолда ўлиши, садақа бераётиб ўлиши ёки ҳажда ўлиши эмас. Гўзал хотима бу ўлим келганида намозларни тарк қилган ҳолатда бўлмаслигинг, рўзадан қазоларинг бўлмаслиги, садақа ва закотлардан бахиллик қилмаган бўлишинг, қодир бўла туриб ҳажни ортга суриб юрган бўлмаслигингдир.

Демак, Аллоҳнинг амрини қоим қилиб турган ҳолида вафот этган кишининг хотимаси гўзал ҳисобланади.

Гўзал хотима бу — ўлим келганида гарданингда бировнинг ҳаққи бўлмаслиги, ака-укаларинг меросини эгаллаб олмаган бўлишинг, инсонларни обрўсига тажовуз қилмаган ҳолда бўлишинг, ғийбат билан уларнинг гўштини емаган бўлишингдир!

Гўзал хотима бу — ўлим келганида қўшниларинг сенинг жаврингдан омонда бўлишлари, тенгдошларингга қалбинг ва тилинг билан юмшоқ муомалада бўлишинг, ота-онангга хорлик қанотларини паст қилган ҳолатда бўлишинг, қариндошларинг билан силаи-раҳмни узмаган ҳолда бўлишинг, хотининг билан гўзал муомалада бўлишинг, фарзандларингни диёнатидан ташвишда бўлишингдир!

Гўзал хотима бу — қандай ўлишинг эмас, қандай яшашингдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўшакда вафот этдилар. Аммо у зот гўзал хотима топдилар.

Умар розияллоҳу анҳуни чавақлашди. Аммо у зот гўзал хотима топдилар.

Усмон розияллоҳу анҳуни сўйишди. Аммо у зот гўзал хотима топдилар.

Али розияллоҳу анҳуга ханжар суқишди. Аммо у зот гўзал хотимага эришдилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу вабодан вафот этдилар. Аммо у киши гўзал хотима топдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу юзлаб жангларда иштирок қилдилар. Лекин тўшакда вафот этдилар. Аммо гўзал хотима топдилар.

Гўзал хотима бу — фақатгина Аллоҳ йўлида ўлиш эмас, балки Аллоҳ йўлида яшаш ҳамдир!

Автоҳалокатда вафот этган киши эҳтимол тасбиҳ айтиб кетаётгандир. Инфаркт билан ўлган киши ўша онда фақирга садақа олиб бораётгандир.

Биз инсонларни жаннатга ва дўзахга тақсимлашга масъул эмасмиз.

Аллоҳдан гўзал хотима сўрайлик!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин давоми...

5461 05:00 / 03.03.2017
Бир нарсага ҳирс қўйиш унга қаттиқ муҳаббат қўйиб маҳкам ёпишиб олиш ила бўлади. Ҳирс асосан молу дунё, мансаб ва обрўга қўйилади. Чексиз умид эса инсон ўзига давоми...

2814 05:00 / 02.03.2017
Бутун дунё мусулмон уламолар кенгашининг ёш болаларни шол бўлишига қарши эмлаш ҳақидаги баённомаси.Аллоҳга ҳамд, унинг росули, оиласи ҳамда саҳобаларига давоми...

3258 05:00 / 01.03.2017
Бу маънодаги тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир. Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг расули, давоми...

2803 05:00 / 02.03.2017